Одам танламайдиган “ҳуқуқий машина”. Трамп нега таъқиб қилинмоқда?
АҚШ президентлигига такрор сайланиш учун номзодини илгари сураётган Дональд Трампга тўртинчи жиноий иш бўйича айблов эълон қилинди. Хўш, нега орадан уч йил ўтиб, собиқ президентга нисбатан кетма-кет тергов ва суд ишлари очиляпти? Ушбу сонда бунинг сабаблари ҳақида фикр юритамиз.
Шу бир йилнинг ўзида, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга қарши тўртта жиноий иш очилиб, тергов ишлари бошлаб юборилди. АҚШ – дунёнинг биринчи иқтисодиёти ва биринчи ҳарбий қудрати, демократик дунё лидери. Шунинг учун бу давлатдаги сиёсий жараёнлар – глобал сиёсатга таъсир қилади. Айниқса, келаси 2024 йил – президентлик сайловлари йили экани эътиборга олинса, Трамп атрофидаги жараёнларни таҳлил қилиш жуда муҳим.
Демак, Трампга қарши тўртта жиноий иш очилди. Улар қайсилар? 2020 йилда сайловларни ютқазиб бошлагач, Трамп Жоржия штати мутасаддиларига телефон қилиб, “етишмаётган овозларни топишни ва ушбу штатда Трамп ғалабасини таъминлашни” талаб қилган, босим ўтказган. Натижада Жоржия штати Трампга қарши сайловларни сохталаштиришга чақириқ ва қасамёд остидаги давлат мулозимига ўз ваколатларини суиистеъмол қилишга ундаш каби айблар қўйилган.
Яна 2020 йилда сайловларни ютқазиб қўйгач, Трамп ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, “Бизнинг овозларимизни ўғирлашди. Овозларимизни эшитишларига эришиш керак”, деган ва намойишчиларни Капитолийга бостириб киришига психологик рағбатлантирган.
Қолаверса, 2016 йилда ҳали АҚШ президентлигига сайлов кампанияси кетаётган вақтда Америка жамоатчилигидан ўзи ҳақидаги муҳим хабарларни яшириш мақсадида бир неча аёлларга пора берган. Натижада, АҚШ жамоатчилигидан бўлғуси президент ҳақидаги муҳим маълумотлар яширилган.
Ва ниҳоят, президентликдан кетгач, Трамп ўзининг шахсий уйига жуда кўплаб махфий ҳужжатларни олиб кетган. АҚШ қонунларига кўра, Трампнинг бу маълумотларни уйига олиб келишига ҳуқуқи бўлмаган.
Трамп президентликдан бўшаганига мана уч йил бўляпти. Лекин нега орадан уч йил ўтиб, собиқ президентга нисбатан кетма-кет суд ишлари очиляпти?
Америкада ёзилган қонунлардан ташқари, сиёсий анъана даражасидаги ёзилмаган қоидалар ҳам бор. Мисол учун, АҚШда амалдаги президентлар бошқа давлат институтлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти томонидан тийиб турилади, назорат қилинади, мислсиз танқид қилинади. Ишдан бўшагач, собиқ президентлар амалиётда “дахлсиз” деб кўрилади. Уларга катта нафақа тайинланади. Собиқ президентлар алоҳида ҳурмат-эътибор марказида бўлишади. Уларга ва уларнинг оила аъзоларига давлат томонидан тансоқчилар берилади, хавфсизлиги кафолатланади. Шунингдек, собиқ президентларнинг махфий маълумотлар олиш ҳуқуқи ҳам сақланиб қолади.
Лекин Трампга келганда ундай бўлмади. Трамп Америка тарихидаги энг зиддиятли президент бўлса, ажаб эмас. Унинг президентлиги ҳам жанжаллар, можаролар, фитналар ва тўқнашувларга бой бўлди. Трамп ҳокимиятдан кетгач ҳам, унга қарши бир эмас иккита импичмент жараёни бошланди ва биттаси кўриб чиқишга ҳам улгурилмади.
Мана энди, собиқ президент Трампга қарши тўртта жиноий иш кетяпти. Бу ишлар Трампнинг яна қайта президент бўлишига тўсиқ бўла оладими?
Биринчи сабаб – Трамп Америка элитасининг ғашига тегиб бўлган, майнстрим, яъни асосий курсдан ташқарида бўлган сиёсатчи ҳисобланади. АҚШ сиёсий элитаси, хоҳ у демократ бўлсин, хоҳ республикачи, Трампни Америка манфаатлари учун ноқулай ёки хавфли бўлган сиёсатчи деб билади.
Айни пайтда Трамп Республикачилар партияси учун ҳам катта бош оғриғи. Бу партия икки ўт орасида. Бир томондан, республикачилар ўзининг вакили ва собиқ президентини ҳимоя қилишга мажбур. Чунки демократик давлатларда партияларнинг “бирдамлик” сиёсати жуда кучли. Яъни партиялар ҳар доим имкон қадар ўзларининг аъзолари ва тарафдорларини ҳимоя қилишлар шарт.
Иккинчи томондан, Трамп Республикачилар партиясининг ҳам обрўсизланишига, зиддиятларга сабаб бўлиб келаётган сиёсатчи. Қолаверса, Республикачилар ташқи сиёсатда ҳар доим анча агрессив экспанционизм тарафдори.
Лекин Трамп Американинг анъанавий иттифоқлари ва муносабатларини тан олмайди, изоляционизмга мойил. Мақсади – имкон қадар АҚШ пулларини брутал шаклда тежаш. Бу билан Трамп Америка “либерал империячилигини” инкор қиладиган сиёсатчи сифатида кўрилади. Республикачилар учун Трамп эмас, бошқа нормал номзод майдонга чиқиб, демократлардан ҳокимиятни қайтариб олса – қулайроқ бўларди.
Келаси 2024 йил – президентлик сайловлари йили. Анъанага кўра, агар яна мандат ҳуқуқи бўлса, ҳокимиятдаги президент ўз номзодини кўрсатади. Бу билан демократлар Байденнинг номзодини кўрсатиш эҳтимоли юқори. Республикачилар партиясида эса праймериз, яъни партия ичидаги сайловлар бўлади. Трампнинг бу праймеризларда ютиш имконияти кўп.
Трампга қарши жиноий иш даъволарини, асосан либерал бўлган, демократларга мойил қарашдаги судьялар ва терговчилар олиб боришмоқда. Бир томондан бу суд ишлари орқали Трамп ва унга ўхшаш аксил-тизимли сиёсатчиларни жазолаш ният қилинмоқда. Иккинчи томондан жиддий айбловлар, Трампнинг қайта сайланишига тўсиқ бўлиши, унга бериладиган овозлар сонининг пасайиш нияти, кўзланмоқда.
Лекин кузатишларга кўра, ҳозирча, америкаликларнинг қанчалик Трамп ҳақидаги фикри салбийлашгани аниқ эмас. Социологик тадқиқотларга кўра, Трампга салбий қараш кучли. Муаммо шундаки, ўтган 2016 йилги сайловларда ҳам, сўровларга кўра, Хилари Клинтон ютиши керак эди. Аммо Трамп ютди.
Демак, америкаликлар ҳар доим ҳам ўзларининг чин қарашларини айтавермайди ва сайлов куни сайлов участкаларида ўзларининг кўнглидаги номзодга овоз бериб келишади. Трампнинг судланиши – Америкада кутилаётган сайловларни янада чигаллаштиради, кучлироқ эҳтирос беради холос.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024