Дронларнинг ёппа ҳужуми. Украин аппаратлари қандай қилиб Псковгача учиб келиши мумкин?
Россия қўшинлари Киевни қанотли ракеталар ва дронлар билан ўққа тутаётган маҳалда Россиянинг марказий ҳудудлари ва аннексия остидаги Қримдаги объектлар дронларнинг ёппасига ҳужумига учради. Россияликлар зарбалари оқибатида Украинада икки киши ҳалок бўлган. Россия бўйлаб берилган зарбалардан кейин қурбонлар бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Аммо агар моддий зарар ҳақида гап кетса, Псковдаги аэродромга берилган зарба оқибатлари жиддийроқ бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, у ерда Ил-76 русумли иккита ҳарбий-транспорт самолёти йўқ қилинган, яна тўрттаси шикастланган.
Украинанинг «Бабел» нашрига берган интервюсида мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси расмийси Андрей Юсов Псковга тунги ҳужум вақтида тўртта Ил-76 йўқ қилингани ва яна бир неча ҳарбий-транспорт самолётларига зарар етказилгани ҳақида айтди.
Шу билан бирга, у Россия бўйлаб дронлар ҳужуми Украина томонидан амалга оширилгани ҳақида ҳеч нарса демаган.
Моддий йўқотишлар
Россия томони тўртта Ил-76 самолёти шикастланганини тасдиқлаган. Бу катта эҳтимол билан улар сафдан чиққанини англатади — шикастланиш даражаси жиддий бўлмаган тақдирда ҳам, самолётларни синчиклаб текширувдан ўтказиш талаб этилади. Агар шикастланиш даражаси жиддий бўлиб чиқса, уларни узоқ вақт давомида таъмирлашга тўғри келади.
Россия ҳаво-космий кучлари учун иккита оғир транспорт самолёти йўқотилиши, тахминларга кўра, тўрттаси вақтинча сафдан чиқиши — критик йўқотиш ҳисобланмайди. Flight InternationalWorld журналининг Air Forces 2023 йўриқномасига кўра, Россия ҳарбий-транспорт авиацияси ихтиёрида Ил-76 русумли 219 та самолёти мавжуд. Аммо бу барибир қўшинларни ташиш билан шуғулланувчи қимматбаҳор йирик самолётлар ҳисобланади.
Россия учун яна бир анчагина жиддий моддий йўқотиш — Тула области ва Москва области ҳаво кенглигининг бир қисми ёпилиши оқибатларидир. Тун давомида бу ҳудудларда икки бор «Ковер» режими жорий этилди, бундай режим осмонда бегона учиш объектлари пайдо бўлса ёки пайдо бўлиш хавфи юзага келганида жорий этилади.
Бу ҳолатда ҳудудда бўлиб турган барча самолётлар уни тарк этиши ва захира аэродромларига кетиши ёки бошқа ҳудудда кутиб туриши керак бўлади.
Бундан ташқари, аэропортларда ўнлаб рейслар бекор қилинмоқда, бу ҳам катта харажатларга олиб келади. Бундай ҳолат эса сўнгги ҳафталарда кўп такрорланмоқда - август ойининг иккинчи ярмида украинлар қаторасига олти кун Россия марказига дронлар ҳужуми уюштирди.
Дронлар қаердан учиб келмоқда?
Бир тун ичида дронлар Россиянинг олти регионига ва аннексия қилинган Севастополга ҳужум қилди, бу Россия ҳудуди бўйлаб амалга оширилган энг кенг кўламли ҳужумга айланди.
Шу билан бирга, Псков аэродромига рейднинг ўзига хослиги шундаки, у Украинанинг энг яқин чегарасидан тахминан 700 км масофада жойлашган. Бу эса анча каттагина масофа.
Украинада минг ёки ундан кўпроқ масофага учиб бора олиши айтилган дронлар бор — масалан, Raybird-3 ёки «Бобер». Бундай дронлар бунгача ҳам Россия бўйлаб зарбалар бериш вақтида қўлланган.
Аммо тўғри чизиқ бўйлаб ҳисобланган 700 километрни босиб ўтиш учун амалда кўпроқ масофа босиб ўтилиши керак, чунки дрон парвоз вақтида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини айланиб ўтиш учун манёврлар қилиши талаб этилади ва бу маршрутни узайтиради. Бундан ташқари, парвоз давомида рўпарадан ёки ёндан шамол эсса ҳам, йўналишни тўғрилаш ва йўлда давом этиш учун ҳам қўшимча ёнилғи сарфлашга тўғри келади.
Шу туфайли ижтимоий тармоқларда дарҳол дронлар Украина ҳудудидан эмас, балки бошқа қайсидир қўшни мамлакатлардан учирилгани ҳақида версиялар пайдо бўлди. Бу Беларус ёки Болтиқбўйи мамлакатлари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди.
Бир томондан бу шубҳаларда мантиқ бор, чунки бу чиндан ҳам катта амалиёт бўлди — биргина Псков аэродромига, дастлабки маълумотларга кўра, 10 тадан 20 тагача дрон учирилган.
Бундай миқдордаги учиш аппаратлари, агар улар Украина ҳудудидан учирилганида, чегарани кесиб ўтишда ва Россия ҳаво кенгликларини босиб ўтишда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан пайқалган ва бир қисми тўхтатилган бўларди.
Бундай ҳолатда тахмин қилиш мумкинки, уларни Россиянинг ўз ҳудудидан учиришган, бунда одамлар яшамайдиган ва ҳарбийларнинг радарлари томонидан назорат қилинмайдиган ҳудуд танланган.
Аммо Россия ва Беларусга бундай йирик аппаратларни олиб кириш (бундай дроннинг қаноти узунлиги икки метрдан уч метргача боради) ва бемалол учириш мумкин бўлгани ҳақидаги тахмин янада ғалатироқ кўринади.
Аппаратларни учириш учун ёки самолёт каби тезлик олиш шароити бўлган текислик ёки катапулта керак бўлади, бу ҳам каттагина ҳажмдаги конструкция ҳисобланади.
Мураккаб нишон
Шунинг учун, дронлар барибир Украинадан учирилгани ва шунчаки уларни Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тўхтата олмагани эҳтимоли юқори.
Бу чиндан ҳам мураккаб нишон — пастлаб учадиган бундай дронларни радарлар ёрдамида кузатиш қийин, қоронғида эса кўз билан илғаш ва ўқотар қурол билан аниқ нишонга олиш ҳам қийин.
Россия манбаларига кўра, дронларнинг кўпчилик қисми ёки уриб туширилган, ёки улар радиоэлектрон кураш воситалари орқали ишдан чиқарилган.
Аммо ҳар бир уриб туширилган дрон уни учирган томонга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радиоэлектрон кураш воситалари қаерларда жойлашгани тўғрисида қимматли маълумотларни тақдим этади, шу туфайли ҳар бир кейинги рейд ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларидаги бўшлиқлар ҳақида кўпроқ маълумотлар билан амалга оширилади.
Эҳтимол, айнан шундай тажриба эвазига Псковдаги аэродромга зарба беришнинг имкони бўлган — бунгача бу йўналишда Брянск областида жуда кўп дронлар уриб туширилганди.
Жавоб юриши
Бу рейднинг яна бир ўзига хослиги шундаки, бу сафар ёппасига ҳужум уюштирилди. Дронлар бир шаҳардаги бир нишонга қаратилмаганди, уларни Россиянинг турли регионларида ва аннексия қилинган Қримда учратишди.
Украина анчадан буён учувчисиз учиш аппаратларини яратиш ва ишлаб чиқаришга сармоя киритмоқда. Дрон орқали ҳужумлар тобора кенг кўламли бўлиб бораётганига қараганда, Украина уларни ўзида ишлаб чиқариш ёки катта миқдорда бошқа манбалардан олиш имкониятига эга.
Россия Украинани Эронда ишлаб чиқарилган дронлар билан ўққа тутиш бўйича кампанияни бошлаганида, бу воқеалар муҳокамаси чоғида Москванинг ўзи дрон ишлаб чиқаришда қандай қийинчиликларга дуч келиши ҳақида кўп гапирилганди: электроникадан қонуний ва очиқчасига фойдаланиш имкони йўқлиги, бензин двигателлари етишмовчилиги ва бошқалар.
Санкциялар остида бўлмаган, шу билан бирга кўплаб давлатлардан ёрдам олиб келаётган Украинада эса бундай эҳтиёт қисмлар бўйича муаммолар деярли бўлмаслиги керак. Бу ўйин икки кишилик ва Украина қуролли кучлари — украинларнинг Россиядаги объектлар бўйлаб зарбалари тобора кучайиб бораётганига қараганда — бу чақириқни қабул қилган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024