Жаҳон | 12:05 / 27.08.2023
21212
13 дақиқада ўқилади

Ярим асрни қаршилаган «Стокҳолм синдроми»: тан олинмаган ташхис нега ҳамон машҳур?

Роппа-роса 50 йил аввал, 1973 йилнинг 23 августида Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида тарихдаги энг машҳур гаровга олиш рўй берган. Ўшанда гаровга олинган инсонлар кризис чоғида ҳам, кейин ҳам узоқ йиллар босқинчилар тарафини олиб келишган. Бундай хатти-ҳаракат ҳануз «стокҳолм синдроми» деб аталади.

Мутахассислар ҳануз «стокҳолм синдроми» ташхис сифатида бор нарсами ёки психологик механизмми дея баҳслашиб келишади. Бироқ у сиёсий штамп сифатида яшаб келмоқда. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари поймол қилишини қўллаб-қувватлашадими? Халқ учун фойдали иш қилолмайдиган ҳукумат учун овоз берадими? Шовқинли озчиликнинг талабларига бўйсунадими? Буларнинг барчасини албатта кимдир «стокҳолм» синдроми билан тушунтиради.

1973 йилдаги воқеа. Полициячилар банк биносини нишонда ушлаб туришибди. Фото: sr.se

Стокҳолм синдроми нима ўзи?

Психологларга агрессор билан идентификциялашув феномени — қурбон ўзининг қийновчи шахсга симпатия қилиши азалдан маълум. Бу ҳодисани Шандор Ференци ва Анна Фрейд 1930-йиллардаёқ ёзиб кетишган. Швед психиатри Нилс Бейерут 1973 йилнинг 23 августида Стокҳолмдаги Норрмалмсторг майдонида жойлашган Kreditbanken банки эгалланганда гаровга олинганлар ўзини қандай тутгани тўғрисидаги журналистлар саволига айнан уларнинг ёзиб кетгани орқали жавоб берган (Бейерут ўша кризис чоғида полиция маслаҳатчиси бўлган). Агрессор билан идентификациялашув — гаровга олинганнинг босқинчига симпатиясини у «норрмалмсторг синдроми» деб атаган. Тез орада бу қийин талаффуз қилинувчи ибора барчага таниш Стокҳолмга алмаштирилган.

Нилс Бейерут. Фото: BBC

Бейерут ҳеч қанақа янгилик очмаган ва бунга ҳеч қачон даъво ҳам қилмаган. «Синдром» энг аввал бошдан қатъий термин эмас, шунчаки бир метафора (киноя) бўлган. Норрмалмсторг босқини телевидение воқеаларни жонли эфирда кўрсатган дастлабки ҳодисалардан бири бўлган. Шу сабабли бу метафора тезда машҳур бўлиб кетган ва «агрессор билан идентификациялашув» каби мураккаб терминнинг ўрнини босган.

Ўшанда банкни эгаллаган босқинчилар Ян-Эрик Улссон ва Кларк Олофссон оддий жиноятчилар бўлишган (улар қамоқда ўтириб чиқиб, Швецияда яшашмоқда). Норрмалмсторгдаги Kreditbanken банкида террорчилик акти эмас, оддий ўғрилик рўй бераётганди: босқинчиларнинг мақсади ҳам швед ҳукумати ва фуқароларини қўрқитиш эмас, пул эди.  Уларда ўлдириш ва ўлиш учун ярайдиган қандайдир бир олий ғоя ҳам бўлмаган.

Ян-Эрик Улссоннинг ушлаб олиб чиқилиши. Фото: washingtonpost.com

Улссон ва Олафссон гаровдагиларни олти кун мобайнида ушлаб туришган. Гаровдагилардан кимдир клаустрофобия хуружига учраса унга ташқарига чиқишга рухсат беришган, алоқ-чалоқ туш кўрганларни тинчлантиришган, яқинларига қўнғироқ қилишга изн беришган, қўнғироқ қилиб туша олишмаса юпатишган. Вазиятга Швеция бош вазири Улоф Палме аралашганда гаровдаги аёллардан бири унга қарата босқинчилардан эмас, уларни провокация қилиши мумкин бўлган полициядан кўпроқ чўчиётганини айтган

Кларк Олафссон. Фото: sourcespro.com

Алалоқибат полиция кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган, жиноятчилар таслим бўлишган, ҳамма тирик қолган, ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган. Банкдан чиқиш олдидан гаровдагилар ва босқинчилар бир-бирлари билан қучоқлашиб, қўл сиқишиб хайрлашишган.

Ўшандан буён журналистлар «стокҳолм синдроми»ни бот-бот эслаб туришади. Масалан, 1980-йилларда Ливанда жангарилар икки америкалик ва бир инглизни гаровга олишади. Улар озод қилингач, ўзларини ўғирлаб кетганлар уларга жуда яхши муомалада бўлишганини айтишган, гарчи улар бир кишилик камераларда занжирбанд ҳолда сақланган бўлишса ҳам.

Расман «стокҳолм синдроми» деган ташхис тан олинмаган. Уни аниқлаш мумкин бўлган умумқабул қилинган мезонлар ҳам йўқ. Айрим мутахассислар бу «синдром»ни аслида оддий виктимблейминг (қурбонни айблаш) деб ҳисоблашади: у жиноятчиларнинг психологик манипуляцияларига эмас, қурбонларнинг ноадекват реакцияларига диққатни қаратади.

Нима бўлганда ҳам, «стокҳолм синдроми» маиший зўравонликка дучор бўлган, бироқ зўравон турмуш ўртоғидан воз кечиб кетолмайдиган аёлларга нисбатан мунтазам қўлланади.

Тахмин қилинишича, «синдром» агар қурбон ўз ҳаёти учун таҳликага тушса, (ҳукмронликка эга бўлган, қуролланган ёки шунчаки кучли) агрессордан ўзини ҳимоя қила олмаса ёки (тутқунликда экани ёки борадиган жойи йўқлиги туфайли) қочиб кета олмаса пайдо бўлади. 

Украиналик қочқинларни руҳий қўллаб-қувватлаш бўйича Teplo лойиҳаси асосчиларидан бири Юлия Бурлаковага кўра, «стокҳолм синдроми тамғасига эга бўлиш — инсоннинг ҳеч қандай рационал танлови эмас, шунчаки ўзи учун хавфсиз шароит ундиришга уринишдир. Тўлиқ бўйсуниш шароитида золимни ёки жиноятчини яхши кўриш — бу чинданам тирик қолиш тизими, супер нонормал шароитга нормал реакция». 

Агар агрессор қурбонга таҳдид қилса ва кейинчалик фикридан қайтса шундай алоқа пайдо бўлиши мумкин. Енгил тортиш миннатдор бўлиш ҳиссига айланади. Агрессор қурбондан босим ўтказиш учун ричаг сифатида фойдаланса — гаровга олинганлар билан шундай бўлади — қўрқув нафақат агрессорни «севиш»га, ҳаттоки ён бермаётган ҳокимият вакилларидан қўрқиш (ҳаттоки уларни айблаш)га мажбурлайди. 

Олимлар гаровга олинганлар, асирга олинган ҳарбийлар, псевдодиний секта аъзолари, оилавий зўравонлик қурбонлари, интим хизмат кўрсатувчиларнинг агрессор билан идентификациялашуви ҳолатларини ўрганишда давом этишмоқда. Айрим олимлар «корпоратив стокҳолм синдроми»ни ҳам тилга олишган: бунда бошлиқ ходимини таҳқирлайди, ходим эса барибир бошлиқни севишда давом этади. Бироқ, тадқиқотчилар «стокҳолм синдроми» тушунчасидан фойдаланса ҳам уни қатъий термин эмас, метафора сифатида ишлатишади.

Сиёсатда ҳам «Стокҳолм синдроми» бўладими?

Метафора сифатида бу иборадан тез-тез фойдаланишади. Бу ҳаммага ҳам ёқавермайди: психологиянинг ўзида ҳам ўта шубҳали бўлган бу тушунчани жамият ва халқаро муносабатларга олиб ўтиш — уни мазмунини йўқотиш даражасида чўзиш демак.

1989 йилда Филипп Пилевский «Асир олинган қитъа» асарида СССРни Ғарбий Европа ва АҚШ ўртасида таранглик вужудга келтиришда айблаган. Пилевскийнинг таъкидлашича, совет иттифоқи европаликларнинг қалбига қўрқув жойлагани туфайли улар ўзларини «стокҳолм синдроми»га дучор бўлган гаровдагилар сингари тутиб, советпараст позицияга ўтиб олишган.

Бу ўринда метафора у ёки бу даражада аниқ эди: таҳдид манбаси бор, ундан қочиб қутулолмайдиган қурбон бор ва ушбу қийин шароитда яшашга интилишни талаб қилувчи сиёсат бор.

Гап шундаки, бу метафорага кўпинча аниқлик етишмайди. 2009 йилда америкалик сиёсатшунос Алекс Шулман европалик сиёсатчилар радикал ислом «гаровидагилар»га айлангани ва уларда «стокҳолм синдроми» кузатилаётганини ёзган эди. «Қочиб қутулиб бўлмас агрессор» сифатида Европа давлатларидаги мусулмон мигрантларнинг диаспоралари тилга олинган. Китобда юмшоқ қилиб айтганда, бундай диаспораларнинг тутган ўрни адекват тасвирланмаган.

2014 йилда Қрим аннексиясига Ғарб давлатларининг нисбатан юмшоқ реакцияси ҳам «стокҳолм синдроми» билан тушунтирилган: гўёки улар Россияга иқтисодий жиҳатдан боғлиқ, шу сабабли унинг агрессив сиёсатига панжа орасидан қарашмоқда. 2023 йилга келиб россиялик пропагандачилар ва ҳарбий блогерлар Германия аксилроссия сиёсати юргизаётганига сабаб сифатида улар АҚШ томонидан гаровга олингани ва унда «стокҳолм синдроми» борлигини таъкидлашмоқда.

Россияда «стокҳолм синдроми» кузатилмоқдами?

Бу анча машҳур нуқтайи назар, лекин барибир уни тўғри деб бўлмайди.

Бунақа деяётганлар нормал жамият ҳаёти қандай қурилиши кераклиги тўғрисидаги таассуротларидан келиб чиқиб гапиришади: фуқароларга нимадир ёқмаса — улар норозилик билдиришади. Агар фуқаролар норозилик билмаётган бўлса, демак уларга ҳаммаси маъқул. Бироқ қўшни давлатга нисбатан агрессия ва мамлакат ичидаги қатағонлар россияликларга ёқаётган бўлиши мумкин эмас-ку? Мана шу ерда «стокҳолм синдроми» бордек кўринади: гўёки россияликлар ўз ҳукуматидан қўрқишади (қўрқишадиям-да!), қаршилик кўрсатишга қодир эмас, қочай деса борар жойи йўқ — шу сабабли Путинни «севиш»га ва у нимаики қилмасин, маъқуллашга мажбур. 

Олимлар ва айниқса публицистлар ижтимоий-сиёсий жараёнларни тушунтириш учун психология усулларидан фойдаланишга мунтазам уриниб кўришади. Бу ҳар доим ҳам иш беравермайди.

2012 йилда «стокҳолм синдроми» тушунчасидан ижтимоий-сиёсий контекстда фойдаланиш тўғрисидаги тадқиқот чиқди. Аниқланишича, у кўпинча мулоқотни ривожлантиришга ёрдам бермайди. Ундан қандайдир носоғлом ва нотўғри нарсага ёрлиқ ёпиштириш учун фойдаланилади — бу ҳолатда мулоқотни давом эттиришнинг ўзи кулгили.

Сиёсатчилар қўлида «медикаллаштириш» ва «паталогиялаштириш» ҳар қандай эътирозни нейтраллаштириш, бошқача нуқтайи назар ва тажрибага эга инсонларнинг айтганларини пучга чиқаришда қўл келади: «бу айтилаётганлар фикр эмас, симптом», дея мавзуни ёпишади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қўлида «стокҳолм синдроми» ўзини кўрсатишнинг қулай усулига айланган. Суҳбатдошини ким биринчи ноадекватлик ва ўз далилларига теран баҳо бера олмасликда айблай олса бас — у ғолиб сифатида суҳбатни тарк этади.

«Стокҳолм синдроми»нинг тарқалганлигини ўрганиш жуда мураккаб. XX аср охирларида ФТБ террорчилик хуружи ҳолатларида «стокҳолм синдроми» симптомлари гаровда ушлаб турилганларнинг 10 фоизидан камроғида пайдо бўлади, дея баҳолаган. Демак, миллиондан ортиқ «севиб қолган гаровдагилар» тўғрисидаги фараз тўғри эмас. Бу ҳолатда «стокҳолм синдроми» термини ҳарфма-ҳарф психологик термин сифатида тушунилса. Лекин бу метафора экани юқорида таъкидланди.

«Стокҳолм синдроми»га дучор бўлган инсонлар қурбонлардан жиноят иштирокчисига айланган ҳолатлар ҳам бор. Машҳур мисол — Патти Ҳёрстнинг кечмиши. У жуда бой оилада ўсган қиз эди. 1974 йилда уни сўл радикал гуруҳ ўғирлаб кетади. Қизни бир неча кун тор шкафда сақлашади, зўрлашади, калтаклашади. Кейин у гуруҳга қўшилишни истайди ва банк ўмаришда иштирок этади. Ҳибсга олинганида унга ҳаёти учун қўрқув, ожизлик ва даҳшат туфайли келиб чиққан жароҳатдан кейинги бузилиш ташхиси қўйилади, бироқ халқ орасида «стокҳолм синдроми» ҳақида гапиришади. Ҳёрст етти йилга қамалади ва икки йилини ўтириб чиқади: жазонинг қолган қисмини кейинга қолдиришади ва уни Билл Клинтон афв этади — президентни у ўз ихтиёри билан ҳаракат қилмаганига ишонтиришади.

Патрисия Ҳёрст. Фото: cnn.com

Бошқа шаҳарлар номига қўйилган синдромлар

Турли шаҳарлар ва мамлакатлар номига қўйилган бошқа ўнлаб синдромлар ҳам бор. Масалан, «стокҳолм синдроми»нинг бутунлай тескариси — «лондон синдроми». Бунда гаровга олинган шахс принцип қилиб туриб олиб, босқинчилар билан ҳамкорлик қилмайди. Террорчиларнинг гаровдагиларга муҳаббати Перу пойтахти номи билан «лима синдроми» деб аталади.

Туристларда ўзига хос маданий шок пайдо бўлиши ҳам «географик» синдромлар деб аталади. Музейларда мўлжални йўқотиш ва «санъатдан маст бўлиш» — «флоренция синдроми» деб аталади. Ўзининг «ойдин» эканига камоли ишонч «ҳинди синдроми» дейилади. Франция пойтахтига бориб, айланиб, кутилган ҳиссиётларга эга бўлолмаганлар «париж синдроми»га дучор бўлган, деб ҳисобланади.

«Сараево синдроми» ҳам бор — бу Югославиядаги урушлардан кейинги жароҳатлар туфайли стрессли асаб бузилишининг хусусий ҳолати. Тинчлик йўлидаги атом соҳасида эса «хитой синдроми» бор — АЭСда авария рўй бериши, эриган ёқилғи энергоблокни куйдириб, тупроққа сингишининг гипотетик сценарийси. 

Мавзуга оид