Иқтисодиёт | 13:10 / 17.08.2023
29891
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан камайди

2023 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 29,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизни ташкил этди. Давлат қарзи 2022 йил давомида 2,9 млрд долларга ошган бўлса-да, ялпи ички маҳсулот 11,1 млрд долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган.

Фото: Getty Images

Молия ва иқтисодиёт вазирлиги 2022 йилнинг якунлари бўйича ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, давлат қарзи 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 29,2 млрд долларни (шундан давлат ташқи қарзи – 25,9 млрд доллар, давлат ички қарзи – 3,3 млрд доллар) ташкил этган.

Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39 фоизни (2021 йил якунида – 38 фоиз) ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 36,4 фоизгача пасайган.

“Давлат қарзи 2022 йил давомида 2,9 млрд долларга ошган бўлса-да, ялпи ички маҳсулот тез сурьатларда, яъни 11,1 млрд долларга ўсганлиги туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган”, дейилади ҳисоботда.

Жорий йил учун давлат номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар миқдорида белгиланган.

2022 йилда Ўзбекистон номидан умумий қиймати 4 млрд 486 млн доллар миқдоридаги 23 та ташқи қарз битими имзоланган.

Ўтган йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 33,4 фоизи ёки 8,6 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 11,6 фоизи ёки 3 млрд доллари электроэнергетика саноатига, 10,9 фоизи ёки 2,84 млрд доллари энергетика саноатига, 9,8 фоизи ёки 2,54 млрд доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,7 фоизи ёки 2,51 млрд доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 8,9 фоизи ёки 2,3 млрд доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.

Халқаро молиявий институтлардан (ХМИ) жалб қилинган ташқи қарз портфели ҳажми 13,8 млрд долларни ёки давлат ташқи қарзининг 53,2 фоизини ташкил этган. Давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (6 млрд доллар), Жаҳон банки (5,5 млрд доллар), Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (0,5 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 75,7 фоизи – АҚШ доллари, 8,1 фоизи - Япония иенаси, 7,2 фоизи – СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,8 фоизи – Евро, 1,6 фоизи – Ўзбек сўми, 2,6 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

2022 йил давомида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджетидан – 1 млрд 196,5 млн доллар ва давлат корхоналари маблағларидан – 1 млрд 296,6 млн доллар) 2 млрд 493,2 млн долларни ташкил этди. Шундан: давлат ташқи қарз тўловлари – 1 млрд 615,7 млн доллар:

  • асосий қарз тўловлари – 1 млрд 33,6 млн доллар;
  • фоиз тўловлари – 582,1 млн доллари;

Давлат ички қарз тўловлари – 877,4 млн доллар:

  • асосий қарз тўловлари – 731,7 млн доллар;
  • фоиз тўловлари – 145,7 млн доллар.

2023 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган битимларнинг умумий қиймати 4,5 млрд долларни ташкил қилиши, шундан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, бюджет тақчиллиги учун 2 млрд (бу ўтган йилга нисбатан 500 млрд долларга кам), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 2,5 млрд доллар (бу ўтган йилга нисбатан 500 млн доллар кўп) жалб қилиниши белгиланган.

 “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги кўзда тутилган.

Мавзуга оид