Жаҳон | 16:33 / 14.08.2023
19093
15 дақиқада ўқилади

«IT-секторига берилган онгли зарба» – Россиялик дастурчи Иля Сачков давлатга хиёнатда айбланиб 14 йилга қамалди

Россиядаги киберхавфсизлик билан шуғулланувчи Group-IB компанияси асосчиси Иля Сачков суд томонидан давлатга хиёнатда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. ФСБ версиясига кўра, Сачков хорижий махсус хизматларга давлат сири бўлган маълумотларни берган. Бу иш икки йилдан буён олиб борилмоқда ва гап қандай маълумотлар ҳақида кетаётгани аниқ эмас. Иш материаллари махфий.

Фото: RBC/TASS

Сачков ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмайди. Сўнгги сўзида ҳам буни яна бир бор такрорлади. BBC рус хизмати кибержиноятларга қарши курашган дастурчининг «жосуслик иши» қандай кечгани, Сачковнинг ўзи қўлга олинишида кимни айблаши ҳақида ҳикоя қилди.

«Москва-Сити»даги базм

«Менга қарши ишнинг давлатга умуман алоқаси йўқ, бу ўзим билан боғлиқ. Баъзи одамларга кибержиноятчилик билан курашганим халақит берган кўринади. Айтишларича, қўлга олинганимдан кейин ҳакерлар гуруҳи «Москва-Сити»да базм уюштирган», деганди Сачков 2022 йил ўз устидан очилган жиноят ишини изоҳлар экан.

Бу гапларни адвокати орқали оммага етказганда Сачков саккиз ойдан буён тергов қамоқхонасида эди. Уни 2021 йил сентябр ойида қўлга олишади. Ўшанда Group-IB офисига ниқобдаги ва фуқаролик кийимидаги одамлар тинтув ўтказиб, у ердаги нарсаларни олиб кетишган.

Сачков ва адвокатлари ҳукм ўқилиши чоғида. Фото: Москва шаҳар суди

ОАВда машҳур дастурчи қўлга олиниши бўйича турли тахминлар илгари сурила бошлади. Forbes'нинг ёзишича, Сачковнинг яқинлари унинг қўлга олинишини Evil Corp. гуруҳи раҳбари Максим Якубецни омма олдида танқид қилгани билан боғлайди. Evil Corp. 2019 йилдан буён АҚШ санкция рўйхатида туради. Америка ҳукумати маълумотларига кўра, бу гуруҳ ҳакерлари 40 дан ортиқ давлатлардаги одамлар, банклар ва корхоналардаги компютерларни Dridex вируси билан зарарлаш орқали 100 миллион доллардан ортиқ пул ўғирлаган.

2020 йил Россия бош вазири Михаил Мишустин мамлакатдаги IT-мутахассислар билан учрашув ўтказади. Ўша учрашувда сўзга чиққан Сачков Россия ҳукуматини кибержиноятлар билан курашишда сусткашликда айблаб, мисол сифатида айнан Якубецни келтиради.

«Мен ватанпарвар инсонман. Шундай экан, уни танқид қилсам, фақат ватанга меҳримдан деб билинг. Биринчи айтмоқчи бўлганим – Россиянинг дунёдаги кибержиноятлар ва киберхавфсизликка нисбатан бўлган риторикаси. Москва кўчаларида рақамига ВОР (ўғри – тарж.) деб ёзиб юрадиган жаноб Максим Якубец компютер жиноятчиси, Duridex вируси асосчиси эканини дунёдаги ҳамма инженер биладиган бир вақтда Россиядаги ҳеч бир орган бу айбловларга жавоб бермайди. Максим ўзининг ҳашаматли машинасида Москва кўчаларини кезишда давом этмоқда. Ишонинг, бу ахборот хавфсизлиги бўйича маҳсулотларини экспорт қиладиган рус компаниялари имижига салбий таъсир кўрсатади», деганди Мишустин билан учрашувда Сачков.

«Собиқ ФСБ ходимининг туҳматига кўра»

Фото: ТАСС

2022 йил декабр ойида Telegram'да Сачков номидан юритиладиган канал пайдо бўлди. Унда ҳакерлар, ChatGPT, Россия қонунлари, киберхавфсизлик бўйича мутахассисларни қандай қилиб ортга қайтариш мумкинлиги ҳақида постлар чиқа бошлади. Сачковнинг адвокати бу канал ким томонидан юритилишини изоҳлашни истамади.

2023 йил ёзида ўша каналда Сачковнинг қўлга олинишидан олдинги видеоси эълон қилинади. «Бу видеони кўраётган бўлсангиз, менга нимадир бўлган ёки энди бўлади. Айтайлик, касалхонага ёки қамоқхонага тушишим мумкин. Умуман олганда, бундай ноодатий нарсаларга ўрганиб қолдик», дейди ўша видеода Сачков.

Дастурчи унга нисбатан жиддий провокация тайёрланганини айтади. «Мени турли йўллар билан зарарсизлантирмоқчи бўлишди. Шунинг учун, бу асоссиз айбловни ўйлаб топишган», дейилади каналдаги видеомурожаат ортидан эълон қилинган кейинги постда.

«ФСБда ишлайдиган ва интернетимиз хавфсизлиги учун жавоб берадиган Олег Иннокентьевич Кашенцовга (ФСБ Ахборот хавфсизлиги маркази раҳбари – таҳр.) алангали саломларим. Айнан унга ўхшаган одамлар сабаб бизда хавфсизлик йўқ. Улар мавжуд бўлмаган ички душман билан курашиш учун давлат пулини сарфлаш, ишчиларини ақлдан оздириш ва рус инженерларининг мотивациясини тушириш билан банд», дейди Сачков.

Telegram-каналда дастурчи қўлга олинишида нафақат Олег Кашенцовни, балки ФСБ Ахборот хавфсизлиги маркази собиқ раҳбари Сергей Михайловни ҳам айблаган. Қизиғи, Михайлов ҳам Сачков каби давлатга хиёнатда айбланган. ФСБ полковниги бўлган Михайловни 2016 йил декабр ойида, Сачков қўлга олинишидан 5 йил олдин қўлга олишади.

Россияда «чет эл агенти» деб топилган The Bell нашри Михайлов мамлакат хавфсизлик хизматларидаги кибержиноятларни очиш бўйича энг асосий кадрлардан бири эканини айтган. Иш материалларида айтилишича, Михайлов Америка махсус хизматларига Chronopay тўлов тизими асосчиси, АҚШда кибержиноятчи деб эълон қилинган Павел Врублевский фаолияти билан боғлиқ маълумотларни берган.

Полковник Михайлов ишида гувоҳ сифатида жалб қилинганлар орасида Иля Сачков ҳам бор эди. ФСБ собиқ мулозими 2019 йил 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Михайловнинг адвокати Сачков иш бўйича ёлғон кўрсатма бергани, айнан унинг кўрсатмасидан кейин тергов Михайлов давлатга хиёнат қилган деган хулосага келганини иддао қилган.

Сачков эса 2023 йил ёзида эълон қилган видеосида айнан Михайловнинг туҳмати сабаб тергов қамоқхонасига тушиб қолганини айтади. «Бу йўқ жойдан душман излаётган ҳозирги Ахборот хавфсизлиги маркази раҳбариятининг малакаси бўйича саволлар пайдо қилади», деганди тадбиркор. Сачков қўлга олинишидан аввал ёзиб олинган бу видео интернетда у қамоққа олинганидан 2 йил ўтиб эълон қилинади. Бу хабар Сачковнинг иши Москва шаҳар судига оширилганидан бир кун аввал тарқалади.

Адвокат Евгений Смирновнинг айтишича, одатда давлатга хиёнат бўйича иш материаллари махфий қолиши сабаб жамоатчилик Сачков айнан нимада айбланаётганини тушунмаётган бўлиши табиий. «Шунчаки Сачков билан ҳисоб-китоб қилишмоқчи деган таассурот уйғонмоқда. Бунақаси журналистик фаолияти учун таъқиб қилинган Иван Сафронов ишида ҳам бўлганди», дейди адвокат.

Таъқиб ва босим

Ўқувчилар Сачков томонидан юритилгани айтилажак каналда эълон қилинган видеолар монтаж қилингани, ундан баъзи фрагментлар кесиб ташланганига эътибор қаратган. 2021 йил декабр ойида BBC ва бошқа нашрлар Сачков ўша кесилган видеода уни ўлдиришса, танасини ёқиб кулини кучишлатар тузилмалардан юқори мансабли мулозимлардан бирининг юзига сепишни сўраганини аниқлаган. Сачков айнан ўша одамни ўзининг қўлга олинишида бош-қош бўлган деб ўйлаган. Видеонинг оригиналини кўрган манба BBC билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлаган.

Видеода Сачков уни кузатишгани ҳақида ҳам гапирган. Бу ҳақда дастурчи 2022 йил май ойида «Лефортово»да бўлган вақтида Forbes билан суҳбатда айтган. «Ўзимга нисбатан босимни сездим. 2014 йилдан буён бошқача турдаги ҳаракатларни ҳам пайқаб келардим. Аммо менда қаергадир қочиш хаёли бўлмаган, чунки мен аввалбошдан Россия қонунларига ҳам, халқаро қонунларга ҳам риоя қилишга одатланганман», деган у.

Дастурчининг айтишича, қўлга олиниши ортида Россия ҳукумати эмас, айнан баъзи куч тузилмалари мулозимлари турган деб ҳисоблайди. У ҳатто Путинга ўзини қўйиб юборишини сўраб ҳат ҳам ёзган. «Бу янги Драйфус иши деб ҳисоблайман. Мен хоин ёки жосус эмас, шунчаки рус инженериман. Ўз ишларим билан ватанга фойдам тегишини ҳам кўп марта исботлаганман. Президентим Владимир Путиндан тергов вақтида максимал чекловлар билан бўлса ҳам уй қамоғида қолишни сўрайман», деб ёзилганди Сачковнинг адвокати журналистларга етказган хатида.

Путинга Сачковнинг онаси ҳам мурожаат қилиб, ўғлининг ишига ёрдам беришни сўради. «[Ўғлимнинг қўлга олинишидан] фақат ҳакерлар хурсанд бўлмоқда. Илянинг қўлга олиниши ва қамалиши мамлакатдаги руҳий ҳолатга салбий таъсир қилади. Ахборот хавфсизлиги маконини эса гапирмаса ҳам бўлади», деганди она мурожаатида. У ўз фарзандини «ватанини сотишга қўли бормайдиган ҳақиқий ватанпарвар» деб атаган.

«ФСБга ҳурмат сақлаган ҳолда айтишим керакки, қанчадан қанча малакали одамлар, миллатнинг етук вакиллари «ватан хоини»га чиқиб кетган. Тарих такрорланяптими? Ахир ўғлим айнан нимада айбланаётганини ҳеч ким билмайди-ку? Ўзи у чиндан бирор жиноят қилдими ёки шунчаки кимгадир ёқмай қолдими? У жиноятчи ҳакерларга халақит бергани аниқ. Иляни йўқ қилиш кимга керак бўлиб қолди?» деган она.

Сачковга ҳукм чиқарилишидан икки кун аввал юқорида айтилган каналда Сачковнинг кутилмаганда АҚШни айблашга қаратилган хабари пайдо бўлди. «Агар менга айблов эълон қилинса, бу АҚШ махсус хизматларининг навбатдаги муваффақиятли операцияси ва Россия IT-секторига қаратилган онгли зарба бўлади», дейилади Сачковнинг мурожаати экани айтилган постда. Унда айтилишича, Сачков ушбу гапларни ўз иши бўйича ўтказилган охирги суд мажлисидан кейин айтган.

Дастурчи суд мажлисидаги охирги сўзида ҳам ўз айбини бўйнига олмаган. Адвокатга кўра, унинг кайфияти яхши ва айблов эълон қилинган тақдирда ҳам айбсиз эканига ишонмоқда.

Group-IB: Сачков қўлга олинганидан олдин ва кейин

Сачков асос солган Group-IB компанияси кибержиноятларни бартараф этиш ва уларни суриштириш билан шуғулланади. Тадбиркор бу компанияга 2003 йил Бауман номидаги Москва давлат техника университетида ўқиб юрган чоғида асос солган. Компания очилиши учун дастлабки 5 минг долларни унинг акаси берган. Тезда муваффақият қозонган компания 2007 йилда Россия ташқарисида ҳам фаолияти юрита бошлайди. Масалан, ўша йили Group-IB дунёнинг энг бой компанияларидан бири Microsoft билан ҳамкорлик қила бошлайди. Компания параллел тарзда Россиянинг йирик давлат корхоналари билан ҳам ҳамкорликда ишлайди.

Group-IB асосчиларидан бири Дмитрий Волковнинг айтишича, раҳбарининг «жосусликда айбланиб» қўлга олиниши давлат корхоналари билан ҳамкорликка путур етказади. Чунки Россиядаги давлат корхоналари учун давлатга хиёнат айблови «қора нуқта» ҳисобланади. Сачковнинг ўзи эса компаниясининг асосий даромади давлат корхоналари билан эмас, бизнес вакиллари билан ҳамкорликдан келишини айтган. «Давлат билан ҳамкорликдан деярли фойда кўрмаймиз. Бизнинг маҳсулотни сотиб олган биринчи давлат Россия эмас, Сингапур эканини ҳам таъкидлашим керак», деганди у.

BBC суриштирув давомида Сачков қамалганидан кейин компанияни қанча мижоз тарк этгани ҳақида сўров юбориб, ҳозирча жавоб олмаган.

Компаниянинг ҳозирги бош директори Валерий Буалиннинг айтишича, 2022 йилда Group-IB даромадлари ошган, чунки киберразведкага бўлган талаб ошган. Буни Россиянинг Украинага босқини сабаб рус компанияларига турли киберҳужумлар кўпайгани ва ахборот хавфсизлиги масаласи янада долзарблашгани билан боғлаш мумкин.

2019 йилдан буён компаниянинг Сингапурда ҳам ваколатхонаси бор. Сачковнинг фикрича, рус корхоналари хорижий ҳамкорлар билан Россиядан туриб ишлай олмайди. «Кимдир буни ватанпарварликка зид қадам деб ҳисобласа, демак у аҳмоқ. Нега мен Россия ташқарисида қилган ишим учун пул олсам, валюта назоратига жосус эмаслигимни исботлашим керак? Ахир мен дунёдаги олди банкларга рус технологияларини экспорт қиламан. Сиз Россияда ишлаш учун нормал шароит қилиб беринг, ўша заҳоти Group-IB'нинг глобал штаб-квартираси Россиядагиси билан бирлашади», деганди Сачков.

Владимир Путин «Нуфузли бизнес» миллий мукофоти ғолиблари билан Кремлдаги учрашувда, 2019 йил. Group-IB асосчиси Иля Сачков суратда – ўнгда. Фото: Кремл сайти

Тадбиркор унинг компанияси сиёсатга «бурнини тиқмаслиги» ҳақида ҳам кўп гапирган. «Биз Навалнийга қараб ишламаймиз, жосуслик қилмаймиз, давлатлар ўртасидаги ахборот урушларида қатнашмаймиз. Бу бизнинг халқаро бизнес фаолиятимизга халақит беради», деганди Сачков 2014 йилда.

Сачков доим Россия ҳукумати билан яхши муносабат ўрнатишга ҳаракат қилиб келган. Путин билан учрашувларидан бири тадбиркор Group-IB «рус» компанияси «Касперский лабораторияси»дан 4 баравар кучли эканини айтганди. 2015 йил Медведев билан учрашувда эса ундан Россия компанияларини ахборот хавфсизлиги соҳасида рус инновацион технологияларини сотиб олишдан қўрқмасликка чақиришни сўрайди.

Кейинроқ Сачков Путин ва Медведев билан учрашувлардаги гапларини шундай изоҳлаганди: «Муҳандис ўз президентига нималар қила олишини кўрсатиши ноодатий ҳолат эмас. Бундай вақтда сиёсатни чеккага суриб нималарга қодир эканингни кўрсатиш керак».

Ўша йил апрел ойида Group-IB компанияси халқаро ва маҳаллий кўринишда иккига бўлинганди. Топ-менежмент ва россиялик акционерлар бизнеснинг Россиядаги қисмини сотиб олишди. Энди у F.A.С.С.T. (Fight Against Cybercrime Technologies) номи билан ривожланмоқда. Ушбу компаниянинг 37,5 фоиз акцияси ҳамон Сачковга тегишли. Group-IB бренди эса фақат хорижий бозорда фаолият юритади.

Group-IB сайтида урушгача ва бизнес иккига бўлинишидан аввал компания Россия махсус хизматлари, Интерпол, Европол ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик қилиши ёзилганди. Афтидан, Россия давлат корхоналарига техник хизмат кўрсатиши сабаб Украина Сачковнинг компаниясига қарши санкция жорий қилган.

Компания иккига бўлиниб қайта ташкил қилингач эса унинг сайтида Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилиши, қайси рус корхоналари билан ишлагани ҳақида бандлар олиб ташланди.

Тергов қамоқхонасида бўлган Сачков Россия ҳукуматини мақташга ҳам, танқид қилишга ҳам улгурди. Масалан, Россияни тарк этаётган дастурчиларни қайтариш учун нималар қилиш кераклигини тушунтирган гапида: «Дунёнинг ҳеч бир ерида киберхавфсизлик бўйича мутахассис ўзини Россиядагидек кўрсата олмайди. Россия энг кўп киберҳужумга учрайдиган ва айни дамда энг кам ҳимояланадиган давлат. Ҳукумат бу борада мутахассисларни армиядан озод қилиб, имтиёзли ипотека дастурларини йўлга қўйиб тўғри қилмоқда. Аммо бу етарли эмас. Уларга ўзлари билан бирга яқинлари ҳам хавфсизликда бўлишини тушунтириш керак», деганди Сачков Лефортоводаги тергов қамоқхонасидан туриб.