Жаҳон | 11:41 / 20.08.2023
25273
11 дақиқада ўқилади

АҚШдаги ости ёнаётган шаҳар: кўмир кони устида жойлашган Сентрейлия қандай вайрон бўлди?

1962 йилда АҚШдаги Сентрейлия шаҳрида ўт ўчирувчилар қабристон ёнида жойлашган чиқиндихонани тозалаш учун ёқиб юборишади. Улар шаҳар остида кўмир қатлами борлигини билишмасди. Чиқиндихонадаги олов туфайли аввалига шаҳар четидаги ташландиқ кўмир конлари ёнади. Кейин чўғ шаҳар остига ўтади. Ўшандан буён шаҳар ости ёниб, атрофга тутун тарқалмоқда. Ер ёрилиб, чўкиб тушмоқда. Одамлар эса аллақачон шаҳарни тарк этиб бўлишган.

Фото: Kun.uz

Дунё турли ғаройиботларга тўла. Ана шундай ғаройиб ишлардан бири тасодифан АҚШнинг Пенсилвания штатида жойлашган Сентрейлия шаҳрида содир бўлган.

Бундан 61 йил аввал, 1962 йилда мазкур шаҳар кенгаши беш нафар кўнгилли ўт ўчирувчиларга шаҳар четидаги чиқиндихонани тозалашни топширади. Ўт ўчирувчилар осон йўлни танлашади ва чиқиндихонани ёқиб юборишади.

Ўша пайтда улар бу ишлари келажакда Сентрейлияда яшовчиларнинг ҳаётига хавф туғдириши ва одамлар кўчиб кетиб, шаҳар вайронага айланиши ҳақида ўйлашмаган ҳам.

Ўша пайтда ўт ўчирувчилар Сентрейлия атрофида кўмир борлигини билишар, бироқ кон шаҳар остигача чўзилиб кетганини билишмасди. Тез орада чиқиндихонада ёқилган олов шаҳар остида жойлашган кўмир қатламига ўтади ва у ёна бошлайди.

Сентрейлия бўйлаб кўмир тутуни тарқай бошлаганда одамлар уни шаҳар четидаги чиқиндихонадан келяпти деб ўйлашади. Улар шаҳар ости ҳам ёна бошлаганини билишмайди.

Орадан қарийб 20 йил ўтгандан сўнг шаҳардаги ёқилғи қуйиш шохобчаси эгаси тасодиф туфайли ер ости ёнаётганини сезиб қолади. Шундан сўнг бу ернинг аҳолиси ёппасига кўчиб кета бошлайди ва шаҳар ҳувиллаб қолади.

Шу тариқа шаҳар вайронага айланади. Ҳозирда Сентрейлиянинг жуда кўп жойларида ер ёрилган ёки чўккан. Ўша жойлардан доимий тутун чиқиб туради ва шаҳарда саноқли одам қолганини айтмаганда ҳеч ким яшамайди.

Сентрейлия шаҳри кўчаларидан бири 1980-йилларда ва ҳозир
www.documentingreality.com

Шаҳар тарихи

1841 йилда Сентрейлия шаҳри жойлашган ҳудуд атрофида илк кўмир конлари топилган. Кўп ўтмай ишчиларга қатнаб ишлаш машаққат туғдиргани учун бу ерда аҳоли пункти тиклашга қарор қилинган.

1854 йилда Александр В. Риа ва Locust Mountain Coal and Iron Company компанияси муҳандиси келиб, янгитдан қуриладиган аҳоли масканининг режасини чиза бошлайди.

Кўп ўтмай бу ерга одамлар кўчиб келишади ва аҳоли пункти шаклланади. 1865 йилда аҳоли пунктига Сентрейлия деб ном берилади. Орадан бир йил ўтиб, 1866 йилда унга шаҳар мақоми берилади. Александр В. Риа шаҳар асосчиси сифатида тарихда қолади.

Мазкур шаҳарга кўчиб келганларнинг аксарияти Шарқий Европадан кўчиб келган муҳожирлар эди. Сентрейлия овлоқ жойда экани ва одамлар меҳнат билан банд бўлгани учун шаҳарда турли отишмалар содир бўлмас, ҳиндулар ҳам ҳужум қилмасди. Шаҳар аҳолиси осойишта ҳаёт кечирарди.

Аввалига кўмирни қўлда, кейин эса саноат усулида қазиб олиш бошланади. Шаҳарда атрофида кўмирни қайта ишлаш корхоналари қурилади.

Харитада Сентрейлия жойлашган ҳудуд қизил нуқта билан кўрсатилган.

Шаҳар яқинига иккита «Philadelphia and Reading» ва «The Lehigh Valley» темирйўл тармоқлари тортиб келинади. Шаҳар атрофидан қазиб олинаётган кўмир асосан «The Lehigh Valley» темирйўл линиясидан ташиб кетиларди.

1929-1932 йилларда АҚШда содир бўлган молиявий инқироз даврида кўплаб конлар ёпилади, иш ўринлари қисқаради. Бироқ Сентрейлия аҳолиси шаҳарни ташлаб кетмайди ва шу ерда яшашда давом этади.

Ишсиз қолган кўпчилик эркаклар ёпиб кетилган конларидан ноқонуний тарзда кўмир қазиб олиб, оиласини шу тарзда боқишга мажбур бўлади.

Иқтисодий инқироз даври тугагандан сўнг шаҳар яқинидаги кўмир конлари қайта очилади. Сентрейлия аҳолиси кўмир тайёрловчи корхоналарга қайтади ва шаҳар яна аввалигидай ривожлана бошлайди.

1950 йилларда Сентрейлияда бешта меҳмонхона, иккита театр, еттита черков, банк, почта бўлими, ўн бешга яқин турли савдо дўконлари ишларди.

1960-йилларгача Сентрейлия шаҳри шу тарзда тараққий этиб келади. Бироқ 1962 йилда бир ҳодиса туфайли шаҳардаги вазият орқага қараб кетади. Одамлар бу ердан кўчиб кета бошлайди ва кейинчалик шаҳар кимсасиз жойга айланади.

Сентрейлия кўчалари, 1960-йиллар.
gigazine.net

Шаҳарликларни заҳарлаган шубҳали тутун

1962 йил 28 май куни АҚШда хотира куни нишонланиши керак эди. Сентрейлия шаҳар кенгаши хотира кунигача бу ерда тозалаш ишларини олиб боришга қарор қилади.

Кенгаш хотира кунида асосий тадбирлар ўтказиладиган қабристон яқинидаги ташландиқ кўмир конда жойлашган шаҳар чиқиндихонасини тозалаш учун беш нафар кўнгилли ўт ўчирувчини ёллайди.

Ўт ўчирувчилар чиқинди уюмларини кўмишга эриниб, уларни ёқиб юборади. Сўнг улар ёниб битгач оловни ўчиришади. Бироқ чиқиндихонадаги чўғ охиригача ўчмай қолади.

Оқибатда, аввалига чиқиндихонадаги ташландиқ кўмир кони, кейинроқ атрофдаги бошқа қаровсиз конлар ёниб тутай бошлайди.

Сентейлиядаги ёнғин шаҳар яқинидаги ташландиқ кўмир конининг ёниб кетишидан бошланган.
www.porjati.net

Бошқа версияга кўра, шаҳар чиқиндихонасини ўт ўчирувчилар ёқмаган. Чиқиндихонага кимдир ўчирилмаган сигарет қолдиғини ташлайди ва чиқиндилар ёниб кетади.

Шаҳар узра кўмир тутуни тарқалар экан, ташландиқ конлардаги чўғни ўчиришга уринишади, бироқ бунинг иложи бўлмайди. Аксинча, чўғ янада кенгроқ ҳудудларга тарқалаверади.

Шу тариқа чўғ шаҳар остидаги конларгача етиб боради. Бироқ шаҳар аҳли буни сезмайди ва кўмир тутуни ташландиқ конлардан келяпти деб ўйлаб, одатдагидай яшашда давом этаверади.

Вақт ўтиши билан кўмир ёнганда ажралиб чиқадиган углерод оксиди атрофга кўпроқ тарқала бошлайди ва одамлар соғликлари ёмонлашаётганидан шикоят қила бошлашади.

Уч-тўрт йилда шаҳар атрофидаги кўплаб конларда ҳаво ифлослангани учун ишлаб бўлмай қолади ва улар бирин-кетин ёпилади. 1966 йилда шаҳар яқинигача тортилган темирйўллар ҳам ўз фаолиятини тўхтатади.

Сентрейлия аҳолиси кўмир тутунидан турли касалликларга чалинса-да, шаҳар ости ёнаётганини сезмаётган одамлар у ерда яшашда давом этади. Вазият қанчалик жиддий эканини шаҳар аҳолиси 1979 йилда билади.

Сентрейлия яқинидаги ёнаётган кўмир кони
www.newscientist.com

Сентрейлияликларни ваҳимага солган ҳодиса

1979 йилда шаҳардаги ёқилғи қуйиш шохобчаси эгаси ёқилғи қанча қолганини аниқлаш мақсадида ер остида жойлашган сиғимга ўлчагич ускуна қўяди.

Кунларнинг бирида «заправка»чи ускунани сиғимдан чиқариб олганида у қизиб кетганди. АЁҚШ эгаси сиғимдаги ёқилғини текшириб кўрганда ундаги ҳарорат +78 даража иссиқни кўрсатар эди.

Шунда у АЁҚШ жойлашган ҳудудда ер ости ёнаётганини билади ва дарҳол шохобчани ёпади. Акс ҳолда сиғимдаги ёқилғи исталган пайтда портлаши мумкин эди.

АЁҚШдаги ҳодиса туфайли одамлар Сентрейлия кўмир кони устига қурилганини, ташландиқ конлардаги чўғ шаҳар остига ҳам етиб келганини билишади.

Шундан сўнг аҳоли ваҳимага тушади ва айримлар шаҳардан кўчиб кета бошлайди. Бошқалар яшашда давом этади.

Сентрейлиядаги ташлаб кетилган уйлар, 1990-йиллар
article.wn.com

Шаҳар аҳолисини кўчириш

1981 йилда шаҳарда шов-шувли воқеалардан бири содир бўлади. 12 ёшли Тодд Домбоски бувисиникига борганда тўсатдан ҳовлида кенглиги 1,2, чуқурлиги 45 метр бўлган ёриқ пайдо бўлади.

Бола йиқилаётиб дарахт илдизини ушлаб қолишга муваффақ бўлади ва чуқурнинг тепа қисмига илиниб қолади. Ўша пайтда Тодднинг ёнида бўлган акаси уни қутқариб қолади.

Тодд билан содир бўлган воқеа шаҳарда жуда катта шов-шув келтириб чиқаради. Зудлик билан шаҳар мэри, сенатор, полиция бўлими бошлиғи ва бошқа мутасаддилар ёриқни келиб кўришади.

Улар вазият жиддийлигини кўришади ва штат маъмуриятига вазият ҳақида хабар беришади.

Кўп ўтмай шаҳарга турли ОАВ вакиллари келади ва Тоддан интервью олишади. Шаҳардаги вазият ҳақида репортажлар тайёрлашади. Улар орасида The New York Times нашри мухбирлари ҳам бор эди.

Нуфузли газетада Тодд билан содир бўлган ҳодиса ҳақида мақола эълон қилингач, бутун мамлакат Сентрейлия шаҳри ва унинг атрофида содир бўлаётган ҳодисадан хабар топади.

Шундан сўнг АҚШ ҳукумати Сентрейлия шаҳридаги вазиятга жиддий эътибор қаратади ва одамларни бошқа жойларга кўчириш масаласини кўриб чиқа бошлайди.

1984 йилда Конгресс Сентрейлия шаҳрида яшовчиларни кўчиришга тайёргарлик кўриш ва ташкиллаштириш учун 42 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратади.

Кўпчилик ҳукуматнинг бошқа жойга кўчиш ҳақидаги таклифини қабул қилади ва Сентрейлия шаҳрига яқин бўлган Маунт-Кармел ва Эшланд шаҳарчаларига кўчиб ўтади. Ҳукумат вакилларининг огоҳлантиришларига қарамай бир неча нафар одам Сентрейлияда қолишга қарор қилади.

1992 йилда Пенсилвания штати ҳукумати Сентрейлиядаги барча биноларни фойдаланишга яроқсиз деб топади ва уларни бузиб ташлашга рухсат сўрайди. Аҳолининг суд орқали муаммога ечим излашга бўлган уринишлари муваффақиятсизликка учрайди.

2002 йилда АҚШ почта хизмати шаҳарнинг 17927 рақамли почта индексини бекор қилади.

Сентрейлия бугун

Сентрейлияда қарийб 40 йилдан буён саноқли одамни айтмаганда ҳеч ким яшамайди. Шаҳардаги биноларнинг аксарияти қаровсиз қолиб, вайронага айланган.

Шаҳарнинг катта қисми чакалакзорлар билан қопланган. Ҳатто йўлларнинг ёрилган жойларидан ўтлар ўсиб чиқиб, ўтлоқ устидан асфалт йўл тортгандай бўлиб турибди.

Ҳозирда Сентрейлиянинг турли бурчакларида огоҳлантириш белгилари ўрнатилган. Уларда шаҳар ости ёнаётгани ва ундан инсон саломатлиги учун хавфли бўлган угар гази ажралиб чиқаётгани ва оёқ ости чўкиши мумкинлиги ёзилган.

Шаҳар ичида жуда кўп жойда, шунингдек, Пенсилвания 61-трассаси (бу йўл 1990 йилда ёпилган) ва унинг ёқасида жойлашган қабристонда ёриқлар пайдо бўлган ва улардан доимий равишда тутун чиқиб туради.

Бугун шаҳар ва унинг атрофида ер ости ёнишда давом этмоқда ва йилдан йил бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра ҳозир Сентрейлия шаҳри ва унинг атрофида 160 гектар ернинг ости ёнмоқда. Шу зайлда бу жойда ер ости 250-300 йил ёниб туради.

Вазият ҳозиргидай давом этаверса ер остидаги чўғ номаълум нуқтагача ҳаракатланиб кетаверади. Ҳукумат ер остида ёнаётган ҳудуд катталиги учун бу ерда оловни ўчиришнинг мутлақо иложи йўқ деб ҳисобламоқда.

Сўнгги йилларда Сентрейлия шаҳрига сайёҳлар ташриф буюриб, бу ердаги вазиятни томоша қилишмоқда. Уларга шаҳарда қолган кишилар хизмат кўрсатади.

Сентрейлияга келган сайёҳлар
vokrugsveta.ua

Шунингдек, шаҳар илмий-оммабоп йўналишларда ҳужжатли филм олувчиларнинг доимий масканига айланган. Бундан ташқари, Сентрейлия шаҳрида турли табиий офатлар ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий филмлар учун кадрлар тасвирга олинмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид