Жаҳон | 14:10 / 24.08.2023
12403
5 дақиқада ўқилади

Республикачилар партиясидан президентликка номзодлар биринчи дебатни ўтказди. Трамп унда иштирок этмади

23 август куни Висконсин штатида Республикачилар партиясидан президентликка номзодларнинг биринчи дебати бўлиб ўтди. Номзодлар жами тўққиз нафар, бироқ рейтинги энг юқори бўлган асосий номзод – Доналд Трамп дебатда қатнашмади.

Фото: BBC Russian

 

 

Оқ уйга яна даъвогарлик қилаётган собиқ президент ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Милуокига бормаслигини ёзганди. Трамп шундоқ ҳам ҳаммадан олдинда экани ва машҳурлик учун курашишдан ҳеч қандай маъно кўрмаётганини билдирган.

«Жамоатчилик менинг кимлигим ва президентлик муддатим қанчалик муваффақиятли ўтганини билади. Шунинг учун мен дебатда қатнашмайман», дейилади хабарда.

Бироқ, собиқ президентнинг дебатда иштирок этишдан бош тортиши унинг штаб-квартираси Трампнинг жиноий иши билан бандлиги ва ушбу мавзу бўйича ноқулай саволларга жавоб беришни истамаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Республикачилар дебати бутун мамлакат бўйлаб трансляция қилинди.

Уни ўтказиш учун Висконсин штати тасодифан танланмаган. Бу президентлик пойгаси иштирокчилари шиддатли кураш олиб борувчи беқарор штатлардан (бирор партия ҳукмронлиги тўлиқ мустаҳкамланмаган штат) биридир.

Охирги президентлик сайловида бу ҳудудда Жо Байден етакчилигидаги демократлар кичик фарқ билан ғалаба қозонган эди.

Кучлар нисбати қандай?

Сўровларга кўра, америкалик республикачиларнинг 50 фоиздан ортиғи тўрт ҳолат бўйича жиноий иш очилганига қарамай, Доналд Трамп номзодини қўллашга тайёр. Фото: Getty Images

Республикaчилар партиясидан президентликка даъвогарлар орасида энг машҳурлари Трамп, АҚШнинг собиқ вице-президенти Майк Пенс, Флорида губернатори Рон ДеСантис ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейлидир.

Кузатувчиларнинг қайд этишича, бу гал асосий номзодлик пойгасида рекорд миқдордаги номзодлар — тадбиркорлардан тортиб, мэрлар, сенаторлар, собиқ ва амалдаги губернаторларгача қатнашган.

Бироқ теледебатлар босқичига йўл олиш учун бир қатор бошқа шартларни бажаришдан ташқари, номзодлар умумхалқ овоз беришнинг уч тури якунлари бўйича камида 1 фоиз овоз тўплаши керак.

Фақат тўққиз киши бу тўсиқдан ўта олган.

Айни дамда Доналд Трамп пойгада сўзсиз етакчи. New York Times нашри сўровларига кўра, уни бутун мамлакат бўйлаб республикачиларнинг тахминан 54 фоизи қўллаб-қувватлайди (турли сўровномалар натижалари 1-2 фоиз фарқ қилиши мумкин).

Унинг энг яқин таъқибчиси Рон ДеСантис 16 фоиз овоз тўплаган, Майк Пенс эса 5 фоиз билан учинчи ўринни эгаллаган.

Дебатларнинг навбатдаги раундига қадар иштирокчилар сони қисқартирилади, улар малака талабларига мувофиқлик асосида чиқариб ташланади.

Трампнинг позициясига ҳеч нарса таҳдид солмаётгани аллақачон аниқ, унинг дебатлардан узоқлиги унга саралаш жараёнининг барча босқичларидан ўтишга имкон беради.

Аммо номзодлар тақдирини энди оддий америкаликлар эмас, партия элиталари ҳал қилади ва бунда натижани олдиндан айтиб бўлмайди.

Дебатларнинг асосий мавзулари

Бутун Америка, жумладан демократлар ҳам асосий номзоди терговга жалб этилган Республикачилар партияси номзодлари теледебатларини сабрсизлик билан кутишди. Фото: Reuters

Дебатда жиноятчилик билан курашдан тортиб иммиграциягача бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Республикачилар учун энг қийин мавзу — аборт мавзусидир. Партиянинг консерватив қаноти жараёнга жиддий чекловлар киритиш учун доимий кураш олиб боради ва баъзилари ҳатто уни бутунлай тақиқлашга чақиради.

Бироқ, айнан шу мавзу беқарор штатларни демократлар томонга оғдириши мумкин. Ҳатто республикачилар орасида аборт бўйича бундай қаттиқ позицияни ҳамма ҳам қўллаб-қувватламайди.

Номзодлик пойгасидаги республикачилар таълимга ҳам катта эътибор бермоқда.

Сўнгги пайтларда тобора кўпроқ консерватив гуруҳлар ўқув дастурлари устидан назоратни кучайтириш ҳамда ота-оналарга ўз фарзандларининг ўқув материаллари ва қўлланмаларини филтрлаш ҳуқуқини беришни тарғиб қилмоқда.

Бундан ташқари, Трампнинг ўзи ҳам республикачилар дебатининг алоҳида ва муҳим мавзусига айланиши мумкин.

Собиқ президент тўртта жиноий иш бўйича, жумладан, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда ва яқинда 200 минг доллар гаров эвазига озод қилинди.

Республикачилар партиясини қўллаб-қувватловчи кўплаб америкаликлар уни сиёсий мотивли таъқиблар қурбони деб билади. Номзодликка даъвогарларнинг баъзилари агар улар Оқ уйга раҳбарлик қилса, Трампни афв этиш ниятида экани ҳақида аниқ тушунча берган.

Шу билан бирга, партиянинг энг юқори доираларида Трампга нисбатан муносабат ноаниқлигича қолмоқда.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид