Ўзбекистон | 12:22 / 15.08.2023
856
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Янги нафас” оммавий югуриши мусобақаси билан нишонланади

3 сентябрь куни мамлакатимизнинг 16 та шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятларда турли ёшдаги ҳаваскор ва профессионал спортчилар ҳамда соғлом турмуш тарзи ихлосмандлари мамлакатимизнинг азиз байрами муносабати билан ташкил этиладиган кенг кўламли спорт ҳаракатига қўшилишлари мумкин бўлади.

Мустақилликнинг 32 йиллиги Тошкент, Нурафшон, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Термиз, Қарши, Ғузор, Хива ва Нукусда “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси билан нишонланади. Пойтахтда югурувчиларга 3 ва 10 километрга тенг бўлган икки хил масофа, бошқа шаҳарларда эса 3 километрлик битта масофа тақдим этилади.

“Янги нафас” югуриш мусобақасининг расмий шиори – “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” мамлакатимизнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаросини бирлаштирган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини нишонлаш жараёнидаги кайфият ва умумий муҳитни янада аниқроқ акс эттиради.

Таъкидлаш жоизки, анъанавий тарзда муҳим давлат саналари ва халқаро спорт тадбирларига бағишлаб ташкил этилаётган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси тўғрисида"ги қарори доирасида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш ҳамда аҳолини фаол турмуш тарзига жалб этиш мақсадида қабул қилинган кенг кўламли давлат дастурининг ижросига яққол мисол бўла олади. Мақсадли давлат дастури аҳолини босқичма-босқич фаоллаштириб, ҳамма даражаларда саломатликни мустаҳкамлаш ва ҳаёт сифатини ошириш масалаларига эътиборни қаратди.

“Янги нафас” ижтимоий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишнинг уч йили давомида Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 700 минг нафардан ортиқ одам оммавий югуриш мусобақасига қўшилиб, спорт тадбирларида фаол иштирок этишда давом этмоқдалар. “Янги нафас” лойиҳаси “Save Aral”, “Мен ғолиб”, “Ватан қалқони” оммавий югуриш мусобақалари билан ҳамкорликда ёш авлодда ҳам, катталарда ҳам енгил атлетикага қизиқишни янги босқичга кўтарди.

Реклама

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид