Ўзбекистон | 15:17 / 22.08.2023
31837
5 дақиқада ўқилади

Темурбеклар мактаби имтиёзи: у максимал балл тўплаган абитуриентларни синдирдими? 

Мандат натижалари эълон қилингач, имтиҳондан максимал – 189 баллни олган айрим абитуриентлар контракт асосида ўқишга қабул қилингани маълум бўлди. Бунга Темурбеклар мактаби битирувчиларига берилган имтиёз сабаб бўлган. “Шунча йил қийналиб ўқиб, максимал балл олиб, яна контрактга кирганимизни кўриб шокка тушдик”, дейди абитуриентлардан бири.

Фото: Президент матбуот хизмати

22 август куни мандат натижалари эълон қилинди. Унда максимал балл тўплаган абитуриентларнинг айримлари контракт асосида ўқишга тавсия этилган. Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида ўтиш балли 205,2 баллни ташкил қилган. Натижада энг юқори – 189 баллни йиғганлар ҳам контрактга тушиб қолган. Шундай вазиятга тушган абитуриентлар Kun.uz билан боғланиб, натижадан норози эканликларини айтишмоқда. Улардан бири Андижон вилояти Хонабод шаҳрида яшовчи Муҳайё Абдулвоҳидова ҳам 189 баллни тўплаб, грантга киролмаган. Муҳайёнинг айтишича, инглиз тилини 1-синфдан бери ўрганади. IELTS ва тарихдан сертификати бўлган.

Имтиҳон топширганимнинг эртаси кунига жавоблар чиқди. 189 балл олгандим. Ҳамма табриклаб, грантга кирганимни айтаётганди. Бугун кечқурун мандатни кўрсак, сариқ контрактда турибман. Очиғи, 189 балл олганлар контракт ҳақида ўйламаганмиз. Ота-онам ўйлама, ўқитамиз деяпти. Ҳозир укам Тошкентда академик лицейда ўқишга кирган. Опам ҳам талаба. 2 болани Тошкентга юбориш, турар жой, кийим кечак қилиш керак. Яна контрактга 22 миллионни тўлаш осонмас-да”, – дейди у.

Худди шу университетнинг халқаро муносабатлар йўналишига топширган Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи Санжар Тилаволдиев ҳам 189 балл олиб, контакт асосида талабаликка тавсия этилган. У ҳам 3 йил тайёрланиб ўқишга топширган.

Ҳаммамиз грантни кутгандик. Чунки 189 балл олгандик. 3 йилдан бери тайёрлангандим. Максимал балл учун контракт жуда адолатсизлик бўлди. Биздан олдин кирганлар 3 киши Темурбеклар мактаби ўқувчилари экан. Шу 3 кишини балли 217 баллдан 205 баллгача бўлди. ЖИДУга ўзи 3та грант берилган. Биз ўз-ўзидан контрактга тушдик. Қолаверса, бизнинг йўналишимизда максимал баллар ҳам 20та бўлганди, танлов устуворлиги сабабли улар ҳам пастга тушиб кетди. Шунинг ҳисобига нисбатан билими баланд болалар ҳам контракт бўлиб қолди. Ўтган йили 12та 189 бўлса, уларнинг ҳаммасига грант берилганди, бу йил эса контракт деяпти”, – дейди у.

Худди шу университетга ҳужжат топшириб, максимал балл тўплаб, контрактга кирган навоийлик Мухлиса Эргашева ҳам жуда катта умидлар билан грантни кутганини айтади.

Энг юқори балл 189 ни қўлга киритдим. Ота-онам, устозларимнинг олдида ишончларини оқладим. Аммо мандат чиққандан кейин қарасам унга : "Сиз Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига тўлов-контракт асосида қабул қилиндингиз", — деб ёзилганди. Мен умуман тушунмадим, шокда эдим ўша пайт.

Шунча йил ота-онамиз бизни қийналиб ўқитди. Репетиторга пул бериб ўқидик. Улар ҳам кам қийналишдими? Устозларим ҳам шу ўқувчиларнинг ота-онаси олдида юзим ёруғ бўлсин деб дарс ўтди. Ўқишда бир кун ўқимай туриб, Адолат фақат қизларнинг исми бўлиб қолиб кетаверадими шунақа?" – дейди у.

Тегишли ҳужжатга кўра, 2021/2022 йилдан бошлаб ўқишга киришга максимал балл тўплаган 200 нафар абитуриентга Президент гранти жорий этилади ва улар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Лекин максимал балл олганларнинг ҳаммаси ҳам грант ўқишга қабул қилиниши сўроқ остида.

Қолаверса, Темурбеклар мактаби имтиёзи ҳисобига 1та саволга хато жавоб бериб 1 балл паст балл олганларнинг ҳам контрактда ўқиши қанчалик адолатли?

Шу саволни ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўртага ташлаган.

Тўғри, кимдир ақллилик қилиб айтиши мумкин, 189 балл тўплаганларга Президент гранти берилади ва улар бюджетда ўқийди, деб. Аммо бу муаммонинг ечими эмас. Унда 187,9 балл тўплаган қизлар-чи? (4-расмга қаранг). Улар мажбурий фандан атиги 1 тагина хато қилган ва энди 4 йил контрактда ўқиши керак. Бечора қизлар, хато қилишга ҳаққи йўқ қизлар...”, – деб ёзган у.

Маълумот учун, қонунчиликда Темурбеклар мактаби битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа ОТМда эса 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилиши белгиланган. Бунинг натижасида юқоридаги каби максимал баллни тўплаган абитуриент ҳам контракт асосида ўқишга киришга мажбур бўляпти.

Бу тартибга норозиликлар мандат жавоблари эълон қилинмаган пайтда ҳам бир неча марта фаоллар томонидан кўтарилиб, яхшигина резонансга сабаб бўлганди. Лекин тегишли ташкилотлар норозиликларни инобатга олмаган кўринади.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz

Мавзуга оид