Ўзбекистон | 10:00 / 25.08.2023
20342
8 дақиқада ўқилади

Газга навбатга турган автобуслар ёки жамоат транспортига «ўзинг учун ўл етим» қабилидаги муносабат. Нима қилмоқ керак?

X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳрида қатнайдиган жамоат транспорти — яшил тусли автобусларнинг метан тўлдириш шохобчасига узундан узоқ навбатга тургани тўғрисида видеолавҳа тарқалди.

Видеони жойлаштирган фойдаланувчи Зулфия Аҳмедова унга шундай шарҳ ёзган:

«Видеони кўриб даҳшатга тушдим. Эринмасдан автобусларни санашга ўтдим, саноғига етолмадим. Бу фақат газ муаммоси эмас. Шунча турган автобус ҳайдовчиларининг иш соати кесилиши ва ойлик маошига жудаям катта таъсир кўрсатади. Фақат газмас, электробусларда ҳам шу аҳвол».

Видеони шарҳлашда давом этган фойдаланувчи жамоат транспорти соҳасидаги бошқа муаммоларни ҳам санаб ўтган:

«икки қайним автопаркда ишлайди. Муаммолар жуда ҳам кўп. Сервис, заправка, ойлик, «план»... Кондиционер ёққани учун «пережог» ёзилади. Шунинг учун газ ёки соляркада юрганлар кондиционерни кам ишлатади. Гапирса гап кўп...»

Тошкент шаҳрида яқиндагина электробусларни қувватлаш билан боғлиқ муаммо юзага чиққан эди. Зарядлаш шохобчалари етишмаётгани сабабли Тошкентдаги айрим электробуслар рейсларга чиқа олмаётгани маълум қилинганди.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 58 та шундай станциялар ишлаётганини маълум қилди. Ташкилот ўз изоҳида тез кунда автобус саройлари ҳудудида қурилаётган 80 та электр қувватлаш станциялари фойдаланишга топширилиши кутилаётганини ҳам ваъда қилган эди.

Дарҳақиқат жамоат транспорти билан боғлиқ масала катта шаҳарларимизда ечилмас муаммо бўлиб турибди. Боз устига жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Ҳадемай янги ўқув йили бошланади, вилоятлардан юз минглаб талабалар пойтахтга кириб келишади. Табиийки, асосий жамоат транспорти бўлмиш автобуслар, шунингдек метрога ҳам юклама ошади.

«Тошшаҳартрансхизмат» хабарига кўра, Тошкент шаҳрида 8 та автобус саройидан 1 минг 464 та автобус ишга чиқарилаётгани, ундаги қатновлар сони 158 та йўналиш бўйича 21,7 мингтани ташкил қилаётганини хабар қилди. Янги ўқув йили муносабати билан автобусларни 1 минг 550 тагача ва бажариладиган қатновлар сонини эса 22,8 мингтага ошириш режалаштирилган.

Сентябр ойи давомида қўшимча яна 9 та янги автобус йўналишлари ташкил этилиб, пойтахтдаги автобуслар 1,5 мингтагача, қатновлар эса 22,8 мингтага оширилиши ваъда қилинмоқда.

«Тошкент метрополитени» ички ресурслардан максимал даражада фойдаланган ҳолда поездлар ҳаракатидаги оралиқ вақтни қисқартиришни режалаштирмоқда. Жумладан, тиғиз вақтларда Чилонзор йўналишида 1,5 дақиқалик, Ўзбекистон йўналишида эса 3-3,5 дақиқалик ҳамда Юнусобод йўналишида 5 дақиқалик интервалда поездлар ҳаракати йўлга қўйилиши ваъда қилинмоқда.

Юқоридаги видеони бежизга келтирмадик. Автобуслар сони оширилгани, янги йўналишлар ташкиллаштирилиб, қатновлар сони кўпайтирилгани билан мавжуд муаммо муаммолигича қолаверади. Токи унга жиддий эътибор берилиб, вазият ўнгланмас экан.

Электробусларни қувватлаш станцияларни-ку, майли, қўя турайлик. «Тошшаҳартрансхизмат» қувватлаш станцияларини кўпайтиришни ваъда қилган ва улар ўз ваъдасининг устидан чиқади деб яхши умидда бўлиб турамиз.

Аммо пойтахтдаги кўплаб автобусларнинг қарийб барчаси сиқилган газда ҳаракатланади. Газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар эса йилдан йилга кучайиб бормоқда. Илгарилари одатда фақат қишнинг қаҳратонида тортилиб, ёзда бемалол бўлган газ ёғин-сочинсиз иссиқ кунларда ҳам тақчил бўлиб бормоқда. Уларга «ўзинг учун ўл етим» қабилида муносабат ярамайди.

Нима қилса вазият янада яхшиланади?

Энди секин-аста автосаройлар учун алоҳида газ тўлдириш компрессор станцияси қуриш, уларни газ билан узлуксиз таъминлаш масаласи билан ҳам шуғулланиш керак. Тошкент шаҳар ҳокимияти бош-қош бўлиши керак бу масалага. Автобуслар бу тарзда кўчаларда турнақатор бўлиб навбатда туриши керак эмас-ку?

Ахир Ўзбекистонда қазиб олинаётган шу табиий газ халқникими? Автобуслар халққа хизмат қиладими? Наҳотки пойтахт (!) жамоат транспортини газ ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш, ҳаттоки бу газни турли солиқ ва ажратма ва акцизлардан халос қилиб, арзонлаштирилган нархда етказиб беришнинг имкони йўқ.

Ўзи жамоат транспорти шундоқ ҳам субсидияланади. Ундаги асосий харажатлардан бири ёқилғига кетади. Шунинг пухта механизмини ишлаб чиқиб, махсус газ тўлдириш компрессор шохобчаларида автосаройларга тегишли автобуслардан бошқа транспорт воситаларига хизмат кўрсатмасликни йўлга қўйиш шунчалик қийин ишми?

Менимча, ҳамма гап одамларнинг бир-бирига ишончи йўқлигида. Яъни шундай компрессор станциялари қурилса, уларга табиий газ арзонлаштирилган нархларда узлуксиз етказиб берилса, гўёки газ талон-торож бўлиб кетади. Шахсан менинг фикримча, талон-торож бўлмайди. Гап бундай корхоналарга ўз ишига виждонан ёндашувчи, ҳалол инсонларнинг тайинланишида. Шунингдек, жамоат назорати ўрнатилишида.

Кимлардадир бу гапларга эътироз туғилиши мумкин: газ биргина автобусларга эмас, ҳаммага тенг етказиб берилсин. Йўқ, ҳаммага тенг етказиб бериб бўлмайди. Шунинг учун биринчи навбатда жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатини таъминлашимиз керак. Хусусий автотранспорт воситалари эгалари ўзларининг йўлини топиб олаверишади. Уларни ўйлаш шарт эмас.

Жамоат транспорти ҳайдовчилари фақат йўловчиларни ўз вақтида манзилларига хавфсиз, комфорт шароитда (ёзда кондиционер, қишда иситкич) билан элтиб қўйишнигина ўйлаши керак. Уларга кунлик план қўйиш, кондиционерни ишлатиб, ортиқча ёқилғи ёқиб юбординг, деб ёқасидан олишни бас қилиш керак. Автобус ҳайдовчиларининг маошлари оширилиб, автопарк мунтазам янгиланиб бориши керак.

«Буларнинг назарида 1000 та автобус олиб келинди ва бўлди, шу билан. Автобус парки ҳар йили 20 фоизга янгиланиши керак. Автобус ҳайдовчиси бўлишга етарли мотивация берадиган маош керак. Буларнинг ҳаммаси бир марталик чора эмас, тўғри ташкил этилган молиялаштириш орқали юз беради», — деб ёзади bakiroo каналини юритувчи иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ёзнинг жазирамасидан қутулиш учун автобуслар салонидаги ён ойналарини қорайтиришга 40 БҲМ миқдорида тўловни ҳам бекор қилиш керак. Бу борада  мутасадди раҳбарларимиз ҳам, депутатларимиз ҳам жим. Чунки уларнинг бирортаси автобусда юрмайди, муаммони танасида ҳис қилиб кўрмаган.

Умуман, жамоат транспорти Европанинг Тошкент, Самарқанд каби катталикдаги шаҳарларида қандай йўлга қўйилгани яхшилаб ўрганилиб, фойдали томонлари олиниши керак.

Чуқурлашиб ўтирмайлик, АТТО каби тўлов тизимидан унумли фойдаланиш, эгилувчан тарифларни қўллаш, ҳаракатлар жадвалини аниқ тартибга солиш, интерактив харита деган гаплар бор. Буларнинг барчаси бутун бир фан, аслида. Ҳозир мен аниқ билмайман, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖда мана шу ишлар билан муттасил шуғулланадиган, ёш мутахассислардан иборат бўлим ҳам бордир балки. Лекин бу борада ишлар бўлаётганини ҳозирча интернетда кўрмадим.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид