Жамият | 20:00 / 29.08.2023
18091
5 дақиқада ўқилади

Оқ-қовоқ ГЭС-1 (ГЭС-10) янги қувватларда ишга туширилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика тармоғининг муҳим бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида самарали ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Бу борада гидроэнергетика соҳасига фаол жалб этилаётган маҳаллий ва хорижий инвестициялар негизидаги лойиҳалар асосида янги ГЭСларни қуриш, узоқ йиллардан буён эксплуатация қилиб келинаётган ГЭСларни замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш, мамлакатимизнинг кичик ва микро гидроэнергетик салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш ҳамда ушбу жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш борасидаги ишлар юқори суръатларда амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасига қаратилаётган улкан эътибор натижасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда тизим таркибидаги электр энергия ишлаб чиқарувчи корхоналар олдига муҳим вазифалар қўйилиб, умумий гидроэнергетик қувват ҳажмини янада ошириш борасида амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, йилдан йилга тизимда янги ГЭСларни қуриш, модернизация лойиҳаларини амалга ошириш ишлари ҳажми ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда ГЭСлар сонининг ортишига, қайта тикланадиган электр энергия ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмининг янада ошишига замин яратади.

Бугун, 29 август куни “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Оқ-қовоқ ГЭС-1 (ГЭС-10) нинг модернизациядан сўнг, янгиланган юқори қувватларда ишга туширилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раисининг ўринбосари Бекзод Амирсаидов ҳамда каскад раҳбари Абдурасул Шодмонов табрик нутқи билан очиб берди.

Маросимда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, Жамият тизим корхона ва ташкилотлари вакиллари, ҳамкор хорижий компаниялар масъуллари, гидроэнергетик муҳандислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Оқ-қовоқ-1 (ГЭС-10)нинг аввалги ўрнатилган қуввати 34,7 МВт бўлган бўлса, модернизация ишлари якунига етказилгандан сўнг 39,7 МВт га етказилди.

Маълумот учун: Ушбу ГЭС бундан 80 йил олдин (1943 йилда) Чирчиқ шаҳрида ишга туширилган бўлиб, умумий қуввати 34,7 МВт бўлган 2 та агрегат ўрнатилган.

ГЭС таркибига қуйидагилар киради:

– деревацион канал;

– зах канали охиридаги сув ажратиш иншооти;

– ГЭС босим ҳавзаси;

– ГЭС 1-гидроагрегатига борадиган 57 метрли канал;

– ГЭС 2-гидроагрегатининг босим ҳавзаси;

– станция биноси ва бошқарув корпуси;

– 891 метрлик қопланмаган Бўзсув каналига тушадиган ўтказувчи канал.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021-йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сон Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 2-апрелдаги “Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-10), “Самарқанд ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-2Б), “Тошкент ГЭСлар каскади” УК (ГЭС-1) модернизацияси” инвестициявий лойиҳанинг техник иқтисодий асосини тасдиқлаш тўғрисида”ги 276-сонли қарори қабул қилинди. Унга асосан, Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги томонидан “Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК модернизацияси (ГЭС-10)” инвестициявий лойиҳасини молиялаштириш учун имтиёзли кредит берилиши маъқулланганлиги, “Гидропроект” АЖ томонидан инвестициявий лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилганлиги қайд этилиб, инвестициявий лойиҳанинг молиялаштириш манбалари сифатида ХХР Эксимбанкининг 20 йил муддатга, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли даврга йиллик 2,2 фоиз ставкаси билан, “Туронбанк” АТБ орқали қайта молиялаштириладиган ва қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,2 фоиз миқдоридаги маржаси қўшилган ҳолда бериладиган кредит маблағлари, шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ўз маблағлари белгиланганди.

Лойиҳа қиймати 18.5 млн АҚШ доллари бўлиб, молиялаштириш “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ўз маблағлари – 4,1 млн АҚШ доллари ҳамда Хитой Халқ Республикаси Эскимбанки кредити – 14,4 млн АҚШ доллари ҳисобидан амалга оширилди.

Модернизация ишлари ХХРнинг соҳада етакчи ташкилотларидан бири бўлган “CНТИC” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Янгиланган қувватлар орқали мазкур ГЭС Чирчиқ шаҳри аҳолиси ҳамда иқтисодий секторига 213,8 млн кВт соат электр энергия етказиб бериши кутилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Янги Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш, соҳага илғор, ақлли технологик қурилмаларни жорий қилиш юртимизнинг муқобил электр энергиясига бўлган эҳтиёжи самарали ва барқарор таъминланишига, гидроэнергетик қувват манбаининг янада ортишига муҳим замин яратиши, шубҳасиз.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид