Жаҳон | 21:52 / 29.08.2023
33943
3 дақиқада ўқилади

Пригожин Петербургда отасининг ёнига дафн этилди. Жараён ёпиқ ўтган

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси, 23 август куни Твердаги авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган Евгений Пригожинни она шаҳри Санкт-Петербургдаги қабристонга кўмишди.

Фото: Getty Images

28 август куни Россиядаги Telegram-каналларда Пригожиннинг дафн маросимига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Орада «Вагнер»га алоқадор каналлар буни рад этиб чиқди. Лекин Москва вақти билан соат 17:20 да Пригожиннинг ахборот хизматига тегишли ва икки ой аввалги исёндан буён ҳеч нарса ёзилмаётган 1,2 миллион ўқувчиси бор Telegram-каналда бу борада икки энли эълон пайдо бўлди.

«Евгений Викторович билан видолашиш маросими ёпиқ тарзда ўтказилди. Истовчилар Пороховскдаги қабристонга бориши мумкин», деб ёзилган баёнотда.

Бу хабар эълон қилинган вақтда қабристон ёпилиб бўлганди. У ҳар куни соат 10:00 дан 17:00 гача очиқ бўлиши белгиланган. «Интерфакс» Пригожин ахборот хизмати орқали у айнан Проховскдаги қабристонга дафн этилганини аниқлаштирган.

Дафн маросимида ҳарбийлар иштирок этмаган, у ерда фақат Пригожиннинг яқинлари бўлган. Маросим соат 16:00да тугаган. Твердаги ҳалокатда ҳалок бўлган бошқа вагнерчилар бу қабристонга кўмилмаган.

Telegram-каналларда эълон қилинган кадрлардан Пригожиннинг қабри ёнига Иосиф Бродскийнинг ушбу мисралари битилган қоғоз бўлганини кўриш мумкин:

«Остонага қадам қўяман, /тушунмай, иккиланиб [дейман]:/ сен ўғлиммисан ё Худо? Яъни, ўлганмисан ёки ҳаёт?»

Пригожинни отасининг қабри ёнига дафн этишган. Рус нашрлари ёзишича, Пригожин кўмилганда ҳарбий одат бўйича ўқ узилмаган. Одатда Россия Қаҳрамонлари ўлганда дафн маросимида ҳарбий чест берилади, бу гал ушбу одат ҳам кузатилмаган. Дафн маросимида 20-30 чоғли одам қатнашган.

Дафн маросими ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, қабристон олдида Росгвардия ходимлари пайдо бўлган. Кираверишда эса металл изловчи ускуна ўрнатилган.

Украина президент офиси вакили Михайло Подолякнинг айтишича, Пригожиннинг дафн маросимини «Путиннинг қўрқуви сабаб» махфий тарзда ўтказишган. «Вагнер» собиқ раҳбари Твер области осмонида намойишкорона ўлдирилганидан кейин ҳам россиялик диктатор оммавий намойишлардан ваҳимага тушиб қўрқади. Хотиралардан, шубҳалардан, таққослашларидан қўрқади. У ўз «қаҳрамонлари»дан ҳам қўрқади», дейди Подоляк.

Евгений Пригожиннинг дафн маросими ҳақида маълумотлар у ўтиб бўлгунига қадар сир тутилди. Петербургдаги Северний ва Серафимов қабристонларида 29 август куни полиция ва вагнерчиларни пайқашган, аммо бу Пригожиннинг дафн маросими экани ҳақида аниқ маълумот бўлмаган.

Журналистлар Кремл расмийси Дмитрий Песковдан Путин «Вагнер» асосчисининг дафн маросимига бориши эҳтимоли ҳақида сўрашганди. Песков қисқа қилиб хўжайинининг бундай режаси йўқлигини айтган.

Мавзуга оид