Ўзбекистон | 07:47 / 11.08.2023
6841
2 дақиқада ўқилади

Қўйлиқ бозорида ППХ ходимига отвёртка билан жароҳат етказган шахс ушланди

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси томонидан пойтахтда патрул-пост хизмати ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган шахс қўлга олинди.

Фото: milliygvardiya.uz

Тошкент шаҳар ИИББ патрул-пост хизмати ходими Х.И. 5 август куни Қўйлиқ бозорида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда скутерда бозор бўйлаб ҳаракатланаётган фуқарони тўхтатган.

Миллий гвардия хабарига кўра, фуқаро патрул-пост хизмати ходимининг қонуний талабига агрессив муносабатда бўлиб, ёнида бўлган отвёртка билан ҳуқуқ-тартибот ходимининг бел соҳасига уриб воқеа жойидан яширинган.

Қўйлиқ бозори ҳудудида жамоат тартибини таъминлашга масъул бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси воқеадан хабар топиб, ушбу шахсни қўлга олиш чораларини кўрган.

Бир неча дақиқадан сўнг, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси гумонланувчи фуқарога етиб олиб, уни қўл жанги услуби билан қуролсизлантирган ҳолда қўлга олган ва Бектемир туманининг 4-сонли ички ишлар бўлимига олиб бориб топширган.

Олиб борилган дастлабки суриштирув давомида ушбу шахс Самарқанд вилоятида туғилган 47 ёшли фуқаро экани, илгари оғир ва ўта оғир жиноят содир этгани учун бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилгани ва 2016 йилда озодликка чиққани маълум бўлган.

Ушбу ҳолат бўйича ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми ("Безорилик") бўйича жиноий иш қўзғатилган. Фуқаро гумонланувчи сифатида процессуал тарзда ушланган.

Жабрланган ходим ҳозирда шифохонада, шифокорлар унинг аҳволини қониқарли деб баҳоламоқда.

Мавзуга оид