Жаҳон | 07:51 / 17.08.2023
3933
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби Россияда судланган Пол Уилан билан суҳбатлашди

Энтони Блинкен Россияда жосусликда айбланиб судланган америкаликни тезроқ уйга қайтариш учун ҳаракат қилишига ишонтирди, деб хабар бермоқда CNN.

Пол Уилан / Фото: CNN

16 август, чоршанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россияда айғоқчиликда айбланган америкалик Пол Уилан билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда CNN ўз манбасига таяниб. Бу маълумотни Reuters манбаси ҳам тасдиқлади. 

Блинкен Уиланни «умидни сақлаб қолишга» чақирди ва Вашингтон «уни имкон қадар тезроқ уйга қайтариш учун барча имкониятларни ишга солаётганини» таъкидлади, деди CNN манбаси. Маҳкумнинг укаси Дэвид Уилан, ўз навбатида, телеканалга ота-онаси билан суҳбатда Пол Уилан АҚШ дипломатияси раҳбари билан «узоқ ва самимий» суҳбат ҳақида гапирганини айтди. Бошқа тафсилотлар ошкор этилмаяпти. 

Бу Блинкеннинг Мордовиядаги колонияда жазо муддатини ўтаётган Уиланга тўрт йилдан ортиқ вақт ичида иккинчи марта қўнғироқ қилишидир, дейди CNN манбалари. Биринчи суҳбат 2022 йил 30 декабрда бўлиб ўтган. 

Пол Уилан иши 

Собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уилан 2018 йилнинг декабрида Москвада қўлга олинган. Россия Федерал хавфсизлик хизматининг таъкидлашича, қўлга олиш вақтида ундан махфий маълумотлар ёзилган флешка топилган. 2020 йилда Америка Қўшма Штатлари фуқароси жосуслик иши бўйича 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Уилан айбини тан олмади. 

АҚШ Давлат департаменти Уиланга Россияда «ноқонуний ушлаб турилган шахс» мақомини берди. Бу Вашингтонга уни озод қилиш учун қўшимча механизмлардан фойдаланиш, жумладан, алмашинув бўйича музокаралар олиб боришга имкон яратади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид