Ўзбекистон | 13:36 / 23.08.2023
12424
5 дақиқада ўқилади

Стратегик аҳамиятга эга давлат корхоналарининг 6 таси биринчи ярим йилликни зарар билан якунлади

Жорий йилнинг биринчи ярмида стратегик аҳамиятга эга 31 та акциядорлик жамиятлари ва давлат корхонасидан 6 таси умумий ҳисобда 6,5 трлн сўм зарар кўрган. 25та давлат корхонасининг умумий соф фойдаси эса 25 трлн сўмни ташкил этган.

Фото: Ўзбекистон миллий электр тармоқлари

Ўзбекистондаги стратегик аҳамиятга эга 31 та акциядорлик жамиятлари ва давлат корхоналарининг 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг 1-ярим йиллигидаги активлари ҳаракати ва ҳолати таҳлил қилинди. Бу ҳақда Стратегик ислоҳотлар агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фойда ва зарар

Тегишли ҳисобот даврларида стратегик аҳамиятга эга 31 та акциядорлик жамиятлари ва давлат корхоналарининг 25 таси соф фойда ҳамда 6 та давлат корхонаси зарар фаолиятини якунлаган.

2022 йилда фаолиятини соф фойда билан якунлаган корхоналар юқори 5 талигидан «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзавтосаноат» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзмиллийбанк» АЖ (2023 йилнинг 1-ярим йиллик натижасига кўра «Ўзмиллийбанк» АЖ юқори 5 таликдан ўрнини «Ўзтрансгаз» АЖ бўшатиб берган) ўрин эгаллаган. Юқори 5 таликка кирган корхоналарнинг 31 та стратегик корхоналар томонидан олинган жами соф фойдадаги улуши қарийб 70 фоизидан ортиқни ташкил этади.

Ўз навбатида, 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг 1-ярим йиллик якуни билан 25 та стратегик корхоналар ичидан энг кўп соф фойда «Навоий КМК» АЖ томонидан ишлаб топилган. Бунда, 2022 йилда 25 та стратегик корхоналар томонидан олинган соф фойданинг 50,1 фоизи (15,4 трлн сўм) «Навоий КМК» АЖга тўғри келади. 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида бу кўрсаткич 34,5 фоиз (7,8 трлн сўм)ни ташкил қилган.

Шу билан бирга, тегишли ҳисобот даврида 6 та давлат корхонаси ўз фаолиятини зарар билан якунлаган бўлса, шундан 5 та корхона иккита ҳисобот даврида кетма-кет зарар билан чиққан. Улар қаторига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «UzGazTrade» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ кирган.

Бунда, 2022 йил якунида энг йирик зарар билан чиққан корхона «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳисобланиб, 2022 йилда 4,3 трлн сўм (жами зарардаги улуши 36,4 фоиз) ва 2023 йилнинг 1-ярмида 1,3 трлн сўм (жами зарардаги улуши 19,9 фоиз) зарар кўрган.

Активлар

Стратегик корхоналарнинг 2023 йилнинг 1 июль ҳолатига жами активлари 1 квадриллион 45,3 трлн сўмни ташкил қилиб, 2023 йилнинг 1 январига нисбатан 4,3 фоизга (44,4 трлн сўм) кўпайган.

Бироқ ўтган даврга нисбатан 10 яқин давлат корхоналарининг активлари аксинча камайиш тенденциясига эга бўлган. Жумладан «Ўзбекнефтегаз» АЖ активлари 7,1 трлн сўмга (6,4 фоиз), «Иссиқлик электр станциялари» АЖ активлари – 4,3 трлн сўмга (9,3 фоиз), «Uzbekistan Airports» АЖ активлари – 3,7 трлн сўмга (22,1 фоиз), «Ўзмиллий банк» АЖ активлари – 3,2 трлн сўмга (2,8 фоиз), «Асакабанк» активлари – 2,8 трлн сўмга (5,8 фоиз), «Ҳудудгазтаъминот» АЖ активлари – 0,6 трлн сўмга (4,9 фоиз), «Навоийазот» АЖ активлари – 0,4 трлн сўмга (2,3 фоиз) га қисқарган.

Шунингдек, ҳисобот даврида барча давлат корхоналарининг соф активи 5,2 фоизга (20,1 трлн сўм) ўсиши кузатилган. Бунда, соф активлар ўсиши қайд этилган юқори 5 таликдан қуйидаги давлат корхоналари жой олган: «Иссиқлик электр станциялари» АЖ (6 трлн сўм ёки 36,3 фоиз), «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ (3,6 трлн сўм ёки 27,2 фоиз), «Навоий КМК» АЖ (4,6 трлн сўм ёки 19,4 фоиз), «Олмалиқ КМК» АЖ (3,5 трлн сўм ёки 17,7 фоиз) ва «Навоийуран» ДК (0,9 трлн сўм ёки 17,5 фоиз).

Ўз навбатида, соф активлар камайиши қайд этилган юқори 5 таликдан «Асакабанк» АТБ (3,2 трлн сўм ёки 7,1 фоиз), «Ўзбекгидроэнерго» АЖ (383,1 млрд сўм ёки 6,4 фоиз), «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ (36,8 млрд сўм 6,4 фоиз), «Uzbekistan Airways» АЖ (197,9 млрд сўм ёки 2,6 фоиз) ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ (20,4 млрд сўм ёки 1,0 фоиз) ўрин олган. 

Аввалроқ, 2023 йилнинг март ойида президент қарори билан Стратегик ислоҳотлар агентлигига берилган 31 та йирик давлат корхоналари, тижорат банклари ҳамда UzAssets инвестиция компаниясидаги давлат улуши яна Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилганди

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид