Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонда Назарбоев кутубхонаси ўрнига Президент маркази барпо этилади
Қозоғистонда Очиқ бюджет порталида биринчи президент Нурсултон Назарбоев номига аталган ахборот-мафкуравий мажмуанинг кейинги ишлашини таъминлашга қаратилган лойиҳанинг очиқ муҳокамаси якунланди.
2023 йил бошида Қозоғистонда «Биринчи президент — Элбоши тўғрисида» қонун уз кучини йўқотган. Яна шуниси маълумки, собиқ президентнинг девонхонаси ва кутубхонасини молиялаштириш қисқартирилган. Яқинда Назарбоев ўз номидаги олийгоҳ, мактаб ва жамғарманинг васийлик кенгаши раҳбари статусидан ҳам маҳрум бўлди, деб ёзади Orda.kz.
Таҳририят ихтиёрига келгусида бу ташкилотларни нималар кутаётганига аниқлик киритувчи ҳужжат келиб тушган.
2023 йилнинг 19 июнида Назарбоев номидаги кутубхонага янги мақсад ўйлаб топилди — архив ва музей ишини ташкил қилиш, Нурсултон Назарбоевнинг яратувчанлик ва ижодий ғоялари ва ташаббусларини информацион ва имижли тарғиб қилиш. Бунинг учун бюджет дастури раҳбари — собиқ президент девонхонаси раҳбари ўринбосари Асқар Молдагиринов аввалгиларидан каттароқ бюджет сўраган.
Масалан, 2022 йилда кутубхона бюджети харажатлари 962,97 млн, 2023 йилда эса 958,2 миллион тангани ташкил этган. Кейинги йилларда қуйидагича бюджет талаб қилинган:
2024 йилда – 1 195 450 000 танга;
2025 йилда – 1 328 275 000 танга;
2026 йилда – 1 338 684 000 танга.
Ҳисоботда ёзилишича, бу лойиҳа ва таклифларга розилик билдириб ёки рад этиб овозлар берилмагани қайд этилган. Лойиҳа шу кўринишда қабул қилиниши ҳам ҳозирча номаълум.
Бу очиқ маълумотлардан келиб чиқилса, 2015 йилда Кутубхона бухгалтерияси 75,9 млн танга солиқ тўлаган. Энг кўп ажратмалар 2020 йилда рўй берган — 104 млн танга. 2021 йилдан бу давлат муассасасига Бақитжан Темирбўлат раҳбарлик қилиб келади.
Қайд этиш жоизки, йил бошида Назарбоев девонхонасига (бу мутлақо бошқа ташкилот) республика бюджетидан 1,678 млрд танга ажратиш кўзда тутилганди. Келгуси йилда 1,994 млрд, 2025 йилда 2,154 млрд танга ажратиш ният қилинганди. Бироқ июл ойида бош вазир ўринбосари — молия вазири Ерулан Жамаубаев Мажлисда журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб, Биринчи президент девонхонаси тугатилишини айтган. Жамаубаев девонхона ходимлари нима қилишига ҳам аниқлик киритган.
«Айни пайтда мазкур офисни қайта тузиш ишлари кетмоқда. Одамларнинг бир қисми бошқа ташкилотларга ўтказилади, бир қисми қисқартирилади. Девонхона бу кўринишда мавжуд бўлмайди. У қайта тузиш босқичида. Фикримча, бир-бир ярим ой ичида масала ечилади», — деган у.
Девонхона бюджетини қайта кўриб чиқиш масаласи бўйича очиқ эълон қилинган маълумотлар йўқ.
Маълумот учун: Назарбоев кутубхонаси архив, музей, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот маркази сифатида фаолият кўрсатади. У Назарбоевнинг 2014 йилнинг 13 март кунги фармони билан тузилган.
Биринчи президент девонхонасининг мақсади эса Нурсултон Назарбоев фаолияти ҳамда унинг статусининг сифатли ва тезкор информация-таҳлилий, ҳужжатли, ташкилий-протоколли ва бошқа таъминотини йўлга қўйишдан иборат.
Мавзуга оид
21:25 / 25.05.2025
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан 100 дан ортиқ ўлик тюлен топилди
21:27 / 23.05.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон 4 та чегара постида юк автомобиллари ҳаракатини йўлга қўймоқчи
20:41 / 23.05.2025
ФХХ Қозоғистон фуқароларининг Россияга киришини тақиқлай бошлади
08:50 / 22.05.2025