Ўзбекистон | 20:30 / 11.08.2023
7853
2 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси халқаро ташкилотга аъзо бўлди 

Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси Ўзбекистон Пенсия жамғармасининг ташкилотга аъзо бўлиш учун берган аризасини тасдиқлади. 

Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси Бош Aссамблеяси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилотга аъзо бўлиш учун берган аризасини тасдиқлади. 

1927 йил ташкил этилган Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш бўйича етакчи ташкилотдир. У ўз сафида 160 мамлакатдан 320 га яқин миллий ижтимоий таъминот институтларини бирлаштиради. Ижтимоий соҳада қатор халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва соҳага оид бошқа муассасалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. 

Қайд қилинишича, ассоциацияга аъзоликнинг ижобий томонлари: ижтимоий таъминотни бошқаришда тан олинган стандартларга кириш ва халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясига аъзо мамлакатлар ҳудудида мигрантларнинг ижтимоий ҳимоя таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш. 

Шунингдек, Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг ижтимоий соҳада мукаммаллик сертификатини олиш учун халқаро кўрсатма ва яхши амалиёт ечимларини ўрганиш ташкилотнинг асосий қадриятларига киритилган. 

Мавзуга оид