Ўзбекистон | 13:42 / 24.08.2023
5384
3 дақиқада ўқилади

Сенат “Ер қаъри тўғрисида”ги қонунни рад қилди

Қонунда масъул органларга суд қарорисиз тадбиркорлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш каби ваколатлар тақдим этилиши кўзда тутилганди. Бу норма янги таҳрирдаги конституциядаги тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид кафолатларга зидлиги айтилди. 

Фото: Senat.uz

Сенат ялпи мажлисида “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Муҳокамалар жараёнида қонунда долзарб аҳамиятга эга бир қатор масалалар эътибордан четда қолганлиги айтиб ўтилди.

Қонунда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ёки тўхтатиб туриш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси кўрсатмалари асосида ўн кундан ошмайдиган муддатга амалга оширилиши, қоидабузарликларни бартараф этиш ишларини якунлаш билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда, ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ўттиз кундан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Бироқ “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига асосан фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш фақат суд тартибида амалга оширилади. Яъни бу каби норма қонунчиликка зиддир.

Шунингдек, қонунга ер қаърини “кадастр квадратлар”га бўлиш амалиётини жорий этиш ва “Ягона интерактив геологик портали” бўйича қоидалар киритилмаган. Ер қаъридан фойдаланишда экологик ва саноат хавфсизлигини таъминлаш, тоғ-кон қутқарув қисмлари ҳамда очиқ нефть ва газ фонтанларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича хизматлар фаолияти тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари, мазкур соҳада ишга жойлаштириш ва ўқитишга талаблар, рухсатномалар эгаларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган.

Қонун жуда муҳим, буни албатта эътироф этамиз. Сабаби у мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга йўналишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.

Бироқ, сенаторлар қайд этган жиҳатларни эътиборга олмасак, шу таҳририда қонун мазкур муносабатларни тўлақонли қамраб ололмайди. Амалиётда муаммоларга дуч келишимиз мумкин.

Қонундаги айрим нормалар нафақат амалдаги қонунчиликка, балки давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар йўналишига, ёндашувига ҳам зид келмоқда. Жумладан, қонунда масъул органларга суд қарорисиз тадбиркорлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш каби ваколатларнинг тақдим этилишига эътибор қаратсак. Амалиётда бу норма тўғридан тўғри коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳолбуки бу иллатга қарши курашиш, унинг вужудга келувчи асосларини бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Бундан ташқари бу каби норма янги таҳрирдаги конституциямизнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва дахлсизлигига оид кафолатларига ҳам мутлақо зиддир.

Эътироз билдирилаётган бошқа нормалар ҳам амалиётда шу каби муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, “Ер қаъри тўғрисида”ги қонунни рад этиш масаласини кўриб чиқиш ва ҳал этиш мақсадга мувофиқдир”, дея таъкидлади қонун муҳокамасида Сенат раиси Танзила Норбоева.

Муҳокамалар якунида сенаторлар томонидан қонунни рад этиш юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид