Фан-техника | 14:17 / 21.08.2023
65351
2 дақиқада ўқилади

Инсон танаси учун мўлжалланган кондиционер ихтиро қилинди

Муҳандислар смартфон ўлчамида портатив кондиционер яратишга муваффақ бўлишди.

Фото: hycier.com

Хитой стартапи QOOLA Pro ихчам ташқи кондиционерни тақдим этди. Бу ҳаддан ташқари терлаш ва иссиқликка чидамсиз одамлар учун ҳақиқий ечимдир.

Қурилма тананинг исталган қисмига - қўллар, оёқлар, орқа ва ҳатто юзга бириктирилиши мумкин. Бунинг учун узунлиги созланиши мумкин бўлган махсус тасма мавжуд. Ишлаб чиқувчилар уни белга жойлаштиришни тавсия қиладилар, бу ҳолда салқин ҳаво бутун тана атрофида айланади.

Гаджетнинг оғирлиги атиги 190 грамм, шунинг учун у амалда ноқулайлик туғдирмайди.

Кондиционер ҳароратини 12°С дан 21°С гача созлаш мумкин. Совитиш учун атиги 30 сония вақт етарли экани, битта заряд билан 8 соат давомида совитиш мумкинлиги айтилмоқда.

QOOLA Pro ташқи ҳароратга қараб қувватни автоматик равишда ўзгартира оладиган сунъий идрок режимига эга. Муҳандислар қурилмани смартфондан бошқариш учун махсус мобил иловани ҳам ишлаб чиқди.

QOOLA Pro учун 69 долларга (тахминан 830 минг сўм) олдиндан буюртма бериш мумкин. У ноябрь ойидан харидорларга етказиб берилади.

Мавзуга оид