Британияда етти чақалоқни ўлдирган ҳамширага ҳукм чиқарилди
Манчестер суди етти нафар янги туғилган чақалоқни ўлдиришда айбдор деб топилган ҳамшира Люси Летбини афв этиш ёки шартли равишда озод қилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу Британия ҳуқуқ тизимидаги энг оғир ҳукм ҳисобланади.
Қораловчи томон айбланувчининг ҳаракатларини онгли равишда садизм деб баҳолаб, айнан шундай ҳукм сўраганди.
Летби Англия ҳуқуқи тарихида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган тўртинчи аёлга айланди.
Британия тизимида умрбод қамоқ жазосининг икки тури мавжуд.
Улардан бирига кўра (life sentence) маҳкумни муддатидан олдин озод этиш ҳуқуқи бўлади. Ҳукмни ўқиб эшиттириш чоғидаёқ судя маҳкум апелляция бериш ҳуқуқига эга бўлгунига қадар қанча вақт қамоқда қолиши лозимлигига аниқлик киритади.
Иккинчи жазо тури (life order) оғирлиги ва ижтимоий зарарига кўра фавқулодда жиноят содир этилган тақдирда, асосан серияли қотилликлар учун қўлланади. Бунда маҳкум муддатидан олдин озодликка чиқиш ва афв этилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бунга фақат истисно ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.
Летбининг ҳимоячилари ҳукм эълон қилинишидан олдин ҳам бу ишда қандайдир енгиллаштирувчи ҳолатларни излаш ва ҳакамлар ҳайъатининг марҳаматидан умид қилиш имкони йўқлигини айтишганди.
Летби ҳукм эълон қилиниш вақтида суд залида бўлишдан бош тортди.
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак унинг ўз қурбонларининг оила аъзолари кўзига қарашдан бош тортганини шармандали қўрқоқлик деб атади. У ҳукумат қонунчиликка ўзгартиришлар киритиб, маҳкумлар ҳукм вақтида суд залида бўлишини таъминлашига ваъда берган.
Шу билан бирга, судя Жастис Госс маҳкумга мурожаатини у худди суд залида бўлгандек ўқиб эшиттирди.
«Янги туғилган чақалоқлар ҳаёти бошланган заҳоти тўхтатилди, уларнинг яқинларининг ҳаёти эса абадий вайрон бўлди. Бундай қилмиш сабаби фақат сенинг ўзингга маълум», - деган судя Госс.
Судя Люси Летби D чақалоқни ўлдиришидаги сурбетликка алоҳида эътибор қаратган. Чақалоқ жон бераётганида ҳамшира уни сақлаб қолишга ҳаракат қилган бошқа шифокорлар билан бирга реанимация жараёнида фаол иштирок этган.
Шунингдек, судя барча чақалоқларнинг ўлими ва саломатлигига жиддий зарар етказиш ҳолатлари бўйича батафсил тўхталиб ўтган.
Ҳамшира Летби қандай жиноятларда айбдор деб топилган?
Еттита исботланган қотилликдан ташқари, Летби устидан суд жараёни давомида у яна олти нафар чақалоқ ҳаётига суиқасд қилгани гумон қилинган.
Суд жараёнида кўриб олти эпизод бўйича ҳакамлар ҳайъати ҳукм чиқара олмади.
Люси Летби 2015 йилнинг июнидан 2016 йилнинг июнига қадар Честер графлиги касалхонасида (Честер графлигидаги Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг асосий шифохонаси) ишлаётган вақтида янги туғилган чақалоқларни шприц билан ҳаво киритиш орқали ўлдирган.
Шунингдек, у ортиқча овқатлантириш ва инсулин билан заҳарлаш каби усулларни ҳам қўллаган.
Летбининг айрим ҳамкасблари дастлабки уч ўлим ҳолатидан кейиноқ ундан гумон қила бошлаган: барча ўлим ҳолатлари унинг навбатчилик вақтига тўғри келган.
Аммо шифохона маъмурияти бунга жиддий қарамаган.
«Люси Летби, ҳеч қандай ҳукм биз сенинг қилмишинг оқибатида бошдан кечирган азоб-уқубатлар ўрнини боса олмайди», деган ҳукм эълон қилинишидан олдин С чақалоқнинг онаси (ҳамшира томонидан ўлдирилган чақалоқлар иш материалларида ҳарфлар билан номланган).
Ҳукм эълон қилиниши арафасида адвокатлар ҳамширанинг дастлабки қурбонлари бўлган эгизаклар (А ва В, уларнинг иккинчиси суиқасддан омон қолган)нинг ота-онаси баёнотини эълон қилишди.
Уларнинг сўзларига кўра, мутлақо тушунарсиз ва фожиали биринчи ўлимдан кейин оила аъзолари В чақалоқ ёнидан жилмасдан навбатчилик қилгани туфайли иккинчи чақалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Душанба куни эрталаб судя ва суд залида бўлганларнинг барчаси Летбининг қурбони бўлган чақалоқларнинг гувоҳликлари ва иқрорларини тинглашди.
Айримлар ҳамширага нисбатан нафрат ўзлари учун фарзандини йўқотиш каби ҳалокатли таъсир кўрсатганини тан олишган.
Летби суд жараёнида айбдор эмаслигини айтган. Унинг ҳимоячилари чақалоқларнинг саломатлиги бирдан ёмонлашиши ва вафот этиши табиий сабаблар ва бошқа омиллар, жумладан, шифохонада ходимлар етишмаслиги ёки болалар етарлича парвариш қилинмагани туфайли рўй берганини тахмин қилган.
Полиция янги туғилган чақалоқлар ўлимини текширишни 2017 йил май ойида бошлаганди. Летбига 2020 йил ноябрига келиб айблов эълон қилинади. У ишлаган неонатал бўлимдагилар шифохона раҳбарияти Летбига қарши айблов бўйича вақтида текширув ўтказмагани ва ҳамширадан шикоят қилган шифокорларнинг оғзини ёпишга ҳаракат қилганини айтишган. Ҳукумат бу ҳолат юзасидан ҳам текширув ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Британиядаги умрбод қамоқ жазолари
Буюк Британияда умрбод қамоқ жазосини қўллаш 1983 йилдан бошланган. Қарийб 20 йил мобайнида бундай ҳукмни фақат мамлакат ички ишлари чиқариши мумкин эди, аммо 2002 йилда бундай қарор қабул қилиш ҳуқуқи судяларга ўтказилди.
Британияда умрбод қамоқ жазосини олган илк аёл 1990 йилда Майра Ҳиндли бўлганди. У қотиллик учун қамалган ва 2022 йилда қамоқхонада вафот этган.
Яна иккиси - Роуз Уэст ва Жоанн Деннеҳи - ҳамон жазони ўташда давом этмоқда.
Уэст 1995 йилда қамалган, у ўз турмуш ўртоғи Фред Уэст билан биргаликда 10 та қотиллик содир этишда айбдор деб топилган.
Деннеҳи 2014 йилда уч эркакни ўлдиришда айбланиб судланган, у ўз қурбонларини Питерборо шаҳри чеккасидаги ариққа ташлаб юборган.
Умрбод қамалган бошқа маҳбуслар қаторида қуйидагилар ҳам бор:
- 2021 йилда йўлда Сара Эверардни ўғирлаб кетиб, кейинроқ уни ўлдирган Британия полицияси собиқ зобити Уэйн Казенс;
- Парламент депутатлари Жо Кокс ва сэр Дэвид Амессани ўлдирган Томас Мэйр ва Али Ҳарби Али;
- Пойтахт полицияси сержанти Мата Ратанни ўлдирган Луи Де Соуза.
Мавзуга оид
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
00:46 / 10.11.2024
Британияда одамларнинг ДНК маълумотларини сақлаб келган компания изсиз йўқолди
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
18:17 / 08.11.2024