Бош прокуратура «чаржбэк» нақдсиз ҳисоб-китоб тизимида янги фирибгарлик воситаси эканини хабар берди
Бошқа шахснинг банк картасига товар харид қилиб, кейинчалик, картанинг ҳақиқий эгаси эътирозига кўра тўловлар банк томонидан бекор қилинмоқда.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бу жиноий схема Ўзбекистонда аллақачон кенг тарқалиб, бир қатор тадбиркорлик субъектлари бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлардан жабр кўрмоқда.
«Чаржбэк» – бу карта эгаси томонидан хизмат кўрсатувчи банк орқали банк карта операциясига эътироз билдириш ва бекор қилиш тартиби. Дастлабки ҳимоя функциясига қарамай, «чаржбэк» механизми нотўғри даромад кўриш учун тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.
Масалан, мижоз интернет-дўкондан 8 миллион сўмлик ноутбукни бошқа шахснинг банк картаси орқали онлайн тўлов билан харид қилади. Бир муддат вақт ўтгач, бу картанинг қонуний эгаси бундай операцияни амалга оширмагани сабабли хизмат кўрсатувчи банкка тўловни қайтаришни (чаржбэк) талаб қилади.
Банк бу маблағни товар сотувчиси ҳисобидан чиқариб, мижозга 8 миллион сўм қайтаради. Сотувчи харид маълум бир тўловчи томонидан амалга оширилганини исботлай олмайди, чунки у мижоз шахсига аниқлик киритиш учун қўшимча чоралар кўрмаган.
Бундай ҳолатларда тегишли чоралар кўрилмагани, «чаржбэк» механизмидан нотўғри фойдаланиш оқибатида компаниялар зарар кўрмоқда.
Қайд қилинишича, айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан чаржбэк фирибгарлигини текшириш ва олдини олишнинг аниқ услуби ишлаб чиқилмаган.
Банкларда ҳам ушбу механизм билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳозирча махсус тартиблар мавжуд эмас. Бизнесга оид йўқотишларни камайтириш учун ушбу масалалар доирасида қўшимча ишлар қилиниши зарурлиги таъкидланмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2022 йилда чакана тўловларнинг умумий ҳажмида тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар улуши 65 фоизга етди. Бу билвосита «чаржбэк» потенциал хавфларининг ортиб бораётганидан далолат беради.
Оддий фирибгарлик схемасидан фарқли ўлароқ, «чаржбэк» тартиби тўловни қабул қилиб олувчининг айбини исботлашни талаб қилмайди. Мижоз томонидан олинган товар/хизматларнинг йўқлиги ёки компания фирибгарликда гумон қилинганлиги ҳақидаги шикоятнинг ўзи етарли. Исботлаш мажбурияти тадбиркор зиммасига тушади, бу масофавий савдо шароитида қийин, айниқса мижоз бошқа давлат фуқароси бўлса.
Суд амалиётининг таҳлили «чаржбэк»дан нотўғри фойдаланиш схемаларини кўрсатмоқда: кейинчалик қайтариб бериш шарти билан товарларни ҳақиқатда қайтариб бермасдан сотиб олиш; ўғирланган, деб эълон қилинган карта орқали тўлов қилиш, қонуний эгаси томонидан чаржбэк мақсадида бошқа фуқаронинг картасидан фойдаланиш; етказиб бериш орқали харид қилиш, лекин гўёки қабул қилинмади, деган важ орқали чаржбэк операциясини амалга ошириш.
Қабул қилинган маблағларнинг қонунийлигини исботлаш вақт ва молиявий харажат талаб қилади. Тўғридан-тўғри йўқотишдан ташқари, битимлар бўйича тез-тез эътирозлар келиб тушиши оқибатида компаниялар ўз обрўсига путур етказади ва жарима тўлашга олиб келади.
«Чаржбэк» хавфини минималлаштириш учун мутахассислар қуйидагиларни тавсия қилади: биринчидан, тўловни амалга оширувчи шахсини тўлиқ текшириш; иккинчидан, харидор ва сотиш параметрлари ҳақидаги маълумотларни ёзиб олиш.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
23:51 / 27.10.2024
Бош прокуратура ОАВ вакилларини тасдиқланмаган ахборот тарқатишдан огоҳлантирди
15:34 / 24.10.2024
Саноат корхоналари чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатишни пайсалга солмоқда — Бош прокуратура
13:05 / 11.09.2024