Ўзбекистон | 17:49 / 14.08.2023
12995
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши сут сотуви бошланди

Коронавирусга қарши иммун сут маҳсулотларини Нукусдаги “Panaev Farms” чорвачилик корхонаси ишлаб чиқаряпти. Вирусга қарши сут лойиҳаси 2021 йилда бошланган. Бунда ўзбек олимлари илк марта чорва молларини бўғозлик даврида коронавирусга қарши эмлаш орқали уларнинг оғиз сутида вирусга қарши таначалар максимал даражада бўлишини аниқлаганди.

Фото: Panaev Farms

Коронавирусга қарши иммун сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни илк марта Нукус шаҳридаги “Panaev Farms” чорвачилик корхонаси йўлга қўйди ва коронавирусга қарши иммунли сут маҳсулотлари сотуви бошланди. Бу ҳақда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги Kun.uz’га маълум қилди.

2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (ҳозирги Инновацион ривожланиш агентлиги) ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази Австриянинг Вена тиббиёт университети билан ҳамкорликда SARS-CoV-2 вирусига қарши иммун сутини олиш лойиҳасини бошланганди.

2022 йилда Халқаро молекуляр аллергология марказининг Биотехнологиялар ва компаратив тиббиёт соҳасидаги олимлари ZF-UZ-VAC2001 Ўзбекистон-Хитой вакцинаси билан эмланган сигирларнинг иммун сутидан тажриба намуналари олишган. Бунда наслдор сигирлар ҳамда Австрия ва Германиядан олиб келинган Гольштин зотли сигирлар хавфсиз ва самарали бўлган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3 дозаси билан бўғозлик даврида тўлиқ эмланган. Олимлар эмланган сигирларнинг оғиз сутида SARS-CoV-2 вирусига қарши таначалар максимал даражада бўлишини аниқлашганди.

Маълум қилинишича, ЎзР давлат стандартларига риоя этган ҳолда узоқ муддатли пастеризация жараёни сутнинг барча хусусиятларини, жумладан, антитаначаларнинг нейтраллаштирувчи фаоллигини сақлаб қолган.

Мавзуга оид