Йўлларни 822 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган — Сенат
Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳалар самарадорлиги муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда 2022 йилда йўлларни 822 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева маълумот берди. У Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида шундай рақамларни келтирди ва буни шаффофлик таъминланмагани билан изоҳлади.
— Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳалар асосан республика даражасида молиялаштирилмоқда, - деди Норбоева. — Бу кўп ҳолларда лойиҳалар устидан ҳудудий даражада назоратни амалга ошириш имконини бермаяпти. Давлат бюджетидан ҳудудий лойиҳалар учун ажратилаётган маблағларни эълон қилиб бориш, яъни шаффофлик амалиёти йўқлиги сабабли ушбу лойиҳалардан жамоатчилик бехабар қолмоқда. Оқибатда нима бўлаяпти?
Ўтган йилда йўл инфратузилмаси учун ажратилган маблағлар доирасида ҳудудларда 822 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган. Таҳлил қилиб кўрилса, буларнинг ҳаммаси очиқлик таъминланмаганига бориб тақалади.
Танзила Норбоева сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун ажратилган маблағлар мақсадсиз сарфлаб юборилганига эътибор қаратди.
«Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, 2020-2021 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар учун Сув хўжалиги вазирлиги томонидан субсидия маблағлари тўлаб берилган. Бироқ, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан ҳудудий даражада, яъни туман ғазначилиги, маҳаллий кенгаш ва жамоатчилик назорати ўрнатилмаган. Оқибатда субсидияларнинг қарийб учдан бир қисми (30 фоиз), аниқроғи 315 миллиард сўм амалда сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаган майдонлар учун сарфланган. Ҳар гал маҳаллий кенгашларни фаол бўлишга, ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини назорат қилиб боришга чақирамиз. Ҳудуддлардаги лойиҳаларга ажратилаётган маблағлардан на маҳаллий кенгаш, на ҳудудий ғазначиликнинг хабари бўлмаса, у ҳолда қандай назорат ҳақида гап кетиши мумкин?!» деди Норбоева.
Сенат раиси Вазирлар Маҳкамаси, хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу масалани жиддий ўрганиши ва самарали ечимини бериши шартлигини қўшимча қилди.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024