Жаҳон | 15:59 / 10.08.2023
16265
6 дақиқада ўқилади

Фронтда дрон овлаётган жангчилар ва тўхтовсиз ўққа тутилаётган Донецк. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 532-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Москва мэри Сергей Собянин 9 август куни Москвага киришда икки жанговар дрон уриб туширилганини маълум қилди.
  • Сергиев Посадда Загорский оптика-механика заводи яқинида кучли портлаш рўй берди. Фавқулодда хизматлар портлашга дрон зарбаси сабаб бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган. 60 киши яраланган, бир киши ҳалок бўлган, 12 киши бедарак кетган.
  • Белгород областидаги Горьковский посёлкаси ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди.
  • Россия қўшини Запорижжя бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Уч киши ҳалок бўлган.
  • Путин Россияда ҳарбий ҳолат жорий этилиши ва бекор қилиниши ҳақида Европа Кенгашини хабардор этмаслик бўйича таклиф берди.
  • Эрдўған ғалла битимини «кенгайтирилган миқёсда» давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.
  • АҚШ бошқа мамлакатларга украин пилотларини F-16 қирувчиларини бошқаришга ўргатишга рухсат берди.
  • Москва биржасида евро курси 107 рублдан ошди. Доллар курси 98 рублга етган.
  • Россия ФХХ аннексия қилинган Қримдаги газ қувурини портлатишни режалаштирган россиялик қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Москва областидаги ҳарбий заводда портлаш

9 август тонгида Москва яқинидаги Сергиев Посад шаҳрида, Загорский оптика-механика заводига туташ ҳудудда портлаш рўй берди. 60 киши жароҳат олган, бир аёл шифохонада жон берган, 12 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Завод атрофида жойлашган 20 та кўп квартирали уйларда портлаш тўлқини дераза ойналарини синдириб юборган.

ТАСС фавқулодда хизматларга таяниб хабар беришича, заводдаги бинолардан бирини ижарага олган «Пиро-Росс» компаниясининг пиротехника маҳсулотлари портлаган. Фавқулодда хизматлар ҳодисага дрон зарбаси эмас, балки «технологик жараёнлар бузилиши» ва «инсон омили» сабаб бўлганини қайд этган. Шу билан бирга воқеа жойида 122 миллиметр калибрли снарядлар корпусига ўхшаш предметлар кўзга ташланган. 

«Агентство» нашри хабар беришича, Загорский оптика-механика заводи янги авлоддаги бомбардимончи самолёт ишлаб чиқилишида иштирок этмоқда. Москва области губернатори Адрей Воробьев заявил, заводнинг оптикага алоқаси йўқлиги ва у ерда анчадан буён пиротехника ишлаб чиқарилишини айтган. Тергов қўмитаси саноат хавфсизлиги талабларини бузиш моддаси билан жиноят иши очган. «Пиро-Росс» компаниясида тинтув ўтказилган, техник директор қўлга олинган.

Сергиев Посаддаги Загорский оптика-механика заводи ҳудудидаги портлашдан кўтарилган тутун
Загорский оптика-механика заводига кириш жойида кўча супураётган киши
Reuters / Scanpix / LETA
Сергиев Посаддаги портлаш рўй берган жойда шикастланган бинонинг кўриниши
Reuters / Scanpix / LETA

Донецк ўққа тутилиши

Аннексия қилинган «ДХР»га Кремл томонидан тайинланган раҳбар Денис Пушилин 9 август куни Украина ҚК Донецкни ўққа тутгани ҳақида хабар берди — унинг маълумотларига кўра, Донецкнинг снаряд келиб тушган Петровск районида тўрт ёшли қизча ҳалок бўлиб, яна тўрт киши яраланган. Пушилиннинг сўзларига кўра, 9 август куни тонгдан Донецк шаҳрининг Киев, Киров ва Петровск районлари ҳамда Ҳорливка шаҳри артиллерия зарбалари остида қолган. Жами олтита турар жой биноси ва мактаб биноси шикастланган.

8 август куни кечқурун «ДХР» раҳбари Донецк «Украинанинг қуролланган тузилмалари томонидан» интенсив равишда ўққа тутилиши оқибатида уч киши ҳалок бўлганини хабар қилганди. Пушилиннинг баҳолашича, 8 август куни шаҳарнинг Киев, Ворошилов ва Куйбышев районларида зарбалар оқибатида 11 киши яраланган, улардан бири 2012 йилда туғилган бола бўлган. Бундан ташқари, Киев районида снарядлардан бири автомобил устига тушган. Ҳайдовчи ва икки киши яраланган. Украина томони бу баёнотлар юзасидан изоҳ бермаяпти.

Донецк аҳолиси вакиллари уй вайроналари остидан ўз буюмларини қидирмоқда
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Донецк ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган аёл ва бола жасади
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украина ҚК аскарлари кузатув пунктида осмондан дрон қидирмоқда

Донецк областининг шаҳар типидаги Ню-Йорк номли посёлкаси устида қора тутун. Урушга қадар бу ерда 10 мингга яқин киши яшаган, ҳозирга келиб мингга яқин киши қолган. Шаҳар мунтазам равишда Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилади.
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
24-алоҳида механизациялашган бригаданинг «Рава» чақирув белгили аскари Ню-Йорк посёлкаси атрофидаги олдинги позицияга йўл олмоқда
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Ню-Йорк посёлкаси атрофидаги олдинги чизиқда навбатчилик қилаётган қирол Данил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригада ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари позицияси.
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Қирол Данил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригада жангчилари ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг Ню-Йорк атрофидаги позициясида осмонни кузатмоқда
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Қирол Данил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригада ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг Константиновкадаги позицияси ўққа тутилиши вақтида яширинаётган украин аскари
Wojciech Grzedzinski / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид