Жаҳон | 20:13 / 17.08.2023
7408
2 дақиқада ўқилади

Зеленский барча областлар ҳарбий комиссарларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Украина президенти Володимир Зеленский барча областларнинг ҳарбий комиссариатлари раҳбарларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Ҳужжат президент расмий сайтида эълон қилинган.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.ua

Ўз фармони билан Зеленский Украина миллий хавфсиздлик ва мудофаа кенгашининг Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга «областлар ҳудудий комплектлаш марказлари лавозимида бўлиш, уларни ротация қилиш амалиётидан воз кечиш» тўғрисида қарор қабул қилишни тавсия этиш тўғрисидаги қарорини кучга киритган. Янги ҳарбий комиссарларни тайинлаш ҳам Залужнийга топширилган.

Зеленский аввалроқ ишдан бўшатилган ҳарбий комиссарлар ўрнини уруш ветеранлари эгаллашини таъкидлаган эди. Украина президенти аввалроқ ҳарбий комиссариатларнинг 112 нафар ходимига жиноий иш очилгани, 33 киши коррупцияда гумондор статусини олганини қайд этган эди.

Украина президентининг сўзларига кўра, ҳарбий комиссариатлар тизимини «уруш нималигини, уруш чоғида сурбетлик ва порахўрлик — ватанга хиёнат эканини аниқ биладиган» инсонлар бошқариши лозим.

«Фронтни кечган жангчилар ёки соғлиғини, тана қисмларини йўқотганлиги сабабли окоплардан ўрин ололмайдиган, бироқ сурбет бўлмаган ва ўз қадр-қимматини сақлаб қолган инсонларга комплектлаш тизимини ишониб топшириш мумкин», — деган Зеленский.

Украина коррупцияни бартараф этиш миллий агентлиги директори Олександр Новиков ҳарбий комиссариатларнинг кўплаб ходимлари виждонли ва ҳалол инсонлар экани, ҳарбий комиссарларнинг оммавий бўшатилиши чақирилувчиларни хорижга қочиб кетиши муаммосига барҳам бера олмаслигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу ишга бошқа инсонлар, жумладан, урушда иштирок этганлар тайинланса «улар барибир мавжуд тизимга интеграция бўлишади ва алалоқибат биз барибир коррупцияга дуч келамиз». Новиковнинг фикрича, аввал «ҳудудий комплектлаш марказлари ишлаётган қоидалар ва чегарани кесиб ўтиш қоидалари ўзгартирилиши керак».

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид