Жаҳон | 08:12 / 14.08.2023
5303
2 дақиқада ўқилади

ЭКОВАС парламенти Нигерга воситачиларни юбориш ниятида

Ғарбий Африка иқтисодий ҳамжамияти парламенти аъзоларининг аксарияти Нигер ишларига эҳтимолий ҳарбий аралашувга қарши. 

Фото: REUTERS/Mahamadou Hamidou

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) парламенти Нигерга тўнтариш уюштирганлар билан музокаралар олиб бориш учун воситачилар гуруҳини юбориш ниятида. Тегишли қарор парламент депутатлари томонидан 12 август, шанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари виртуал йиғилишда қабул қилинди, деб хабар беради Voice of Nigeria.

Парламент ЭКОВАСга раислик қилувчи Нигерия президенти Бола Тинубу билан Нигерга боришга рухсат олиш учун учрашишни режалаштирган қўмита тузди, дея хабар бермоқда Reuters ҳамжамият вакилига таяниб. 

ЭКОВАС мамлакатлари бостириб киришга тайёр 

10 август куни Нигерия пойтахти Абужада бўлиб ўтган махсус ЭКОВАС саммитидан сўнг ҳамжамиятга аъзо давлатлар Нигердаги вазиятга дипломатик ечим топишга чақирди. Шу билан бирга, улар мамлакатда конституциявий тузумни тиклаш мақсадида эҳтимолий ҳарбий аралашув учун жавоб кучлари киритилишини эълон қилди. Ҳарбий операция вақти ва унинг тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас. 

Нигерда ҳокимиятни қўлга олган ҳарбий хунта ҳозиргача ЭКОВАС расмий делегацияларини қабул қилишдан бош тортиб келяпти. AFP агентлигининг 12 август куни хабар беришича, ҳамжамият таркибига кирувчи Нигериядан мусулмон диний етакчилардан иборат делегация мамлакат пойтахти Ниамейга етиб келган. 

Нигердаги ҳарбий тўнтариш 

Июл охирида Нигерда ҳарбий тўнтариш уюштирганлар ҳокимиятни эгаллаб олди. Тўнтаришдан кейин Ғарбий Африкадаги ушбу давлатнинг аъзолигини тўхтатган ЭКОВАС ташкилоти ва бир қатор ғарб давлатлари исёнчиларни ҳокимиятни демократик йўл билан сайланган президент Муҳаммад Базумга қайтаришга чақирди. Шу билан бирга, ЭКОВАС аъзоси бўлган давлатлар, юқоридаги талаб рад этилган тақдирда, хунтага ҳарбий аралашув билан таҳдид қилди. 

Voice of Nigeria хабарига кўра, ЭКОВАС парламентидаги муҳокамалар чоғида депутатларнинг аксарияти Нигер ишларига эҳтимолий ҳарбий аралашувга қарши чиқди. Бошқалар эса ҳарбий тўнтаришларга қарши туришга чақирди. 

Мавзуга оид