Жаҳон | 10:37 / 16.08.2023
30558
10 дақиқада ўқилади

«Бизнинг дардимиз жуда оғир». Дунё етакчилари «Толибон» билан мулоқот бошлаши керакми?

Афғонистонда ҳокимият тепасига «Толибон» келганига икки йил бўлди, бироқ дунёнинг ҳеч бир давлати уларнинг ҳукуматини расман тан олгани йўқ.

Фото: NAVA JAMSHIDI/BBC

Ҳатто «Толибон» билан мулоқот ўрнатишга уринишлар ҳам баҳсли масала бўлиб қолмоқда. Баъзиларнинг фикрича, агар «Толибон» билан алоқа ўрнатилса, бу ўзгаришларга эришишга ёрдам беради. Бошқаларнинг таъкидлашича эса, улар ҳеч қачон ўзгармайди ва улар билан гаплашишдан маъно йўқ.

Бутун дунё Афғонистоннинг янги ҳукумати билан қандай муносабатда бўлишни ҳал қилар экан, сиёсий курашда аёллар ҳуқуқлари биринчи ўринга чиққан: мамлакатда ҳатто гўзаллик салонлари ҳам ёпилган.

Косметолог Сакина пардалари маҳкам тортилган, хира ёритилган хонада ўтиради. Унинг ёнида лаб қаламлари ва ялтироқ палитралар бор. Сакина нега унга ўхшаган аёллар сиёсий савдолар предмети бўлгани ҳақида гапирган.

«Толибон» аёлларга босим ўтказмоқда, чунки улар бу орқали халқаро ҳамжамиятни ўз ҳокимиятини тан олишга мажбурламоқчи», дейди у Кобулдаги янги махфий салонида.

Икки ҳафта олдин ҳукумат мамлакатдаги барча аёллар гўзаллик салонларини ёпиш тўғрисида буйруқ берганидан сўнг Сакина яширинча ишлашга ўтишга мажбур бўлди. Ушбу фармон Афғонистондаги аёл ва қизлар ҳаёти ва эркинлигига нисбатан чексиз кўринган янги чекловларнинг охиргиси бўлди.

Сакина «Толибон»га қандай ёндашув иш бериши мумкинлигини билмайди.

«Агар дунё «Толибон»ни қонуний ҳукумат деб тан олса, улар ёки бизга қўйилган чекловларни олиб ташлаши ёки аксинча, уни янада кучайтириши мумкин», дейди у ушбу қийин дилемманинг барча мунозараларига хос бўлган ноаниқлик ва хавотир билан.

«Толибон» Афғонистондаги аёллар ҳуқуқлари каби масалалар халқаро ҳамжамиятга тааллуқли бўлмаган мамлакатнинг мутлақ ички иши эканини таъкидлайди.

«Фақат шу масаланинг ўзига эътибор қаратиш, бу шунчаки баҳона», деган «Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳид.

Мужоҳид BBC нашри саволларига ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода истиқомат қиладиган Қандаҳор шаҳридан туриб жавоб берган.

Мужоҳиднинг даъво қилишича, амалдаги ҳукумат аллақачон тан олиниши керак эди.

«Биз алоҳида соҳаларда муваффақиятга эришдик ва бу масалани ҳам ҳал қиламиз», дея ишонтирган у.

Қандай мулоқот олиб бориш лозим?

«Толибон» билан мулоқот қилиш ёки қилмаслик ҳақидаги дилемма бутун дунё бўйлаб Афғонистон келажаги ҳақида қайғурадиган кўплаб инсонлар гуруҳлари учун асосий тўсиқ бўлмоқда.

Улар орасида 2021 йил 15 августда, «Толибон» иккинчи марта ҳокимият тепасига келганида, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ғазабга тўла ва ҳали ҳам ўзига келмаган афғон диаспораси бор.

«Гаплашманг», дейиш осон. Аммо гапирмасангиз, унда бунинг ўрнига нима қилиш керак?» деб сўрайди Фотима Гайлоний. У «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритгунига қадар улар билан музокара олиб боришга уринган Афғонистон жамоасидаги тўрт аёлдан бири.

Охирги ҳукумат қулагандан сўнг, Фотима саҳна ортидаги алоқа ўрнатиш учун уринишларда иштирок этган.

«Бизга яна бир уруш керак эмас», дейди у, ҳозирги режимни куч билан ағдариш умидида бўлган собиқ ҳарбий раҳбарларнинг изоҳларига ишора қилиб.

Афғонистонда қашшоқлик чуқурлашиб бораркан, Кобулда янада кўпроқ оилалар текин озиқ-овқатга эҳтиёж сезади
Фото: NAVA JAMSHIDI/BBC

Диаспоранинг бошқа вакиллари эса, аксинча, «Толибон»га янада кўпроқ босим ўтказишга, хусусан, қўшимча санкциялар жорий қилиш ва чегараларни кесиб ўтишни тақиқлаш орқали уларни яккалаб қўйишга чақирмоқда.

«Мулоқотдан нима маъно?» дейди аёллар бошчилигидаги, қувғиндаги Zan Times нашри бош муҳаррири ва асосчиси Заҳра Нoдир.

«Улар ким экани ва қандай жамият қурмоқчилигини кўрсатди», дея қўшимча қилади у.

Мулоқот ўрнатишга уринаётган дипломатлар «Толибон» билан алоқа қилиш уни қонуний ҳукумат сифатида тан олишни англатмаслигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, улар бу борада ҳали сезиларли ютуқларга эришилмаганини қайд этган.

«Толибон»нинг кексайган ултра-консерватор олий раҳбари томонидан чиқарилаётган энг экстремал фармонлар билан боғлиқ норозилик белгилари (ҳаракатнинг юқори мартабали раҳбарлари орасида ҳам бу сезиларли) уларга заиф умид беришда давом этмоқда.

«Агар биз ечим топиш қобилиятини кўрсатмасак ва мулоқот қилишни хоҳлаган афғонларни суҳбатга жалб қилмасак, биз бу имкониятни қўлдан бой берамиз ва аҳолининг катта қисмини қамоқда сақламоқчи бўлганларга тўлиқ ҳаракат эркинлигини берамиз», дейди ўрта даражадаги «Толибон» вакиллари билан сўнгги учрашувларда қатнашган ғарблик дипломат.

«Қаттиқ ишончсизлик ва ҳатто нафрат»

Манбалар таркидунёчи Охунзода яқинда Қатар бош вазири Муҳаммад ибн Абдулраҳмон Ол Соний билан учрашув ўтказганига ишора қилмоқда. Бу «Толибон» олий раҳбарининг хорижлик расмий шахс билан биринчи учрашуви бўлди.

Уларнинг суҳбати мазмунидан хабардор дипломатларнинг айтишича, мунозаралар таълим ва аёллар ҳуқуқлари масаласида томонларнинг қарашларида катта тафовут борлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, томонлар аста-секин бўлса-да, умумий тил топиш имкониятларини кўрсатди, дея қўшимча қилади дипломатлар.

«Томонлар ўртасида қаттиқ ишончсизлик ва ҳатто нафрат бор. Улар йиллар давомида бир-бири билан жанг қилди. «Толибон» Ғарб ҳали ҳам унинг халқини ахлоқий жиҳатдан бузмоқчи деб ўйлайди, Ғарб эса «Толибон»нинг аёллар ҳуқуқларига оид сиёсати ва авторитар бошқарув услубини ёқтирмайди», — дейди Германияда рўйхатдан ўтган «Афғонистон бўйича таҳлилчилар тармоғи» мустақил тадқиқот ташкилоти вакили Кейт Кларк.

Унинг қайд этишича, томонлар ўртасида қарашларда кескин фарқ бор: «Ғарб «Толибон» ҳукуматини тан олиш масаласига ён бериш сифатида қараши мумкин, «Толибон» эса буни ўз ҳуқуқи деб билади: улар қудратли АҚШни мағлуб этиб, иккинчи марта ҳокимиятга қайтганидан кейин Аллоҳ томонидан уларга мамлакатни бошқариш ҳуқуқи берилган дея ҳисоблайди.

Толиблар Афғонистондаги дўконлар эгаларига аёл манекенларнинг бош қисмини олиб ташлашни буюрган
Фото: NAVA JAMSHIDI/BBC

Ташқи кучлар ўз танқидларини тараққиётни, хусусан, мамлакат даромадларини оширган коррупцияга қарши курашни мақташ билан мувозанатлаштирмоқда. Бундан ташқари, хорижликлар «Толибон»нинг ИШИД гуруҳлари томонидан келувчи хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш бўйича баъзи саъй-ҳаракатларини қайд этмоқда.

Ғарб мамлакатлари мусулмон давлатлари ва диний уламолари уларнинг барчаси учун умумий хавф бўлган исломни экстремистик талқин қилиш масалаларида «Толибон»га таъсир ўтказа олишига умид қилмоқда.

Аммо шу билан бирга, тактика қатъийлашуви кузатилмоқда.

Ҳатто БМТ ҳам эндиликда «гендер апартеид» ҳақида гапирмоқда. «Толибон» аёллар устидан назоратни шу қадар кучайтирганки, уларга жамоат хиёбонлари, аёллар спорт заллари ва гўзаллик салонларига боришни тақиқлаган.

Айни пайтда БМТда инсониятга қарши жиноятлари учун «Толибон»га нисбатан суд ишини ишлаб чиқиш чоралари кўрилмоқда.

Афғонлар учун оқибатлар

Жаҳон ҳамжамияти қарама-қарши сигналларни юбораётгани ҳамда Ғарб ва Афғонистоннинг минтақадаги қўшнилари ўртасида вақти-вақти билан келишмовчиликлар содир бўлаётганига қарамай, дунёда баъзи «қизил чизиқлар», жумладан, тузумни тан олиш масаласида камдан кам бирлик кузатилмоқда.

Ҳатто Россия ва Хитой ҳам бу ерда қолганлардан фарқ қилмайди.

Вазиятнинг умидсизлиги оддий афғонлар учун даҳшатли оқибатларга олиб келади.

БМТнинг сўнгги ҳисоботида уларнинг инсонпарварлик хайрия маблағлари донорлар камайиб бораётгани сабабли 2023 йил июл ойи охирига келиб фақатгина тўртдан бир қисмга молиялаштирилгани қалин ҳарфлар билан таъкидланган. Борган сари кўпроқ афғонлар оч ҳолда уйқуга кетмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, афғон оилаларининг қарийб 84 фоизи ҳозирда фақат озиқ-овқат сотиб олиш пул олади.

Мамлакатда ИШИД каби бошқа радикал гуруҳлар таъсири кучайиб бораётганидан ҳам хавотирлар мавжуд.

Аммо «Толибон» ҳукумати ранг-баранг картинани чизмоқда. Расмий тан олинмаганига қарамай, унинг вакиллари — анъанавий салла ва яктакларда — кўплаб пойтахтлардаги учрашувларда қатнашиб, дунёдаги энг кўп парвоз қилувчи йўловчилар қаторига кирди.

Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий деярли ҳар куни Кобулда делегацияларни тўлиқ протокол бўйича, жумладан, байроқлар билан ва ҳашаматли залларда расмий суратларга тушиб, қабул қиляпти.

Кобулда Европа Иттифоқининг кичик офиси ва Япония ваколатхонасидан бошқа барча Ғарб элчихоналари ёпиқлигича қолмоқда. Ҳозирда Қатарда жойлашган дипломатлар вазиятга қандайдир таъсир ўтказишни хоҳласа, Кобулга кўчиб ўтиши кераклиги ёки йўқлиги борасида баҳслар давом этмоқда.

Дунёнинг ҳеч бир пойтахтида ушбу 40 йиллик бу урушнинг яна бир қонли саҳифасини очишга хоҳиш йўқ.

Улар ўртасидаги келишмовчиликларга қарамай «Толибон» етакчилари учун асосий мақсад ҳамма нарсадан устун бўлган бирлик бўлиб қолмоқда.

Тез ва осон ечимлар йўқ.

«Мен бутун руҳим билан айтишим мумкин бўлган ягона нарса шуки, биз ҳақиқатан ҳам азоб чекмоқдамиз», дейди косметолог Сакина.

«Бу ерда яшамайдиганлар буни тушунмаслиги мумкин, аммо бизнинг дардимиз жуда оғир», дея қўшимча қилади у.

Мавзуга оид