Жаҳон | 16:02 / 23.08.2023
28723
8 дақиқада ўқилади

Танк устидаги одамлар. 1991 йилда Оқ уйда Елциннинг ёнида бўлганларнинг кейинги тақдири қандай кечди?

1991 йилнинг август ойида Москвада Коммунистик партиянинг бир гуруҳ қатъий тарафдорлари томонидан парчаланиб бораётган советлар иттифоқи устидан назорат ўрнатиш ва «қайта қуриш»ни тўхтатиш мақсадида давлат тўнтаришига уриниш содир этилди. Фитначилар ўзларини СССРдаги Фавқулодда ҳолат бўйича давлат қўмитаси (ГКЧП) деб атайди.

Фото: ТАСС

Россия парламенти биноси – Оқ уй ёнида минглаб одамлар давлат тўнтаришига қарши намойишга чиқди. Тўнтаришга қаршилик ҳаракатига Россия президенти Борис Елцин бошчилик қилди, у танк устига чиқиб, армияни зўравонлик қилмасликка, халқни эса умумий иш ташлашга чақирганди.

Ўша кунларда марказий телевидениеда қайта-қайта кўрсатилган «Оққуш кўли» балетидан ташқари, Елциннинг танк устидаги фотосурати август ойи воқеаларининг рамзига айланади.

Ушбу машҳур фотосуратнинг бошқа иштирокчиларининг тақдири қандай кечди?

Александр Коржаков

1990-йилларнинг нуфузли кишиларидан бири ҳозирда сиёсий фаолият билан шуғулланмайди. У Эдуард Успенскийнинг китоблари асосида «Простоквашино» деб аталувчи Москва яқинидаги Молоково қишлоғида яшайди, китоблар ёзади ва ҳатто бир неча бор филмларда рол ижро этган.

1970 йилдан бошлаб Коржаков КГБнинг юқори лавозимли партия аъзоларини ҳимоя қилиш бўлимида хизмат қилган, аммо 1989 йилда «соғлиғи ва ёши туфайли» нафақага юборилган. Коржаковнинг ўзи буни Елцинни қўллаб-қувватлагани билан боғлайди, чунки у ишдан бўшатилгунга қадар бир неча йил давомида Елцин билан дўстона муносабатда бўлган, шунингдек, «Елциндан қўлингни торт» плакатини кўтариб, митингларга чиққан.

Бир неча йил давомида у сиёсатчининг норасмий қўриқчиси бўлиб ишлаган ва маошини турли жойлардан, қўриқчи ёки бригадир сифатида рўйхатдан ўтган манзиллардан олган.

1991 йил сентябр ойидан бошлаб Коржаков беш йил давомида ўзи яратган Президент хавфсизлик хизмати (кейинчалик Федерал қўриқлаш хизматига айлантирилган) раҳбари бўлиб ишлаган. Елцин маъмурияти ходимларининг эслашича, айнан уларнинг дўстлиги туфайли ушбу бошқарма «ҳам молиялаштириш, ҳам сиёсий жиҳатдан Кремлнинг устувор эътиборига сазовор бўлган».

Аммо «ксерокс қутиси» билан боғлиқ воқеадан сўнг у ишдан бўшатилган. Ўшанда, 1996 йилда Елциннинг сайлов кампанияси пайтида Коржаковнинг ташаббуси билан Елцин штаби бошлиғи Анатолий Чубайс, Аркадий Естафьев ва Сергей Лисовский ксерокс қутисидаги ярим миллион доллар нақд пул билан ушланганди. Коржаковнинг фикрича, улар бутун мамлакат бўйлаб сайлов комиссиялари учун ажратилган пулларни талон-торож қилган. Шу билан бирга, кўпчилик унинг истеъфосини президент маъмуриятидаги ички курашлар билан боғлайди.

Коржаков 1997 йилдан 2011 йил декабригача Давлат думасининг мудофаа қўмитасида ишлаган.

Виктор Золотов

Бир пайтлар Санкт-Петербургнинг собиқ мэри Анатолий Собчакнинг оддий қўриқчиси бўлган Золотов ҳали ҳам Россия куч тузилмалари элитасида. У дастлаб Ички ишлар вазирлигининг Ички қўшинлари бош қўмондони бўлди, ҳозирда эса, 2016 йилда ташкил этилган Миллий гвардия директори ва бош қўмондони лавозимида фаолият юритмоқда. Россия Миллий гвардияси — Россия президенти бошчилигидаги қўшинларнинг махсус бўлинмаси бўлиб, ҳозир асосан кўча норозиликларини бостириш билан шуғулланади.

Золотов ўз фаолиятини 1970-йилларда, КГБ чегара қўшинларида бошлаган ва шундан кейин у ҳукуматни ҳимоя қилиш билан шуғулланган СССР КГБ 9-бўлимида ишлаган. Бу бўлимда Коржаков ҳам бор эди. Золотов Владимир Путин билан Собчак мэриясида ишлаган пайтидаёқ танишган, ўшандан бери уни «Путиннинг одами» деб ҳисоблашади.

Золотов Россиянинг амалдаги президенти ва Рамзан Қодировнинг яқин дўсти бўлиб, 2000 йилдан бошлаб 13 йил давомида ҳам Федерал қўриқлаш хизматини, ҳам Президент хавфсизлик хизматини бошқарган. Айнан унинг ташаббуси билан Путин отаси Ахмат ўлдирилган куни Кремлда Рамзан Қодировни қабул қилган.

Таҳдидлар туфайли Таиландга кетган россиялик журналист Дмитрий Заполский бир нечта шов-шувли қотилликларни Миллий гвардия раҳбари номи билан боғлайди. Хусусан, Лондонда полоний билан заҳарланган собиқ КГБ ва ФХХ агенти Александр Литвиненко, шунингдек, Baltic Escort хусусий қўриқлаш компаниясининг собиқ раҳбари, нафақат Анатолий Собчакнинг оиласи хавфсизлигини таъминлаган, балки яширин қимор бизнеси билан шуғулланган ва жиноий доира ҳамда Россия расмийлари ўртасида воситачи бўлган Роман Сепов ўлдирилишида Золотовнинг қўли борлигини таъкидлайди.

«Новая газета» ва Коррупцияга қарши кураш фонди маълумотларига кўра, Золотов Россияда бир неча юз миллион рубллик кўчмас мулкка эга бўлиб, уларнинг барчаси Владимир Путинга тегишли кўчмас мулкларга яқин жойлашган.

Золотовнинг ўғли Роман 2014 йилда футболкаларга «Топол санкциядан қўрқмайди» ва «Санкциялар? Искандарларимни кулдирма» деган ёзувларни ёзиш билан машҳур бўлган «Za Sport» компаниясининг директорлар кенгаши аъзосидир. 2017 йил феврал ойидан бери «Za Sport» россиялик олимпиячилар учун либослар тикиб келади. «Новая газета» нашри суриштирувларига кўра, Золотовнинг ўғли ва куёви Бархивда умумий қиймати тахминан 1,5 миллиард рубл бўлган ер участкаларига эгалик қилади.

Золотов Украинадаги урушдан олдин ҳам кўплаб санкциялар рўйхатига киритилганди, босқиндан сўнг санкциялар кўпайди. У Навалний билан бир неча бор тўқнашди ва уни дуэлга ҳам чақирди.

2018 йилда Миллий гвардия қўшинлари учун кийим-кечакларни оширилган нархларда сотиб олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўша йилнинг октябр ойи бошида Золотов раҳбарлигидаги тузилманинг харидлари Ҳарбий прокуратура томонидан текширилиши маълум бўлди. Бош ҳарбий прокурор Валерий Петров терговни шахсан ўз назоратига олди.

Золотов Украинага бостириб киришни қўллаб-қувватлади. Пригожин исёнидан сўнг, «Вагнер»нинг ҳарбий техникаларини Миллий гвардияга ўтказиш ишларини бошлади.

Махсус хизматлар тарихчиси Борис Володарскийнинг фикрича, Золотов Путиннинг энг яқин инсонлари доирасига киради.

Вячеслав Брагин

Елцинга яқин доираларда Брагин деярли ҳеч қачон тилга олинмаган бўлса-да, Россиянинг биринчи президентининг машҳур нутқи пайтида у ҳам танк устига чиққанди. Биринчи маълумоти бўйича машинасозлик технологи бўлган Брагин кейинчалик тарих фанлари номзоди илмий даражасини ҳимоя қилган ва Август исёнидан олдин Калинин (Твер) шаҳридаги КПСС област қўмитасини бошқарган.

Ҳамкасблари учун Брагин мунозарали шахсга айланди: ҳокимият алмашгандан сўнг, унинг КПССга содиқлиги тезда Елцин Россиясига муҳаббатга алмашди.

Брагин 1991 йил сентябр ойида президентнинг Твер области бўйича вакили этиб тайинланди. Орадан икки йил ўтгач, Россия Олий Кенгашининг ОАВ бўйича қўмитаси ва Останкино телерадиокомпанияси раиси бўлди ҳамда «Русский мир» дастурига асос солди. У, шунингдек, 1994 йилдан 1998 йилгача Россия маданият вазири ўринбосари сифатида ишлади.

Партиядаги даврдан буён сиёсатчи тарихий мавзуларда ёзишни тўхтатмади. Жумладан, у иккинчи жаҳон урушидаги совет армиясининг жасоратлари ҳақидаги минг саҳифали китоблар ва муваффақиятсиз давлат тўнтариши пайтидаги «озодлик байрами» ҳақидаги мемуар, кейинчалик «соядаги олигархлар» ҳақида китоблар нашр қилдирди. Брагин, шунингдек, рус православ черковини қайта тиклаш ҳамда православ черковлари ва монастирлари манфаатларини ҳимоя қилиш билан фаол шуғулланади.

Брагин ҳозирда Россия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Мавзуга оид