Жамият | 16:05 / 10.08.2023
49500
7 дақиқада ўқилади

“Ўз соҳамда энг кучли мутахассис бўлишни хоҳлайман” – Сенат сайтини бузиб кирган 15 ёшли ҳакер билан суҳбат

Сенат сайтини бузиб кириб шов-шув бўлган 14-15 ёшли болалар дарсдан ташқари вақтларида Ўзбекистон киберхавфсизлик марказида ишлайди. Улар яқинда Озарбойжонда ўтказилган киберхавфсизлик мусобақасида 1-ўринни эгаллаб қайтди. Гуруҳ сардори Азизбек бу соҳани 10-11 ёшидан ўрганишни бошлаб, 14 ёшида кибернетикка айланди. У буни қандай уддалаганини Kun.uz’га гапириб берди.

Ўзбекистонлик 14-15 ёшли ўсмирлар 24-29 июлда Озарбойжонда ўтказилган киберхавфсизлик мусобақасида 1-ўринни эгаллаб қайтди. Бу болалар аслида сизга нотаниш эмас. Улар бироз олдинроқ Сенат сайтини бузиб кириб, шов-шув бўлганди. Ўшанда яхшигина муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа ортидан болалар бугун Ўзбекистон киберхавфсизлик марказида ишлаяпти.  Улар дарсдан ташқари бўш вақтини шу марказда ўтказмоқда. Гуруҳ сардори Азизбек киберхавфсизлик соҳасини 10-11 ёшидан ўрганишни бошлаган. Азизбек буни қандай уддалади, киберхавфсизлик соҳасида яхши мутахассис бўлишни нимадан бошлаш керак? Шу каби саволларга жавобни унинг ўзидан эшитамиз.

– Ҳозир 15 ёшдасиз ва Ўзбекистон киберхавфсизлик марказида ишлаяпсиз. Бу соҳага қизиқишингиз неча ёшдан бошланган?

– Бошида дастурчи бўлишни орзу қилгандим. Шу учун 2019 йил карантин бошланмасидан олдин, яъни 11-12 ёшимда дастурлаш тилларини ўрганишни бошлагандим. Орадан 1 йил ўтгач Ўзбекистонда дастурчилар ҳам кўпая бошлади. Дастурчи бўлиб ишга кириш ҳам қийинлашиб қолди. Ҳамма IT'ни ўрганишни бошлаганди. Менга эса ҳеч ким танламаган, қийинроқ йўналиш қизиқ эди. Ва бу ахборот хавфсизлиги бўлган. Шундай қилиб соҳага кириб келганман. Киберхавфсизлик Ўзбекистонда ҳали ривожланмаган, ҳеч қаерда ўргатилмайди, курслар ҳам йўқ эди.

– 10-12 ёшда болалар нимага қизиқишини аниқ тушуниб олмаган бўлади. Сиз қандай қилиб ҳали кичик ёшда нимага қизиқишингизни аниқлай олгансиз?

– Кичиклигимдан айнан шу соҳага оид кинолар кўп кўрганман. Чет давлатлардаги ахборот хавфсизлигига оид киноларни кўриб, бу соҳага қизиқиш ортган. Ва ўзимга керакли маълумотларни топишни бошлаганман.

– Бошланишида қандай маълумотлар топиб ўргангансиз?

– Интернет ўзи очиқ манба. Ўрганаман десангиз, ҳар қандай маълумотни топа оласиз. Фақат қизиқиш юқори бўлиши керак. Бошида нафақат уйдагиларим, балки Ўзбекистондагиларнинг ҳам кўпи киберхавфсизлик ҳақида кўп нарса билишмасди, тушунишмасди. Ўша пайтда ўзимнинг соҳамда кўп ишлатиладиган тилларни, сўзларни ўрганиб олганман. 2 йил давомида тўхтамай ўрганганман. Қанча ўрганганим сари кўп нарса билмаслигим аниқ бўлиб бораверади. Муҳими қизиқиш бўлиши керак.

– Кучли кибернетик бўлиш учун қизиқишдан ташқари яна қандай хусусиятлар бўлиши керак?

– Диққатни бир жойга жамлаш. Ҳар хил вазиятда тез қарор қабул қилиш. Бу соҳада бир марта ўқилган маълумотни тушунмай қолиш мумкин. Шунинг учун битта берилаётган билимнинг ўзини 10-15 марта ўқишга тўғри келади. Лекин бошида ўқиган нарсангизни билимларнинг ўртасига келганда ўқиганингизда у анча осонроқ туюлади. Бу соҳада ҳар доим янги билимлар чиқиб тураверади.

– Киберхавфсизликнинг ўзи нима эканини қисқа ва аниқ қилиб тушунтириб бера оласизми?

– Киберхавфсизлик ўзимизнинг шахсий маълумотларимизни ёки 2 киши ўртасидаги маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Масалан, галереямиздаги бировга ошкор қилиб бўлмайдиган маълумотларимиз, фотосуратлар кабиларнинг тарқалиб кетмаслигини таъминлаш. Бу давлат маълумоти ҳам бўлиши мумкин.

– 2022 йилда Сенатнинг веб-сайтини бузганларингиз шов-шув бўлиб кетди. Шундан кейин ҳаётингизда нималар ўзгарди?

– Сенат сайтининг хавфсизлиги пастлиги, заифлик мавжудлиги ҳақида айтганмиз. Эътибор қилинмагани учун бузиб кўришни хоҳлаганмиз. Шундан кейин бузиш хато экани, бу билимни яхшиликка ишлатиш кераклигини бизга тушунтиришган. Бузиш фақат ёмонликка олиб келади. Каналимизда ҳамма маълумотларимиз бор эди, шу орқали бизни топишди. Кейин Киберхавфсизлик маркази ҳаммамизни йиғиб, марказ қошида клуб ташкил қилди.

– Сенат сайтини гуруҳ бўлиб бузганмисизлар?

– Ҳа, шундай бўлган. Ўзим тенги ўртоқларим бор, улар ҳам шу соҳани қизиқиб, мустақил ўрганишган. Ҳозир 14-15, ҳатто 12 ёшли кибернетик ҳам бор орамизда. Бир-биримиз билан билимларимизни алмашамиз. Ҳаммамиз виртуал оламда танишганмиз.

– Озарбойжондаги мусобақа қандай ўтди, қандай шартлар асосида беллашдингиз?

– Киберхавфсизлик маркази қошидаги клубда бизга ҳамма шароитларни қилиб беришган. Шу клуб аъзоси сифатида топаётган заифликларимизни ёмон йўлга эмас, эгаларига етказиб тўғри мақсадда ишлатамиз. Марказ буни Озарбойжондаги киберхавфсизлик бўйича ёшлар лагерига жўнатди. Ўзимиз тенгилар билан фикр алмашдик, профессионаллардан билимлар ўргандик. У ерда 6 давлатдан иштирокчилар бор эди. Озарбойжон, Туркия, Исроил, Туркия, Сингапур, Қирғизистон ва Ўзбекистон.

Охирида CТФ мусобақаси ўтказилди ва 125 бола ўртасида биринчи ўринни эгалладик. Бунда битта тизим берилади, ўшани бузиб, маълумотни олиш керак.

– Киберхавфсизлик соҳаси бозори нима дейилади ва ундан қандай даромад олса бўлади?

– Бизнинг соҳамизнинг бозори Bug Bounty дейилади. Яъни йирик-йирик компаниялар сайтидаги камчиликларини топганларга мукофот берилади. Масалан, Google, Facebook, Аpple кабиларда бу бор. Улардан камчилик топиб, Bug Bounty платформаси орқали ўзларига видео қилиб хабар берсангиз, заифлик таъсирига қараб пул тўлашади. Гуруҳимиз аъзоси Аlibaba'дан топган заифлиги учун 1000 доллар, ўзим Apple'дан 200 доллар олганман. Бу миқдор компания обрўсига қанчалик таъсир қилишига қараб ўзгаради. Applе ўзининг пинкодини бузиб кира олган ҳакерга 1 миллион доллар ваъда қилган.

– Бугун ривожланиб бораётган сунъий интеллект инсон учун келажакда қанчалик хавфли ёки хавфсиз деб ўйлайсиз?

– Сунъий интеллект инсонларининг ишини енгилаштириш учун ўйлаб топилган. Лекин ундан фирибгарлик учун ҳам фойдаланишяпти. Мисол учун овоз ўзгартириш ёки оддий одам юзини бошқа видеога қўйиш кабилар билан шантаж йўлида ҳам фойдаланишади. Лекин сунъий интеллектдан қанақадир бузғунчилик учун ёрдам беришини сўрасангиз, биз ҳар қандай хавфли даражадаги бузғунчи ғояларни қўллаб-қувватламаймиз деб жавоб беради.

– Келажакдаги режаларингиз қанақа?

– Озарбойжондаги натижадан кейин тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ. Энди яна ҳам халқаро даражадаги танловларда қатнашиш ва халқаро кучли-кучли мутахассислардан билим олиш, уларга шогирдликка тушишни хоҳлайман. Умуман олганда, киберхавфсизлик соҳасида энг кучли мутахассис бўлиш асосий мақсадим. Чунки киберхавфсизлик мутахассиси дастурчидан 2 баробар ақлли дегани. Яъни дастурчи дастур тузса, уни ўрганиб заифлик топиш бу дастурчидан ақлли бўлишни талаб қилади.

Суҳбат охирида Ўзбекистондаги мактабларда ҳам робототехника ўргатилса, фан сифатида қўшилишини хоҳлашимни айтмоқчиман. Ҳеч бўлмаса бошланғич билимларни олишса ҳам, кейинчалик шу соҳада кўпроқ мутахассислар чиқади.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид