АҚШнинг «манглайидаги қора доғ» – америкаликлар Вьетнамдаги қишлоқ аҳолисини нега қатлиом қилганди?
Бундан 55 йил аввал, 1968 йилда Вьетнамда АҚШлик ҳарбийлар қишлоқлардан бирида қатлиом ўтказишади. Ҳарбийлар бошлиғи партизанларнинг ҳужумига жавобан қишлоқдаги барчани ўлдиришга буйруқ беради. Оқибатда америкаликлар 1 ёшдан 82 ёшгача бўлган 500 дан ортиқ кишини ўлдиришади. Кейинчалик фақат тинч аҳолини ўлдиришга буйруқ берган лейтенантнинг ўзи қамалади холос.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг содир бўлган урушлар орасида Вьетнам уруши алоҳида ажралиб туради. Бу урушда Корея яриморолида бўлгани каби битта миллат иккига ажралиб, ўзаро уруш олиб боради.
Шимолий Вьетнам СССР ёрдамида мамлакатда коммунистик тузум ўрнатади ва жанубда АҚШ ёрдамида тузилган Вьетнам Республикасига бостириб киради. Оқибатда урушга АҚШ ҳамда СССР ҳам қўшилади ва у 10 йил давом этади. Охир-оқибат бу уруш АҚШнинг шармандали мағлубияти ва шимолликлар томонидан жанубнинг босиб олиниши билан тугайди.
Вьетнам урушида ҳар икки томон ҳам жуда катта талафотлар беради, юз минглаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, одамлар қочоққа айланади.
Вьетнам урушида АҚШ ва СССР ҳарбийларидан ташқари яна кўплаб давлат ҳарбийлари қатнашади. Жумладан, АҚШ, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия, Таиланд, Филиппин, Тайвань, Япония, Бельгия ҳарбийлари Жанубий Вьетнамга ёрдам берган. СССР, Хитой, Шимолий Корея, Мўғулистон ҳарбийлари эса Шимолий Вьетнамни қўллаган.
Вьетнам уруши барча учун фожиа эди. Мамлакатни бирлаштириб, коммунистик тузум ўрнатмоқчи бўлган шимолликлар, уларга қарши чиққан жанубликлар, жанубликларга ёрдамга борган АҚШ ҳарбийлари – буларнинг барчаси ўша урушнинг қурбонлари бўлишади.
Вьетнам урушида барча томонлар ҳарбий жиноятларга қўл урган. Шимолий ва Жанубий Вьетнам ҳарбийлари ўзларини қўлламаган тинч аҳоли вакилларини отиб ташлаган, аёлларни зўрлаган, ҳатто болаларни ҳам аямаган. Ҳарбий жиноятларни хорижлик ҳарбийлар, шу жумладан, СССР ва АҚШ ҳарбийлари, уларнинг иттифоқчилари ҳам содир этади.
Қуйида Вьетнам урушида содир бўлган ва ҳанузгача АҚШнинг «манглайида қора доғ» бўлиб келаётган қатлиом ҳақида сўз юритамиз. Бу қатлиомда АҚШ ҳарбийлари партизанлар ҳужуми учун ўч олиш мақсадида бутун бошли қишлоқ аҳолисини қириб юборишади.
Вьетнам урушининг бошланиши
Вьетнам урушининг тарихи иккинчи жаҳон уруши тугашига бориб тақалади. Япония ҳам енгилгандан сўнг урушнинг асосий ғолиблари АҚШ ҳамда СССР Жанубий-Шарқий Осиёни ўз таъсир доирасига олиш учун ҳаракат бошлайди.
Аввалига Хитойда фуқаролар уруши келтириб чиқарилади ва давлатни Ма Цзэдун бошчилигидаги коммунистлар эгаллайди. Чан Кайши бошчилигидаги қонуний ҳукумат Тайван оролига қочиб ўтишга мажбур бўлади.
Советлар Хитой масаласи ўз фойдаларига ҳал бўлганини кўриб Кореяда ҳаракат бошлашади. Бу ерда ҳам фуқаролар уруши келиб чиқади ва оқибатда яриморол иккига бўлинади. Шимолда СССР, Жанубда АҚШ таъсири остида бўлган давлатлар тузилади.
Сўнг навбат Вьетнамга келади. 1954 йилгача Ҳиндихитойда ҳам фуқаролар уруши давом этарди. Бироқ бу ердаги вазият бироз фарқли бўлиб, ҳудудда СССР ва АҚШдан ташқари бошқа ўйинчи – Франция ҳам бор эди.
1954 йилда Швейцариянинг Женева шаҳрида Ҳиндихитойда тинчлик ўрнатиш учун Женева келишуви имзоланади. Келишувга кўра, Франция Вьетнам, Камбожа ва Лаосни мустақил давлатлар сифатида тан олиши ва бу давлатларда демократик сайловлар ўтказилиши белгиланиши керак эди.
Франция Женева шартларини бажаради, аммо бу ҳам Ҳиндихитойга тинчлик олиб келмайди. Чунки энди минтақадаги ишларга АҚШ ва СССР аралаша бошлаганди.
1954 йилда Вьетнам Бенхай дарёсидан иккига бўлинади. Мамлакат шимолини СССР ва Хитойдан ёрдам олган коммунистлар эгаллайди ва у ерда Вьетнам Демократик Республикаси тузилади. Хо Ши Мин унга раҳбар бўлади.
Жанубда АҚШ ёрдамида Вьетнам Республикаси тузилади. Унинг раҳбари Нго Динь Зьем бўлади. Шу тариқа шимол ва жануб бир бирига ер даъво қила бошлайди.
1959 йилда шимолликлар мамлакат жанубини куч билан босиб олиш учун ҳаракат бошлайди. Уларга жанубдаги коммунистларга хайрихоҳ партизанлар ҳам ёрдам беришади. Шу тариқа уруш бошланади.
Вьетнам урушида АҚШнинг иштироки
1961 йил Жанубий Вьетнамга АҚШ қуролли кучларига тегишли иккита вертолёт ротаси киритилади. Ўша пайтда Кеннеди администрацияси Жанубий Вьетнамдаги иттифоқчиларни «коммунистлар агрессиясидан сақлаб қолиш учун» АҚШ барча чораларни кўриши ҳақида баёнот беради. Шунда бутун дунё АҚШнинг Вьетнамдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганидан хабар топади.
1963 йилда шимолликлар жанубни эгаллай бошлашади. Шундан сўнг АҚШ Жанубий Вьетнамга кўпроқ ҳарбийларини кирита бошлайди.
1965 йил охирига келиб Жанубий Вьетнамда АҚШнинг 185 000 нафар ҳарбийси бор эди. 1968 йилда уларнинг сони 540 000 нафарга етади.
Қатлиом
Вьетнам уруши давом этар экан, жануб аҳолисининг бир қисми америкаликларга қарши чиқади ва уларга қарши партизанлик урушларини олиб боради. АҚШ ҳарбийлари ана шу партизанлар туфайли жуда талафотлар кўришади.
1967 йилда АҚШ ҳарбийлари партизанлардан ўч олиш мақсадида Жанубий Вьетнамдаги Куангнгай вилоятида бир қанча дамбаларни бузиб ташлашади. Шоли етиштирадиган деҳқонлар сувсиз қолишади. Оқибатда, 140 минг одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлади ва партизанлар сони яна ошади.
1968 йилда уруш энг авжига чиққан пайтда АҚШ ҳарбийларининг «Баркер» гуруҳи қўмондонлари Куангнгай вилоятида жойлашган Сонгми қишлоғида партизанларнинг штаби жойлашгани ҳақида хабар олади.
Шундан сўнг Сонгмига ҳужум қилиш операцияси ишлаб чиқилади. Режага биноан, қишлоқни шимолдан пиёдалар ротаси қуршаб олади. Жануб томонига вертолётлар ёрдамида пиёдалар ташланади.
1968 йил 16 март куни тонгда операция бошланади. Аввалига қишлоқ артиллерия ёрдамида ўқа тутилади. Сўнг режа бўйича пиёдалар қишлоққа кириб боради.
Қишлоқда бўлган партизанлар америкаликларнинг вертолётлари яқинлаша бошлаганда у ердан чиқиб кетган, Сонгмида фақат болалар, аёллар ва қариялар қолганди. Шу сабабли АҚШ ҳарбийларига қишлоқда қаршилик бўлмайди.
Америкалик ҳарбийлар аввалига қишлоқ ташқарисидаги шолипояда ишлаб турган одамларни отиб ташлашади. Сўнг қишлоқ ичида бўлган одамларга қарата ўқ уза бошлашади.
Қишлоқ одамлари АҚШлик ҳарбийлардан бунчалик ёвузликни кутишмаганди. Шу учун улар аввалига хотиржам бўлишади. Бироқ америкаликлар йўлида дуч келганни ўлдира бошлагач одамларнинг бир қисми қоча бошлайди, бошқалари уйларига яширинади.
Америкаликлар Сонгмига кириб борар экан, аскарлар гранаталар ирғитади, уйларни ёқиб юборишади, атрофга тартибсиз равишда ўқ узади. Ҳарбийларнинг бир қисми қишлоқдан қочмоқчи бўлганларни ўлдиради. Бошқалари эса одамларни уйларидан чиқариб сафга тиза бошлайди.
Кейинчалик маълум бўлишича, ҳарбийларга қишлоқдаги «қимирлаган жоннинг барчасини ўлдиришни» 1-взвод командири лейтенант Уилям Келли буюрган экан.
Айнан лейтенантнинг буйруғи билан қишлоқ четидаги чуқурга яширинган 50 киши, қишлоқ эгалланган пайтда қўлга олинган 100 киши ҳам отиб ташланади.
Қишлоққа умумий ҳисобда 100 нафар ҳарбий ҳужум қилган бўлса, одамларни ўлдиришда уларнинг ярми қатнашади. Баъзилар қишлоқ четида қолади, бошқалари эса қочаётган одамларга ёрдам ҳам беришади.
Жумладан, вертолётлардан бирининг учувчиси Хью Томпсон тепадан чуқурга яшириниб турган одамларни кўради ва уларнинг олдига пастлайди. Сўнг ўз жамоаси билан одамларни вертолётга ўтқазиб, хавфсиз жойга олиб чиқади.
Ўша куни америкаликлар 500 дан ортиқ одамни ўлдиришади. Улардан 173 нафари болалар, 182 нафари аёллар, 60 нафари кекса ёшдаги эркаклар, 89 нафари 60 га кирмаган эркаклар эди.
Кейинчалик, ҳодиса гувоҳи бўлган аёллардан бири қатлиомни шундай эслаганди:
«Ўша пайтда мен 33 ёшда эдим. Америкаликлар қишлоқ оралаб юра бошлашганда барчамизни қурол ўқталиб уйдан чиқаришди. Сўнг йиғилган 100 нафар одамни тиз чўктириб қўйиб, ортдан ота бошлашди. Мен боламга ўқ тегмасин деб уни бағримга босиб, пана қилиб турардим. Шу пайтда ёнимда турган одамлар ўқ еб устимга ағдарилишди. Шу ҳола мен билан бағримда турган боламни қутқариб қолди. Ўша ерда оиламиздан 11 киши бор эди. Шундан мен ва болам омон қолдик».
Ҳодисанинг бошқа гувоҳи эса тирик қолганини шундай ҳикоя қилиб берганди:
«1968 йил 16 март куни бир неча гуруҳ америкалик ҳарбийлар тўсатдан қишлоққа бостириб келишди. Бизни уйдан чиқариб канал томонга ҳайдаб боришди. Ўшанда умуман эркаклар йўқ эди. Қишлоқда фақат қариялар, аёллар ва болалар қолганди. Биз ўлдирмасликларини айтиб ялинардик. Улар эса елкамизга туртиб тиз чўктиришди. Сўнг бир чеккадан отаверишди. Шу ерда онам ва болаларим ҳалок бўлди. Эрим қишлоқда эмасди. Менга ўқ тегиб жароҳатландим. Йиқилиб тушар эканман, танамда иссиқ қон оқаётганини ҳис қилардим. Ўшанда мўъжиза туфайли тирик қолганман».
Айбдорларнинг жазоланиши
Америкаликлар қишлоқ аҳлини қатлиом қилишгач, ҳарбийлар қўмондонликка «қишлоқлардан бирида душман партизанлар йўқ қилингани» ҳақида ҳисобот беришади. Бироқ жуда шафқатсизлик билан амалга оширилган қатлиом ҳақида гаплар тарқалади.
Ҳодисадан бир йил ўтиб 1969 йил март ойида Вьетнам урушида қатнашган ҳарбийлардан бири Роналд Райденаур президент Никсон ва Пентагон раҳбарларига Сонгмидаги қатлиом ҳақида ёзиб юборади.
Бироқ Роналднинг мактуби анча пайт эътибордан четда қолиб кетади. Кунларнинг бирида Морисса Оделла исм-шарифли конгрессмен мактубни ўқиб қолади ва дарҳол ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказиш масаласини кўтаради.
Тинч аҳолининг қатлиом қилингани ҳақида хабар тарқалиши шусиз ҳам Вьетнамда муваффақиятсизликка учраётган Америка учун ёмон ҳолат эди. Шу сабабли ҳодисани оммадан яширишга қарор қилишади.
Суриштирувларда қатлиом тасдиқланади ва ҳарбийларга вьетнамлик тинч аҳолини қириб ташлашга рухсат берган Уилям Келлига нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
1969 йил 12 ноябр куни мустақил журналист Сеймур Херш АҚШ ҳарбийлари Вьетнамдаги қишлоқда қатлиом ўтказгани ва лейтенант Уилям Келлига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ёзиб чиқади.
Шундан сўнг АҚШдаги барча ОАВлари қатлиом ҳақида ёза бошлайди ва ҳодисадан бутун дунё хабар топади. Кўп ўтмасдан Вьетнамдаги урушда ҳарбий мухбир сифатида қатнашган Роналд Хэберли Сонгмидаги қатлиом пайтида суратга олган тасвирлар матбуотда эълон қилинади.
Суратларда америкалик ҳарбийларнинг ўқидан ҳалок бўлган вьетнамлик аёллар, болалар ва қариялар тасвирланганди.
Вьетнамдаги қатлиом бўйича суриштирувни 4-пиёдалар дивизияси собиқ командири генерал-лейтенант Уилям Пирс бошчилигидаги комиссия ўтказади. Пирс тўрт ойда 400 нафардан ошиқ ҳарбийни сўроқ қилади.
Сўроқ давомида америкалик ҳарбийларнинг Вьетнамда муттасил равишда тинч аҳолини қириб ташлагани, аёлларни зўрлагани каби ишлар ошкор бўлади.
Аввалига «Сонгми иши» бўйича 80 нафар ҳарбий сўроқ қилинади ва уларнинг 25 нафарига айблов эълон қилинади. Тергов тугагандан сўнг олти нафар ҳарбий трибуналга топширилади. Улар орасида Сонгмида тинч аҳолини қиришга буйруқ берган лейтенант Келли ҳам бор эди.
Трибуналда Келли ўз айбларини тан олмайди ва капитан Эрнест Мединанинг топшириғини бажарганини маълум қилади. Келли ва унинг шериклари оқланади.
Бироқ капитан Медина Сонгмига борганида қатлиом устидан чиққанини ва дарҳол ўқ отишни тўхтатиш ҳақида буйруқ бергании, бироқ унгача ҳарбийлар кўпчиликни ўлдириб бўлганини маълум қилади.
Шундан сўнг капитандан айблов олиб ташланади ва лейтенант Келли қамоққа олинади. Суд лейтенантни Сонгмидаги қатлиомда айбдор деб топади ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади.
Бироқ кўп ўтмай Келли аввалига уй қамоғига ўтказилади. Кейин қамоқ муддати бир неча марта қисқартирилади. Охир-оқибат лейтенант Келли 1974 йилда авф этилади ва уй қамоғидан ҳам озод қилинади.
Томпсон ва жамоасининг тақдирланиши
Сонгмида одамларни қутқарган учувчи Хью Томпсон, борт мергани Лоуренс Колбер ва махсус мутахассис Гленн Андреотта (бу учаласи битта вертолётда хизмат қилишган) кейинчалик тинч аҳолини қутқаргани учун мукофотланишади.
Капитан Медидан айлов олиб ташланишида ҳам Хью Томпсоннинг кўрсатмалари муҳим рол ўйнайди. У капитан ҳарбийларга тинч аҳолига ўқ отишни эмас, аксинча ўқ отишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берганини тасдиқлайди.
Кейинчалик Томпсон ўз интервьюларида Вьетнамда одамларни қутқаргани ҳақида хабар топган айрим америкаликлар ўзига турли таҳдидлар қилишгани, уйига турли нарсалар улоқтириб кетишгани ҳақида айтганди.
1998 йилда, ҳодисадан ўттиз йил ўтиб, учувчи Хью Томпсон, борт мергани Лоуренс Колбер ва махсус мутахассис Гленн Андреотта АҚШ армиясининг энг олий мукофоти «Аскар медали» медали билан тақдирланади.
Мукофотни Томпсон ва Кобернинг ўзи, 1968 йилда Вьетнамда ҳалок бўлган Андреоттанинг яқинлари қабул қилиб олади.
АҚШнинг мағлубияти
1960-йиллар охирига келиб Вьетнам урушига сарфланаётган ҳисобсиз маблағлар АҚШ иқтисодиёти учун катта зарар келтира бошлайди.
1968 йил 5 ноябр куни ўтказилган президентлик сайловларида «Урушни сулҳ билан тезроқ тугатиш» режасини илгари сурган Ричард Никсон ғалаба қозонади. Шундан сўнг Шимолий Вьетнамга сулҳ ҳақида таклиф юборилади.
1969 йил июлда АҚШ ҳарбийларини Вьетнамдан босқичма-босқич чиқариш ишлари бошланади. Бироқ уруш тўхтамайди ва АҚШ ҳарбийлари жанг қилишда давом этади.
1972 йилда Шимолий Вьетнам армияси жанубда бир нечта йирик жангда мағлуб бўлади. Бу муваффақиятсизлик Шимолий Вьетнам раҳбариятига АҚШ таклиф этган тинчлик сулҳи учун музокаралар бошлашга туртки бўлади.
1973 йил 27 январь куни томонлар «Париж тинчлик келишуви»ни имзолашади. Келишувга кўра, АҚШ 1973 йил йил 29 мартгача Жанубий Вьетнамдан барча ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши керак эди. Бироқ бундай бўлмайди ва америкаликлар яна икки йил жанг қилишади.
1975 йил март ойида шимолликлар Жанубий Вьетнам пойтахти Сайгон шаҳрини қўлга киритади. Шу тариқа уруш Жанубий Вьетнам армияси ва АҚШнинг мағлубияти билан тугайди ва америкалик ҳарбийлар Вьетнамдан тўлиқ чиқиб кетади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.