Жамият | 09:07 / 27.08.2023
72603
6 дақиқада ўқилади

Дийдор ғанимат: бухоролик аскарнинг 38 йилдан бери қидираётган қуролдош грузин дўсти топилди

Бухоролик Ҳосил Носиров 1983–1985 йилларда Гуржистоннинг Тетри-Цкаро шаҳрида ҳарбий хизмат ўтайди. Ўша даврларда хизматдоши Марлен Кехвишвили билан қалин дўст тутинади. Хизмат тугаб, аскарлар ўз юртларига қайтишганидан сўнг алоқалар узилиб қолади. Дўстлар бир-бирини излайди-тополмайди. Kun.uz мухбири Тбилисига сафари давомида 38 йил олдин йўқолган Марлен Кехвишвилини топишга муяссар бўлди. Икки дўст ниҳоят дийдорлашди.

Тбилисига келган кунимиз суриштирувни нимадан бошлашни билмасдик. Қўлимизда Ҳосил Носировнинг 1985 йилда дўсти Марлен билан ёзишган хати устида ёзилган – “Тбилиси шаҳри, 3-массив, 13-кўча, 5-уй” манзили бор эди холос. Лекин бу маълумот етарли эмасди. Чунки xатда фақат рақамлар бўлиб, ҳеч бўлмаса кўча ёки массив номи ҳам йўқ эди. Бу эса ишни анча қийинлаштириши тайин.

Бошланишига имконимиз анъанавий классик усул – онлайн харитадан фойдаланишга етади. Харита ҳам қийналиб-қийналиб таҳминий бир манзилни чиқариб берди. Ҳа, майли, кўрсатилган маҳаллага етиб олайлик-чи, қолгани бир гап бўлар. Балки қаҳрамонимизни бир деганда шу манзилдан топиб олармиз.

Телефонимиз кўрсатган маҳаллага етиб келдик. Шу ерликлардан суриштирсак, 13-кўча, 5-уй бу маҳаллада ҳам бўлиши мумкин. Лекин “3-массив” номли ҳудуд умуман бошқа ерда экан. Бизга шу кўчадан ўтувчи йўналишли микробусга чиқиб, ўша 3-массивга боришимизни маслаҳат беришди. Шу билан йўналишимиз ўзгариб кетиб, маршрут машинаси билан ўша 3-массивга қараб кетдик.

Ҳудудга етиб келганимизда у маҳаллалар аллақачон 3-массив эмас, “3-корпус” деб аталиши, эски маҳаллалар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиб кетганини кўрдик. Шу ерлик ёши катталардан сўрасак, улар на биз кўрсатган манзилни, на Марлен Кехвишвилини танишади. Қўлимиздаги маълумотлар ҳаммага бегона. Бизга ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилишса-да, лекин 30 йиллар олдин рақамланган кўча ва уйларни эслай олишмади.

Бу уринишимиз ҳам бесамар кетди. Йўналишли микробусга ўтириб, ортга қайтарканмиз, харитада кўрсатилган маҳалладаги манзилга етмасдан, 3-массивга кетиб қолганимиз эсга тушиб, шу 13-кўча ва 5-уйни ҳам кўриб ўтиш учун маршрутдан тушиб қолдик. Шу уйни топиб бориб, дарвозасини ҳам тақиллатдик. Аммо афсуски, биз қидирган инсон бу ерда ҳам яшамаслиги, ҳатто ҳеч қачон яшамаганини айтишди. Демак, бу ер ҳам биз қидирган уй эмас...

Кун охирлаб қолди. Биз борган икки жой ҳам биз қидирган нуқталар бўлиб чиқмади. Аслида қаҳрамонимиз Марлен Кехвишвилини бизгача ҳам роса қидиришган. Турли идораларга мурожаатлар бўлган. Аммо ҳеч қандай натижа, янгилик бўлмаган.

2-кун. Эрта тонгдан меҳмонхонамизга энг яқин бўлган почта бюросини топиб бориб, у ердаги ходимларга қўлимиздаги 1985 йилдаги хат устида ёзилган манзилни кўрсатдик. Улар аввалига ёрдам бериша олмасликларини, бир йилда қанча манзиллар ўзгариб кетиши, 38 йил бу – кичкина муддат эмаслигини айтишди.

Кейин эса берилиши керак бўлмаган маълумот бўлса-да, Марлен Кехвишвили исм-шарифли инсон номига почта хизмати кўрсатилган-кўрсатилмаганини текшириб кўришди. Не омадки, худди шу исм-шарифдаги фуқаро номига 1986 йилда почта хизмати кўрсатилган экан. Манзил эса Варкетили-3, 2-корпус, 26-уй. Почта ходимлари фақат шу ёрдамни бера олишларини айтишди. Биз эса оёғимизни қўлга олиб, йўлга тушдик.

Бу сафар манзилимиз аниқроқ, қадамларимиз дадилроқ. Аммо уч савол бизни қийнайди:

1.    Бу уйдаги Марлен Кехвишвили ҳақиқатан ҳам биз қидирган Марленми ёки шу исм-шарифдаги бошқа одамми?

2.    Агар ўзи бўлса, у ҳозир ҳам 38 йил олдинги шу хонадонда яшайдими?

3.    У ҳозир ҳам ҳаётми?

Ўзи аслида Тбилисига саёҳатни мақсад қилиб, aviasales.uzʼдан чипталарни арзонгина сотиб олиб, бирйўла шу илованинг ўзидан меҳмонхоналарни ҳам топиб, банд қилиб, 5 фоизли кешбэкка ҳам эга бўлганмиз. Дам олиш қолган эди холос.

 

Лекин мана, 2 кундирки, ҳамюртимизнинг Гуржистондаги дўстини қидириш билан машғулмиз. Шаҳар кезганимиз ҳам, саёҳатимиз ҳам шу бўляпти. Уни шу куни топишимиз шарт эди! Чунки кечга бориб, бошқа шаҳарга кетишимиз керак.

Бизга берилган уйга етиб келдик. 12 қаватли уйдан қаҳрамонимиз Марленни қандай топамиз, деб турган ҳам эдикки, қаршимиздан чиққан грузин амаки жонимизга оро кирди. Кехвишвилини танишини айтиб, унга қўнғироқ қилди.

 

Энг сўнгги дақиқаларда биз Кехвишлини топдик ва унинг телефон рақами ҳамда уй манзилини ўзбекистонлик дўстига юбордик.

У ҳам кўп куттирмасдан, дўсти топилганидан мамнун бўлиб, дарҳол Тбилисига етиб келди. Шунинг билан 38 йиллар олдин узилган дўстлик ришталари қайта тикланди.

Сардорбек Усмоний
Гуржистон, Тбилиси

Мавзуга оид