Ўзбекистон | 14:05 / 26.08.2023
13163
5 дақиқада ўқилади

Яратиб берилган имкониятлар ва ечимини топаётган муаммолар - ССП раиси билан суҳбат

Тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш, солиқ текширувларини камайтириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш, бизнес вакилларини қийнаётган муаммоларга амалий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар – Савдо-саноат палатасининг раиси Даврон Ваҳобов қилинган ва режалаштирилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Савдо-саноат палатаси – тадбиркорларни бирлаштирувчи ва уларга кўплаб соҳаларда кўмаклашувчи, кўнгиллилик асосида тузиладиган нодавлат-нотижорат ташкилот. Кўплаб ривожланган мамлакатларда савдо-саноат палаталари мавжуд бўлиб, аъзоларига ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ёрдамларни кўрсатишади. Бу ташкилотлар соғлом иқтисодий жараёнларнинг ажралмас қисмига айланган. Ўзбекистонда ҳам савдо-саноат палатаси бор ва мамлакатдаги тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда бизнес вакиллари билан бирга ишлайди. Kun.uz мазкур ташкилот раҳбари Даврон Ваҳобов билан интервю ташкил қилди.

 Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар қандай қўллаб-қувватланмоқда?

—  Пандемия даврида логистикада нархлар кўтарилгани учун бу бўйича алоҳида субсидиялар берила бошланди. Ўртача 6 мингта экспортчи корхона бўлса, ушбу корхоналар логистика харажатларининг 50 фоиздан 70 фоизгача қисми қоплаб берилди. Бундан ташқари, талаб қилинадиган сертификат-ҳужжатларнинг маълум бир қисми бекор қилинди. Халқаро стандарт сертификатларининг харажатларини ҳам Экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш агентлиги тўлаб беряпти. Ярмарка ва кўргазмаларда қатнашиш механизми кучайтирилиб, бунинг ҳам харажатлари агентлик томонидан қопланади. Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан сўнг логистика харажатларини қоплаб бериш учун 100 млн доллар ажратилди. Бугунги кунда санкциялар сабаб баъзи коридорлардан фойдаланиб бўлмайди, янги коридорлар эса қиммат. Шунинг учун пул ажратилди.

 ССП солиқ текширувларининг шаффофлигини ошириш борасида қандай чоралар ишлаб чиқади?

— Очиқ рейтинг юритилиб, маълум критириялар бўйича тадбиркорларга ҚҚСнинг қайтариб берилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ортиқча текширувларга йўл қўймаслик бўйича ҳам амалий ишлар олиб бориляпти. Тадбиркорларга ёрдам бериш, ўсиш механизмларини ўйлашимиз керак бўлади. Рейтинг масаласи ҳозирча фақат солиққа тегишли бўлса, ҳали яна бошқа факторлар ҳам қўшилади бу рейтингга. Ҳар хил текширувлар камайгач, тадбиркорлар бемалол ўз иши билан шуғулланади. Рейтингдаги корхоналарнинг маълумоти электрон шакллантирилиб борилаверади, ортиқча текширувларга ҳожат бўлмайди.

 Тадбиркорларни қийнаётган муаммолар

— Асосий муаммолардан бири банк билан боғлиқ. Тадбиркорларга доим айланма маблағ керак. Энг кўп мурожаат ҳам шу бўйича. Бундан ташқари, солиқ идоралари билан боғлиқ муаммолар, айниқса, ҚҚСни ўз вақтида қайтариб ололмаслиги тадбиркорга анча зарар келтиради. Инфратузилмаларда ҳам муаммолар бор. Электр энергияси, газ билан узилишлар кўп бўлади, бу бўйича ҳам эътирозлар етарлича. 

— Тизимли ишлаш механизмига ўтиш бошланди

— Умумий 43 мингта тадбиркорлар ўртасида сўровнома ташкил қилдик. Шундан 53 фоизи хизмат кўрсатиш, 34 фоизи саноат, 6 фоизи қишлоқ хўжалиги, 7 фоизи қурилиш соҳасида фаолият юритади. Кўриндики, тадбиркорларнинг ўз ходимларида ҳам малака етишмаслиги бор. Яъни солиқ ҳисоботлари, банклар билан ишлаш жараёнларида баъзи хатоликларга йўл қўйишади. Иқтисодий суд органлари тадбиркорлар мурожаатини ўз вақтида ҳал этмаган ҳолатлар кўп, бу вилоят кесимларида ҳам шакллантирилди.

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида ҳам қайси соҳа яхши ривожланаётгани масаласи кўтарилди. Бизда хомашё ўзимиздан чиқадиган соҳалар яхши ривожланяпти. Масалан, тўқимачилик, чарм ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш. Бу соҳаларга юқори технологияларни импорт қилиш керак бўлади. Бундай технологияларни импорт қилишда банк маълум қисмни қопларди, тадбиркор 15 фоиз тўлаши керак эди. Кечаги мулоқотдан сўнг тадбиркорларга бошланғич 15 фоизни 10 йил муддатга 4 фоизли кредитда тўлаб бериш белгиланди.

Микробизнес, яъни айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган корхоналарнинг яшовчанлиги қисқа бўлади. Мана шундай янги очилган бизнесларга молиявий кўмак бериш ҳам йўлга қўйилган. Дейлик, тадбиркор оилавий бизнес очиб, ўртача 100 млн сўм тикмоқчи. Лекин кўзлаган лойиҳа қиймати 600-700 млн сўмлик. Мана шундай вазиятда керакли маблағнинг 45 фоизи қоплаб берилади. Етмай қолган маблағ эса жамғарма томонидан тўланади. Пул берилгач, марказ ўша бизнесни назорат қилиб, банкрот бўлмаслигига ҳаракат қилади ва катталаштиришга ҳам ёрдам беради, шароит яратиб беради.

Бундан ташқари, лойиҳа қилиб бериш ҳам бор. Қайси соҳада тадбиркорлар етишмаяпти, натижа қандай бўлади — мана шулардан келиб чиқиб, йўналиш берилади. Йилдан йилга мурожаатлар камайиб, тизим ижобий натижа беряпти. Механизм йўлга қўйиб бориляпти. Берилаётган шунча имкониятни тадбиркорлар «ҳазм» қилиб олса, катта натижаларга эришса бўлади. Асосий мақсадимиз соғлом рақобат муҳитини яратиб, ривожланишга эришиш.

Мавзуга оид