Ўзбекистон | 06:41 / 13.08.2023
52916
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг 5 та тўсини қулаб тушди

Тошкентда аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини бир вақтнинг ўзида қулаб тушди. Бунга эҳтиётсизлик сабаб бўлгани маълум қилинди. Гувоҳлар бетон конструкциялар қулаши оқибатида кучли шовқин эшитилганини айтишган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти яқинида эҳтиётсизлик оқибатида йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулаб тушди. Гувоҳлар бетон конструкциялар қулаши оқибатида кучли шовқин эшитилганини айтишган. «Ўзбекистон темир йўллари» ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, ҳолат 12 август куни Тошкент шаҳар ҳокимияти «Ягона буюртмачи хизмати» ИК буюртмачилигида «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилаётган Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Бобур кўчасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ва Содиқ Толипов кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи йўл ўтказгични замонавий қурилиш стандартлари асосида қайта қуриш объектида содир бўлган.

Темир-бетон оралиқ қурилмаларини (балка) кран ёрдамида монтаж қилиш жараёнида эҳтиётсизлик оқибатида бир-бирига урилиб, 5 дона балка монтаж жойидан тушиб кетган.

Балкалар асосий йўл эмас, балки вагон депосига тегишли шохобча йўлига тушган бўлиб, бу ҳолат поездлар қатновига таъсир қилмаган.

Воқеа оқибатида жабрланганлар йўқ. Тафсилотлар ўрганилаётгани, текширишлар натижасида батафсил маълумот берилиши айтилган.

Мавзуга оид