Иқтисодиёт | 18:52 / 21.08.2023
55507
9 дақиқада ўқилади

Россия рублнинг долларга нисбатан қурбини қандай қутқариб қолмоқчи?

Рубл 1998 йилги дефолтнинг 25 йиллигини 1 долларга нисбатан 100 рубллик курс ва уни Россия Марказий банкининг жонҳолатда барқарорлаштиришга бўлган уринишлари билан қарши олди. Ўтган ҳафтанинг қизғин воқеалари рублнинг қулаши билан боғлиқ мини-инқирозни ҳал қилишда бирдамлик йўқлиги ҳамда Россия ҳокимияти учун хос бўлмаган қатъиятсизликни кўрсатиб қўйди.

Рублнинг сакрашлари

Рубл июл ойи бошларидан талвасага туша бошлади. Бевосита сабаб сифатида таҳлилчилар Евгений Пригожиннинг амалга ошмаган исёнини ҳам санашган бўлса-да, фундаментал омиллар анча чуқурроқда. Бутун июл ойи мобайнида ва август ойи бошларида рубл арзонлашди, гарчи Марказий банк 21 июл куни 2022 йил баҳоридан буён асосий ставкани 8,5 фоизгача кўтарган бўлса ҳам. 9 август куни Марказий банк раиси ўринбосари Алексей Заботкин «Известия» нашрига берган интервюсида инфляцион кутилмалар ва корпоратив чакана кредитлаш миқдори ошиб бориши фонида регулятор асосий ставкани оширишини очиқ айтган эди. Бироқ бу гаплар етарли бўлмади — 11 август, жума куни савдолар якунланишига доллар 99,43 рубл қийматида тўхтади ва 100 рубллик довонни забт этишга ҳозирлик кўра бошлади.

Лекин бу воқеа содир бўлгунга қадар, 14 август куни эрталаб президент ёрдамчиси Максим Орешкин ТАССда эълон қилинган мақоласи билан рубл волатиллиги ҳафтасини очиб берди. Кўп йиллар давомида Россия Марказий банкини қатъий сиёсати учун танқид қилиб келган Орешкин ўз мақоласида кутилмаганда қарашларини ўзгартириб, сиёсатни янада қатъийлаштиришга чақирган. Кучсиз рубл Россия учун фойдали эмаслигини тушунтириб, рубл қадрсизланиши ва инфляция тезлашувига юмшоқ пул-кредит сиёсатини асосий манба деб атади ва рубл қулашида МБни айблади. Моҳиятан Орешкин қуйидагиларни таъкидлади: рубл қулашида камайиб бораётган даромадларга қарамасдан бюджет харажатларини оширган ҳукумат ва Кремл эмас, базавий ставкани жуда тез пасайтирган Марказий банк айбдор.

РФ президенти ёрдамчиси Максим Орешкин. Фото: biografiy.ru

Орешкиннинг мақоласи наф бериш ўрнига рублнинг қулашини янада тезлаштирган. Орадан бир неча соат ўтиб МБ сешанба куни базавий ставка бўйича навбатдан ташқари (бир ой аввал) йиғилиш ўтказишини эълон қилди. Бу анонсдан сўнг доллар куни 95 рублгача тушди, бироқ базавий ставка кескин (12 фоизгача) кўтарилганидан сўнг яна 99 рублгача кўтарилди. Шундан сўнг МБ кутилмаган қарорга келди — базавий ставка оширилиши тўғрисидаги пресс-релиздан бир неча соат ўтгач, унга қўшимча қилиб, базавий ставкани кўтариш яна давом эттирилишини шама қилди.

Бироқ бу ҳам курсни барқарорлаштира олмади: бозор капитал ҳаракатини чеклаш бўйича чораларни кутаётган эди. Бозор иштирокчиларининг фикрича, рубл волатиллиги шароитида кўплаб компаниялар ўзининг рублдаги қарздорлигини ёпиш учун валюта тушумларини сотишни маъқул кўрмаётганди, бунинг ўрнига курс қиммат бўлишини кутиб, нисбатан арзон рублли кредитлар олишга ҳаракат қилган. Бу ҳам ўз навбатида рублга босимни оширган.

Базавий ставка оширилиши тўғрисидаги хабарлар тарқатилиши асносида Марказий банк июн ойи охирларидан бошлаб рубл курси қулашига сабаб хомашё экспортидан даромадлар пасайиши фонида бюджет харажатлари ошиб бораётгани сабабчи, дея Орешкин билан баҳсга ҳам киришди.

Россияда валюта тушумларининг ички бозорда сотуви кейинги бир йилда уч баробарга пасайган.

«Ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларидан ҳам ошиқча бўлган ички талабнинг ошиб бориши барқарор инфляцион босимни кучайтиради ва импортга юқори талаб орқали рубл курси динамикаси таъсир ўтказади. Натижада рубл кучсизланишининг нархларга ўтказиш эффекти кучаяди ва инфляцион кутилмалар ҳам ошади», — дейилган РФ Марказий банки баёнотида. МБ ҳеч қандай бошқа чекловлар ҳақида эълон бермади.

Қўл бошқаруви

Сешанба куни ҳукумат курсни «қўл бошқаруви» билан тартибга солишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги илк хабарлар пайдо бўлди. Bloomberg нашри Путин ҳукуматнинг иқтисодий блоки билан йиғилиш ўтказиши ва унда капиталнинг ҳаракатига чекловлар муҳокама қилиниши тўғрисида хабар берди.

Чоршанба куни дастлабки тафсилотлар пайдо бўлди. Унга кўра, ҳукумат ҳозирча валюта назоратини қатъийлаштирмасликка қарор қилган — экспортчилар ўз ихтиёри билан, маълум бир меъёрий мажбурловларсиз валюта тушумларини сотишга рози бўлишган. Агар компаниялар, асосан ўғит экспортчилари валютани «ихтиёрий топширишмаса» ҳукумат солиқларни ошириб, тушумни мажбурий топшириш меъёрларини жорий этиш билан уларни огоҳлантирди.

Бу хабарлар бозорни тинчлантирди. Доллар курси 93 рублгача тушиб кетди. Жума куни савдолар ёпилишидан аввал 93,7 рубл чегарасида тўхтади (Душанба куни ушбу мақола ёзилаётган пайтда Москва биржасида доллар курси 93,86 рубл атрофида эди — таҳ.).

Жума куни кечқурун Bloomberg чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишнинг айрим тафсилотларини эълон қилди. Нашр манбаларига кўра, Марказий банк вакиллари капитал ҳаракатини назорат қилишни қатъийлаштиришга кескин қарши чиқишган — бу вақтда РФ молия вазири Антон Силуанов экспортчиларни валюта тушумининг 90 фоизини МБ курсида сотишга мажбурлаш кераклигини талаб қилиб туриб олган.

Нима бўлганда ҳам курсни бошқаришнинг асосий механизми (бу Россия учун нафақат иқтисодий, балки сиёсий кўрсаткич ҳам саналади) аввалгидек қўл бошқаруви бўлиб қолди. Бундан ташқари, биз долларнинг 100 рублдан юқори курсига ҳукумат тоқат қила олмаслигига ҳам гувоҳ бўлдик. Юқори базавий ставка ва бюджет харажатларининг йил бошидаги кескин тезлигидан сўнг секинлаштирилиши ўз ишини қилиши мумкин — бироқ бу ҳам ҳали аниқ эмас.

Уруш туфайли ошиб бораётган бюджет харажатларини қисқартириш ҳозир сиёсий жиҳатдан имконсиз — айниқса Путиннинг қайта сайлаш кампанияси ҳисобга олинса: Россияда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йил мартида бўлиб ўтади.

Солиқларни ошириш билан ўсиб бораётган импортни қисқартириш ҳам мураккаб бўлади, «кулранг» ва ноозиқ «параллел импорт»нинг ошиб бораётган роли ҳисобга олинса. Эҳтимол Россияни тарк этаётган хорижий компаниялар активларни сотишни тақиқлаш рублни қувватлаган бўларди — лекин бу шу савдолардан солиқ олувчи бюджетга ҳам, нархи тушган активларни сотиб олувчи нуфузли харидорларга ҳам манфаатли эмас.

Базавий ставканинг оширилиши кредит иштаҳасини пасайтириб, бир томондан ҳукуматга бюджет тақчиллигини ёпиш учун ички бозорда қарз олишни қийинлаштиради, иккинчи томондан Россия иқтисодиётини яна қайта рецессия ҳолатига тушириб қўйиши ҳам мумкин. Давлат қарзи даромадлилиги эгри чизиғига асосланган Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, Россияда рецессия пайдо бўлиши имкониятлари ярим йил ичида базавий ставка оширилиши натижасида 6 офиздан 21 фоизгача кўтарилган.

Россия ички давлат қарзининг ўсиб бориш динамикаси.

Базавий ставканинг икки хонали сонгача кескин кўтарилиши аввал ҳам рўй берган. Масалан, 2014 йилда нефт нархлари қулаши ва 2022 йилда Украинага бостириб кирилганидан сўнг. Ўшанда бу чоралар сиёсий-иқтисодий инқироз ва саросимага жавобан қилинган эди. Ҳозир бундай сабабларнинг ўзи йўқ. Курс мини-инқирозининг асосий сабабларидан бири — хорижликлар тарк этган бозорнинг паст ликвидлиги ва ҳокимиятнинг уруш оқибатларини бюджет харажатлари учун пул чоп этиш ва арзон кредитлар бериш билан ёпишга ҳаракати бўлмоқда.

Муҳим жиҳат: сиёсий жиҳатдан қизғин ҳафтада ҳокимиятнинг 2014 ва 2022 йилларда бўлганидек бирорта якдил ҳаракати ҳам кўзга ташланмади. Президентнинг рубл қулашида доимо биринчи айбдорлар ҳисобланувчи Марказий банк ва унинг раиси Элвира Набиулинага анъанавий ишонч билдириши ҳам кузатилмади.

Россия марказий банки раиси Элвира Набиулина. Фото: rtvi.com

Энди нима бўлади?

Ҳозирча доллар курсини 90 рублдан бироз юқорироқ ушлаб туриш учун қўл бошқаруви ва базавий ставка етарли. Лекин бу қанча давом этишини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. «Ким айбдор?» деган очиқча баҳсга Путин аралашмаётгани туфайли барқарорлик ҳисси ҳам пайдо бўлмаяпти.

Бу ҳолатда рубл қулашининг асосий сабаблари ҳаммага тушунарли. Бюджет харажатлари, имтиёзли кредитлаш, ишчи кучи етишмаслиги, бозорнинг паст ликвидлиги — буларнинг барчасининг сабаби урушда. Токи вазият ўзгармас экан, бозор иштирокчилари доимо беқарорликка тайёр туриши керак. Истеъмолчилар эса бунинг учун тўлов қилишга.

Мавзуга оид