Ўзбекистон | 09:13 / 23.08.2023
43745
5 дақиқада ўқилади

"Ёшларга ўқимасангиз, мен билан шу ерда ишлайсиз дейман" - 20 йилда чиқиндихонани боғга айлантирган эркак

Темур Дашдамиров қарийб 20 йилдан бери Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги “Махсустранс” чиқиндихонасида яшайди. Кўрган киши у яшаётган ерни чиқиндихона эмас, боғ ёки гул дўкони деб ўйлайди. Энг қизиғи, кунига минглаб одамлар чиқинди олиб келиб ташлайдиган бу жойда ҳеч қандай нохуш ҳид, пашша йўқ.

Темур Дашдамиров 1969 йилда Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида туғилган. Отаси 1963 йил Озарбойжондан ишлаш учун Қашқадарёга келади. Қурилишда 2 йил ишлаган отасига Шаҳрисабз ёқиб қолиб, оиласини ҳам шу ерга олиб келади. Шундай қилиб миллати лезгин бўлган Темур қашқадарёликка айланади. Мактаб, кейин техникумни битириб, 1996 йилда Тошкентга келади. Савдо соҳасида ишлаб, турли давлатларини кезиб чиқади. Ўзининг айтишича, бормаган жойи қолмаган.

«Болгария, Руминия, Молдова, Украина, Кавказорти давлатлари, Тожикистан, Туркманистон, Қозоғистон давлатларида бўлганман. Мактаб, кейин армия, кейин техникумни битирдим. Кейин уйландим. Уйланганимдан кейин эса саёҳатлар тугади», – деб кулади у.

Унинг 28 ёшли бир нафар ўғли бор. Ҳозир Москвада яшайди. Отасини кўришга йилда бир марта келиб туради.  

2004 йилда бир дўстининг таклифи билан Янгиҳаёт туманидаги чиқиндихонага келган, ўшандан бери шу ерда истиқомат қилади.

«Биринчи келганимда бу ер жуда абгор аҳволда эди. Секин-секин шароит қилиб, боғ яратяпмиз», – дейди у.

У кун давомида контейнер ювади, одамлар олиб келган чиқиндиларни саралайди. «Баклажка», целлофан, пўчоқни алоҳида ажратади.

«Контейнерларни ҳар куни юваман. 4 кун идиш-товоқ гели, 3 кун кир ювиш содаси билан, 10 кундан кейин сода ва хлор билан юваман. Шунинг учун ҳиди йўқ. Дезинфекция ҳам қиламан», – дейди у.

Темур ака чиқиндихонани боғ қилиш фикри нега ва қандай пайдо бўлгани ҳақида шундай дейди.

«Интернетга кириш менга ёқмай қолди. Нимадир қилишим керак эди. Кейин шу ерларни боғ қилгим келди. Шунинг учун гул, дарахт экаман. Зерикишга вақт йўқ», – дейди у.

Унинг айтишича, чиқиндихонага Янгиҳаёт туманидаги Дўстлик маҳалласида жойлашган 11та 9 қаватли уйда яшовчилар чиқинди олиб келади.

«Ёнларида чиқинди ташлайдиган жой бўлса ҳам, барибир шу ерга чиқинди олиб келишади. Бу ерда радио ишлаяпти, сув бор, гул бор, мен эса доим уларга кулиб тураман», – дейди у.

Темур одамлар чиқиндиларни уйидан саралаб чиқарса, унинг иши енгиллашини айтади. Шунинг учун келганларга буни доим эслатади.

«Болалар бўлса, уларнинг ота-онасига болаларга чиқиндини саралаш кераклигини ўргатишни айтаман. Бугун майли шундай ташлади, ўргатсангиз эртага бундай ташлолмайди. Экология бузилиб кетяпти. Ҳозир ҳамма жойда чиқиндини саралашади», – дейди у.

У бу иш ўзига ёққани учун қилади. Боғ қилиш, гул экиш асабларни тинчлантиради. Одамларнинг кайфиятини кўтаради. Бўш жой бўлса абгор бўлади, барибир нимадир қилиш кераклигини айтади у.

Қаҳрамонимиз боғига фақат Тошкентда яшай оладиган гулларни экади. Чет давлатлардан келган гуллар эса Ўзбекистон иқлимига мос келмаган.

Темур Дашдамиров даромади одамлар олиб келадиган чиқиндилардан. У чиқиндихонадан ажратган нарсаларини сотади. Пулларига эса тупроқ, янги тувак, гел, мушукларига овқат олади.

«Пул қанча кўп бўлса, шунча кўп кетади. Аллоҳ етганича беради. Нонга бор бўлди. Ёшлигимда мен ҳам шунча пулим бўлади, бу ишни қиламан, унча пулим бўлади, бу ишни қиламан деб ўйлаганман. Агар кўп пул хоҳласангиз ишланг», – дейди у.

Унинг ёнига жуда кўп ёшлар келиб, суҳбат қилиб кетишади, уларга эса қўлдан келганча маслаҳат, тавсия беради. «Ўқиш керак. Ўқимаса, бўлмайди. Чунки бу республикани ёшлар кўтариши керак. Ўқимаса 10-20 йилдан кейин нима бўлади? Ёш авлод кутубхона, спорт зал, ўқув марказларига бориши керак. Нима бўлишини фақат Аллоҳ билади. Шунинг учун биз хоҳлаган нарса эмас, бўлиши керак бўлган нарса бўлади. Менинг орзум йўқ. Тинч бўлсин, ҳамма нарса бўлади», – деб суҳбатни тугатди Темур Дашдамиров.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Оператор ва монтажчи – Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид