Жаҳон | 17:55 / 14.08.2023
14180
13 дақиқада ўқилади

Тилсиз ёв: дунёдаги энг йирик ўрмон ёнғинлари ва ундаги қурбонлар ҳақида

Айни кунларда АҚШнинг Ҳавайи штатида йирик ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. 2023 йил 13 август ҳолатига кўра бу ерда 90 ошиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Kun.uz яқин тарихдаги энг йирик ўрмон ёнғинлари ҳақида маълумотларни жамлади.

Фото: Picture Alliance

2023 йил 10 август куни оммавий ахборот воситаларида АҚШнинг Ҳавайи штати ҳудудида ёнғинлар содир бўлаётгани ва 40 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳалок бўлганлар Ҳавайи ороллари туркумига кирувчи Мауи ороли ғарбида жойлашган сайёҳлик шаҳарчаси Лахайнада топилган. Ўшанда шунингдек, Мауи оролида яна иккита йирик ўрмон ёнғинлари содир бўлаётгани, Ҳавайи штати губернатори сайёҳларни Мауи оролини тарк этишга чақиргани ҳақида хабар берилганди.

Ўшандан буён 3 кун ўтди ва Мауи оролидаги ёнғин кучайиб бормоқда. Лахайна шаҳри бутунлай ёниб кетган. 2023 йил 13 август ҳолатига кўра ҳозирча жасади топилган инсонлар сони 90 кишидан ошган.

Лахайнада ёнғин оқибатлари. Фото: Patrick T. Fallon / AFP / Scanpix / LETA

Ҳозирда Лахайна шаҳри харобаларини тўлиқ ўрганиш ишлари якунланмаган. Шу сабабли қурбонлар сони яна бир неча баробарга ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ёнғин оқибатида Лахайна шаҳридаги 2200 та бино вайрон бўлган ёки зарар кўрган. Уларнинг 86 фоизи турар жой бинолари. Шунингдек, 850 гектар ер ёниб кетган. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлик (FEMA) Лахайнани тиклаш 5,5 миллиард долларга тушишини тахмин қилмоқда.

Лахайна шаҳрини вайрон қилган ёнғин АҚШ тарихида сўнгги юз йилдаги энг ҳалокатли ёнғин сифатида баҳоланяпти.

Лахайнадаги вайронгарчиликлар, 9 август
Jack Truesdale / Civil Beat / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Агар ўрмон ёнғинларининг келиб чиқишига қаралса, уларга қуйидагилар сабаб бўлади:

а) Инсон аралашуви туфайли.

Ўрмон ёнғинларига асосан дам олувчилар томонидан ёқилган оловнинг яхши ўчирилмаслиги сабаб бўлади. Ёки ўрмон яқинида яшайдиганларнинг турли чиқиндиларни ёқиши ҳам ёнғин келтириб чиқаради.

Шунингдек, овчилар ҳам ўрмон ёнғинига сабаб бўлишади. Улар отган ўқ ҳам ўрмонда қуриган пичанга тушиб, олов чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

б) Табиий сабаблар.

Ўрмон ёнғинларининг асосий қисмига табиий омиллар, масалан, хазон бўлган баргларнинг ёзда чириб ўт олиши сабаб бўлади. Ёки ўрмонлар ичидаги торф майдонлари ҳам ёзда олов келтириб чиқариши мумкин.

в) Турли «авария»лар туфайли

Йирик ўрмон ёнғинларига улар яқинидан ўтган электр тармоқларининг узилиши ёки бошқа ֿ«авария»лар ҳам сабаб бўлади.

Ўрмон ёнғинлари келиб чиқишининг сабаблари

Қуйида сўнгги йилларда жаҳоннинг турли ҳудудларида кўплаб одамлар ҳалокатига сабаб бўлган йирик ёнғинлар ва уларнинг келиб чиқиш омилларига тўхталиб ўтамиз.

1. Индонезия, 1997 йил

Яқин тарихдаги энг йирик ўрмон ёмғирларидан бири 1997 йил ёзда Индонезияда содир бўлган. Калимантан ҳамда Суматро оролида бошланган ёнғин кейинчалик мамлакатнинг жуда катта қисмига тарқалган ва 2 миллион гектар ҳудудни қамраб олган.

Ёнғинга 1997 йилда собир бўлган «Эл-Нино» ҳодисаси туфайли юз берган кучли қурғоқчилик сабаб бўлади.

Ўша йили кузга бориб Индонезияга қўшни бўлган Сингапур, Малайзия, Тайланд, Вьетнам ва Филиппинда ҳам кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлади.

Ўшанда ёнғин ва ундан ҳосил бўлган аччиқ тутун туфайли 70 миллион одам турли даражада жабрланади. 240 нафар индонезиялик астма ва бошқа касалликлардан ҳалок бўлади.

Қалин тутунда дарё ва автомобил транспорти ҳаракатида ноқулайликлар туғдиргани сабабли турли «авария»лар юз беради ва яна 300 киши ҳалок бўлади.

2. Греция, 2007 йил

2007 йил август ойида Грецияда кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлади. Оқибатда, 260 минг гектар ўрмон ёниб кетади ва 66 киши ҳалок бўлади. Бу Греция тарихида сўнгги ўн йилда энг кўп майдон ёнган ёнғин ҳисобланади.

Кучли ёнғинлар асосан Пелопоннес яриморолида жойлашган Аркадия вилоятида ва Парнон ҳамда Лакония тоғларидаги ўрмонларда содир бўлади. Олов махсус авиация ёрдамида ўчирилади.

Грециядаги ўрмон ёнғинлари пляжларгача етиб келади Фото: EPA

3. Австралия, 2009 йил

2009 йил ёзда Австралияда (Жанубий яримшарда жойлашган бу қитъада ёз декабр-феврал оралиғида кечади) кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлади.

Оқибатда 400 минг гектар ўрмон ёниб кетади ва 173 киши ҳалок бўлади. Икки мингдан ошиқ бинолар ёниб кетади.

Ёнғинларнинг келиб чиқишига аномал иссиқлар сабаб бўлади. Ўшанда баъзи ҳудудларда +45 даража иссиқ қайд этилади.

Бошқа бир манбага кўра ўрмон ёнғинларига аномал иссиқда электр узатиш линияларининг қизиб узилгани сабаб бўлган.

Ёнғинлар бошлангандан сўнг 2009 йил 7 феврал куни Мэрисвилл шаҳри бутунлай ёниб кетади. Ёнғинни ўчиришга жуда катта куч ташланади, бироқ уни ўчиришнинг иложи бўлмайди.

Фақат март ойига бориб, ёмғирлар мавсуми бошлангач оловни бутунлай ўчиришга муваффақ бўлишади.

Австралиядаги ўрмон ёнғинлари аҳоли масканига яқинлашиб қолган \ Фото: wikipedia.org

4. Россия, 2010 йил

2010 йил ёзда Россиянинг Европа қисмида антициклон туфайли ҳаво ҳарорати жуда кўтарилиб кетади ва аномал иссиқлар содир бўлади. Оқибатда кучли ўрмон ёнғинлари келиб чиқади ва улар 1,8 млрд долларлик зарар етказади.

Ўшанда сўнгги 130 йилдаги энг иссиқ ҳарорат қайд этилади ва бир ҳафта ичида мамлакатнинг ғарбий ва марказий қисмида 800 та ёнғин ўчоғи аниқланади.

Жумладан, Москва, Владимир, Воронеж, Рязан, Нижегород вилоятларида ва Марий Эл ҳамда Мордовия республикаларида ўрмонлар ёниб кетади.

Қалин тутун кўплаб регионлар билан бирга Москва шаҳрини ҳам қоплаб олади. Оқибатда жами 17 та регионда 53 нафар одам ҳалок бўлади.

Фото: alamy.com

5. Исроил, 2010 йил

2010 йил декабр ойида Исроилнинг Хайфа округида Кармел тоғлари яқинидаги ўрмонларда йирик ёнғинлар содир бўлади.

Қисқа вақтда 250 та уй, 5 миллион туп дарахт ёниб кетади ва оқибатда 50 киши ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганларнинг асоси қисми курсантлар бўлган ва улар автобус билан ўрмон ичида ҳаракатланаётганда ёнғинда қолган.

Исроилликларнинг ўзи ёнғинни ўчира олмаслиги аён бўлгач дунёнинг кўплаб давлатлари ўт ўчиришда ишлатиладиган самолётларни жўнатишади.

Шундан сўнг 40 та самолёт бир неча кун давомида сув сепиб, оловни ўчиришга муваффақ бўлишади.

Исроилдаги ўрмон ёнғини аҳоли масканларига яқинлашмоқда \ Фото: dailymail

6. Португалия, 2017 йил

2017 йил 17 июн куни Португалиянинг марказий қисмида тўрт жойда кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлади. Оқибатда, 66 киши ҳалок бўлади, 200 дан ошиқ одам турли даражада жароҳатланади.

Аввалига, ёнғинларнинг келиб чиқишига юқори ҳаво ҳарорати ва қурғоқчилик сабаб бўлган деб тахмин қилинади. Бироқ кейинчалик ўрмонларга ўт қўйиб юборилгани аниқланади.

Энг кўп ўлим ҳолати Педроган-Гранде муниципалитетида содир бўлади. Бу ердан одамларни эвакуация қилишаётганда олов йўлларни ёпиб қўяди ва одамлар ҳалок бўлади.

Ёнғинларни ўчиришга қарийб 2 минг нафар ўт ўчирувчи жалб қилинади. Бироқ оловни ўчиришнинг иложи бўлмайди. Шундан сўнг Франция, Испания ва Марокашдан олов ўчиришга мосланган самолётлар ва вертолётларни ёрдамга жўнатади. Шундан сўнг оловни жиловлашга муваффақ бўлишади.

Португалияда фуқаролар уйларига яқинлашиб қолган ёнғинни ўчиришга уринишмоқда. \ Фото: dailymail

7. АҚШ, 2017 йил

2017 йилда АҚШнинг Калифорния штатида кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлади ва 100 минг гектар ўрмонлар ёниб кетади. Оқибатда Сонома ва Напа округларида 40 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

Бир вақтнинг ўзида штатнинг 20 та ҳудудини ўрмон ёнғинлари қамраб олади. Уларни ўчиришга 8 минг нафардан ошиқ ўт ўчирувчи жалб қилинади.

Кучли шамол туфайли ёнғинлар авж олади ва Санта-Роза шаҳрининг бир қисми ёниб кетиб, вайрон бўлади.

Ҳукумат ёнғин келтирган зарарларини 9,4 млрд долларга баҳолаган. Шу ҳодисагача бундай йирик кўламдаги ёнғинлар Калифорния штатида 1933 йилда содир бўлган.

Калифорнияда махсус самолёт ўрмон ёнғинларини ўчиришда иштирок этмоқда

8. АҚШ, 2018 йил

2018 йил ёзда Калифорния штатида яна кучли ёнғинлар содир бўлади. Оқибатда 20 мингта бино ёниб кетади. 100 киши ҳалок бўлади, 1000 киши бедарак йўқолади.

Бу сафар ёнғинларнинг келиб чиқишига электр тармоқларида юз берган авария сабаб бўлади. Маҳаллий энергетика компаниясининг маълумотларига кўра, электр тармоқлари узилгандан 7 дақиқа ўтгач ўрмон ёнғинлари бошланиб кетади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳолатни йирик табиий офат деб эълон қилади. Шундан сўнг ёнғин содир бўлаётган ҳудудлардан 300 минг киши эвакуация қилинади.

Калифорнияда ёнғин аҳоли хонадонларига яқинлашмоқда.

9. Австралия, 2019 йил

2019 йилнинг охири, 2020 йилнинг бошида (бу пайтда Австралияда ёз бўлади ва ҳаво жуда қаттиқ исиб кетади) Австралияда жуда кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлади. Шу сабабли ўша йилни австралияликлар «қора ёз» деб аташади.

Ўшанда дастлабки ёнғин 2019 йилнинг июн ойида қайд этилади. Ўша пайтда қитъада қиш фасли кечаётгани учун олов унча катта ҳудудга тарқалмайди ва зарари ҳам катта бўлмайди.

Январ ойига бориб ҳаво жуда қаттиқ исиб кетади ва ўрмон ёнғинлари авж олади. Оқибатда, 18,6 млн гектар ўрмон ва 6 минг атрофида турли бинолар ёниб кетади.

Ўшанда миллионлаб турли жонзотлар йўқ бўлиб кетади ва бир неча ўн нафар одам ҳалок бўлади. Ёнғинлар етказган зарар миқдори бир неча млрд долларга баҳоланади.

Шунингдек, ёнғинлар туфайли Австралияга келаётган сайёҳлар оқими кескин камайиб кетади. Бу ҳам мамлакат иқтисодиётига миллиардлаб зарар етказади.

Ёнғинларнинг кўлами шунчалик катта бўладики, улардан тарқаётган тутун 2020 йил январда Чили ва Аргентинага етиб боради.

Ёнғинларни ўчиришга кўплаб ўт ўчирувчилар, кўнгиллилар қатнашади. Бундан ташқари, Сингапур, АҚШ, Канада ва Янги Зеландиядан ўт ўчирувчилар ёрдамга келишади. Шунда ҳам ёнғинларни фақат ёмғир мавсуми бошлангач ўчиришга муваффақ бўлишади.

Австралияда Кенгуру ўрмон ёнғинларидан қочмоқда \ Фото: Reuters

10. Канада, 2023 йил

2023 йил январ ойидан июн ойигача Канадада кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлди. Оқибатда 6 миллион гектар ўрмонлар ёниб кетган. Бу сўнгги 10 йилда ёниб кетган ўрмонлардан 18 баробар кўпроқни ташкил этади.

Энг кўп ёнғин июн ойида қайд этилган – 423 та жойда. Мамлакатнинг катта қисми тутун билан қопланган ва одамлар кўчаларда ниқоб билан ҳаракатланишга мажбур бўлишган.

Ёнғинлар туфайли 100 минглаб одамлар эвакуация қилинган ва тутун Канада чегарасидан чиқиб АҚШнинг Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларигача етиб келган.

Шимол томонга қараб ҳаракатланган тутун Исландиядан ўтиб, Ирландия, Британия ва Норвегиягача етиб борган.

Канадага ёрдам тариқасида Австралия, АҚШ, Португалия, Испания, Жанубий Африка Республикаси, Янги Зеландия ва яна бир қатор давлатлар ўт ўчирувчиларини юборган.

Канадада ўрмон ёнғинлари \ Фото: Picture Alliance

Ўзбекистонда содир бўлган ўрмон ёнғинлари

Ўзбекистон ҳудудида ўрмон нисбатан жуда кам. Бироқ шунда ҳам ўрмон ёнғинлари содир бўлиб туради. Ана шундай ёнғинлардан энг йириги 2021 йил ёзда Зоминда содир бўлганди.

Ўшанда ёнғин 80 гектар ҳудудни қамраб олганди. Ёнғинни бартараф этишга 14 та ёнғинга қарши кураш бўлинмаси, 1 та ёнғин-қутқарув отряди, 4 та вертолёт (жами 1 600 киши) жалб этилган.

Зоминдаги ўрмон ёнғини санатория яқинида содир бўлганди

Ёнғин қисқа муддатда ўчирилгани учун аҳоли уйларига етиб бормаган ва ундан ҳеч ким жабрланмаган.

Кўп ўтмай президент экология масалаларига бағишланган селектор ўтказган ва унда Зоминдаги ўрмон ёнғинига ҳам тўхталиб ўтганди.

«Экология бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Ҳар бир вилоят ҳокими шахсан бош вазирга келиб тақдимот қилади. Мен ўзим қишлоққа бориб қаттиқ ўйга толаман, Зоминда ёнғин бўлди, бир бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди. Ҳозир прокуратура шуғулланяпти, чорасини кўрамиз», деган эди давлат раҳбари.

Биринчи ёнғиндан бир ҳафта ўтгач Зомин тоғларида яна бир ўрмон ёнғини содир бўлганди. Бироқ бу сафар ФВВнинг 55 нафар ёнғин-қутқарувчилари томонидан олов қисқа муддатда ўчирилади.

Зоминдаги ўрмон ёнғинини ўчиришда бир нечта вертолётлардан ҳам фойдаланилганди.

Ёнғин оқибатида 10 сотих майдондаги дарахт ва буталар зарар кўради. Ҳеч ким тан жароҳати олмайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид