Пригожиннинг исёндан кейинги кунлари. У қаерларда эди ва нималар билан машғул бўлди?
Бу борада ишончли маълумотлар кўп эмас, қуйида бор маълумотлар тўпланди.
23 август куни Твер областида Евгений Пригожинга тегишли бўлган бизнес-жет ҳалокатга учради. Росавиация маълумотларига кўра, бизнесмен ҳам йўловчилар рўйхатида қайд этилган, аммо у чиндан ҳам бортда бўлгани ҳозиргача узил-кесил тасдиқланмаган. Ҳозирча самолёт ҳалокатлари сабаблари ҳам аниқ эмас.
Самолёт Пригожин кўтарган исёндан роппа-роса икки ой вақт ўтган кунда қулади. 24 июн куни у ўзи томонидан тузилган «Вагнер» ХҲК бўлинмалари Москва томон «адолат марши» бошлаганини хабар қилганди. Исёнчилар деярли ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан бир неча юз километр масофани босиб ўтади. Аммо кейин Пригожин кутилмаганда «марш» якунланганини эълон қилади. Хабарларга кўра, «Вагнер» ХҲК юришини тўхтатиш тўғрисидаги қарор Пригожиннинг Александр Лукашенко билан музокараларидан кейин қабул қилинган. Гўёки улар «Вагнер» ХҲК сафида қолишга қарор қилган ёлланма жангчилар Беларусга йўл олиши, қолганлар эса ҳарбий хизматдан бўшаши ёки Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаши бўйича келишиб олишган.
Исёндан кейин Пригожин маълум вақт мобайнида ахборот майдонидан ғойиб бўлганди. У Санкт-Петербургда кўришгани ҳақида хабарлар чиқиб турди (бу хабарлар тасдиқланмади). Парвозларни кузатиш билан шуғулланувчи сервислар Пригожинга алоқадор бўлган самолётлар Беларусга учганини кўрсатарди, аммо самолёт бортида «Вагнер» раҳбари ҳам борлиги номаълумлигича қоларди.
Июн ойи охирида Пригожин Кремлга келган ва РФ президенти Владимир Путин билан учрашган. Бу ҳақда дастлаб французларнинг Liberation газетаси ғарб разведкасидаги манбага таянган ҳолда хабар берди. Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков учрашув фактини тасдиқлади. Лекин Путин ва Пригожин нималар ҳақида гаплашганига аниқлик киритилмади. Песковнинг сўзларига кўра, «президент хусусий ҳарбий компаниянинг фронтдаги ҳаракатларига ва 24 июн воқеаларига ўз баҳосини берган. Путин командирларнинг изоҳларини тинглаган ва уларга келгусида нима билан машғул бўлиш ҳамда келгуси жанговар вазифалар бўйича вариантлар таклиф этган».
«Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари учун Осиповичи шаҳрида (Беларуснинг Могилев области) лагер тайёрланди. Александр Лукашенко эса хусусий ҳарбий компанияни мамлакатга қайта дислокация қилиш масаласи ҳали ҳал қилинмагани, ёлланма жангчилар эса «ўз лагерларида қолаётгани»ни, Пригожин ҳам Беларус ҳудудида эмаслиги — у Санкт-Петербургда эканини айтганди. Ўшанда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда «Вагнер» ХҲК асосчисининг қаерларда юрганини кузатиш «хоҳиши ҳам, имконияти ҳам» йўқлигини билдирганди.
14 июл куни Беларус мудофаа вазирлиги «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари мамлактага кириб келганини тасдиқлади. Ўшанда телеграм-каналларда ҳам кўриниши Пригожинни эслатадиган шахс палаткадаги каравотда ички кийимда ўтиргани акс этган сурат тарқалди. Бу сурат катта эҳтимол билан Осиповичидаги лагерда олинганди.
17 июл куни Пригожиннинг исёндан кейин ёзилган илк видеомурожаати пайдо бўлди. «Вагнер» ХҲКга алоқадор телеграм-каналларда тарқатилган видеода Евгений Пригожин Беларусга келган ёлланма жангчиларга мурожаат қилган. Пригожин ёлланма жангчилар Беларус армиясини «дунёдаги иккинчи армияга айлантириши, агар талаб этилса, улар учун жангга кириши»ни айтганди. У шунингдек «Вагнер» ХҲК жангчиларини «тайёрланиш»га, «ўз маҳоратини ошириш»га ва «Африка томон йўл олиш»га чақирганди.
Июл ойи охирида эса Пригожиннинг Петербургдаги «Россия — Африка» иқтисодий форумининг биринчи кунида олинган суратлари тарқалди. Суратда бизнесмен саммитнинг хорижлик меҳмонлари билан бирга акс этган. Африкада сўнгги йилларда «Вагнер» ХҲК жуда фаол ҳаракатланмоқда, биринчи навбатда Марказий Африка республикаси (МАР) ва Малида. РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров исёндан бир неча кун ўтганидан кейин RT телеканали учун берган интервюсида россиялик ҳарбий инструкторлар минтақада ишлашда давом этишини маълум қилганди, аммо гап айнан «Вагнер» ХҲК ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаганди. Манбаларга кўра, Пригожин Петербургдаги саммит доирасида МАР вакиллари билан учрашган.
21 август куни Евгений Пригожиннинг сўнгги видеомурожаати пайдо бўлди. У кўнгиллиларни «Вагнер» ХҲКга аъзо бўлиб, Африка озодлиги учун курашга чорлади. «Ҳарорат +50, ҳаммаси биз яхши кўрадигандек. «Вагнер» ХҲК Россияни барча қитъаларда буюк қилишга киришди. Африкани эса янада эркин қилишга. ИШИД, „Ал-Қоида“ ва бошқа бандаларни қўрқитамиз. Ҳақиқий баҳодирларни ишга оламиз. Олдимизга қўйилган ва биз уддалашга ваъда берган вазифаларни бажаришда давом этамиз», – деганди вагнерчилар етакчиси. «Важные истории» маълумотига кўра, «Вагнер» регионал марказлари исёндан кейин ҳам ёлланма жангчиларни ёллашда давом этган.
Мавзуга оид
22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган
15:22 / 25.06.2024
Пригожиннинг «адолат марши»га бир йил. «Вагнер» ва воқеа қаҳрамонлари тақдири қандай кечди?
14:50 / 24.06.2024
Бир йил олдин Пригожин исёни Кремлни ва бутун мамлакатни шокка солганди. Москвага юриш ҳақида нималарни эслаш муҳим?
10:15 / 24.06.2024