Жаҳон | 19:53 / 16.08.2023
10261
2 дақиқада ўқилади

Ирланд банкида хаос: носозлик сабаб мижозлар банкоматларни «талашга тушди»

Ирландиядаги энг йирик банк бўлмиш Bank of Irlandʼда юз берган носозлик жиддий муаммолар келтириб чиқарди. Банкоматлар ҳисобида белгилаганидан кам пули бўлган ёки умуман пули бўлмаган карталарга нақд пул бера бошлаган.

Фото: Twitter

15 август куни банк онлайн иловаси ва сайтида муаммо кузатилаётгани ҳақида хабар беради. Унда айтилишича, хориждаги мижозлар пул юбора олмаётгани сабаб ёппасига онлайн эътироз билдира бошлаган. Оқибатда сайт фаолиятида носозликлар кузатилган. Кечга бориб мижозлар Bank of Irlandʼга тегишли банкоматлардан картада етарли пул бўлмаган ёки карта ҳисоби бутунлай 0 бўлган ҳолатда ҳам нақд пул ечиб олиш мумкин бўлиб қолганини пайқаган.

Минглаб ирландлар банкоматлардан пул ечишга улгурган. Дублин, Лимерик ва Данколкдаги банкоматларда навбат акс этган расмлар тарқалди. Полиция банкнинг бир нечта офисини назоратга олишга мажбур бўлган.

Банк юқоридаги носозликдан фойдаланиб банкоматдан ҳисобида пул етарли эмаслигини билган ҳолда онгли тарзда пул ечиб олган мижозларни бу пуллар кейинчалик картадан қайтариб қолиниши, маблағ етарли бўлмаган ҳолатда карта қарзга киришидан огоҳлантирди. Банк носозликдан фойдаланиб қолган мижозларга улар ечиб олган пуллар бошқа мижозларнинг пуллари бўлганини эслатди.

16 август куни банк муаммоларни бартараф этиб, одатий режимда ишлай бошлади ва мижозларидан носозлик учун узр сўради.

Мавзуга оид