Спорт | 17:16 / 10.08.2023
29356
2 дақиқада ўқилади

Раньери Шомуродовнинг асосий таркибда ўйнамаётгани сабабини айтди

Италияда янги мавсум старт олиши арафасида Клаудио Раньери «Кальяри» ҳужум чизиғидаги ҳолат ва Элдор Шомуродов ҳақида фикрини билдирди.

Фото: Getty Images

Мавсумнинг дастлабки расмий ўйини саналмиш Италия кубоги 1/32 финал босқичи доирасидаги «Палермо»га қарши ўйин олди матбуот анжуманида Раньери ўзбекистонлик ҳужумчи жамоага мослашаётганини маълум қилди.

«Элдор Шомуродовда ҳаммаси жойида, у жамоага мослашишда давом этмоқда. Лападула жароҳат сабабли сафдан чиққани сабабли ҳозирда менда фақат битта ҳужумчи бор – Паволетти. Яъни, танлов катта эмас. Шомуродов тайёр, аммо у яхши мослашиб олиши керак. Тез орада у 100 фоизга тайёр бўлади», - дея италиялик мураббийнинг сўзларини келтирган TuttoCagliari.

Эслатиб ўтамиз, 28 ёшли ҳужумчи «Комо»га қарши ўртоқлик ўйинида (2:1) захирадан майдонга тушган бўлса, «Брест» билан Франциядаги баҳсда (1:1) захирада қолдирилди. 

Аввалроқ, кальяриликларнинг ўтган мавсумдаги энг яхши голеадори Жанлука Лападула тиззасидан жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққани маълум қилинганди.

Маълумот учун, «Кальяри» - «Палермо» ўйини 12 август, шанбадан якшанбага ўтар кечаси соат 00:15да бошланади.

Мавзуга оид