Жамият | 19:00 / 30.08.2023
16437
8 дақиқада ўқилади
Реклама

Ҳар бир аёл бахтли яшашга ҳақли

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилиб, жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида олиб боради.

Жамғарманинг асосий мақсади хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ҳамда кўникмаларни эгаллашда уларга кўмаклашиш ва рағбатлантиришдан иборат.

Шунингдек, жамғарма ўз олдига бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олган. Инчунин, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштириш, хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш етакчи вазифаларидандир. Шу билан биргаликда, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш шулар жумласидан.

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан республикада оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлаш борасида амалий ишлар тизимли йўлга қўйилган. Бу борада амалга оширилаётган эзгу амаллар бевосита юртбошимиз ташаббуслари, шунингдек, бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоеваларнинг кўмаклари асосида амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июль-август ҳисобига кўра юртимиздаги ижтимоий-ҳимояга муҳтож бўлган 2 587 нафар хотин-қизларга реабилитация воситалари етказиб берилди. Шундан, 1 125 та ногиронлик аравачаси, 778 та эшитиш мосламаси, 559 та ҳасса ва қўлтиқтаёқ ҳамда 125 та кўзи ожизлар ҳассаси, юриш мосламаси каби воситалар ўз эгаларига топширилди.

– Анча йиллардан буён юриш имкониятим чекланиб қолган эди. Мени йўқлаб пойтахтдан келган меҳмонлар: “Шу маҳаллада айланиб юрсин”, – дея арава олиб келибди. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилди. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз соғ-саломат бўлсин. Шунча йўл босиб мени йўқлаб келибди, уларни ҳар доим худо йўқласин! – дейди ўз дуоларида Жиззах вилояти “Халқобод” МФЙда яшовчи 92 ёшли Қумри ая Қаюмова.

– Фарзандим неча йиллардан буён оғир хасталик сабаб тўшакка михланиб қолган. Унинг бир дардини кўриб, ўзим минг дард билан яшаяпман. Фарзанди бетоб бўлиб, тунларини бедор ўтказиш қисматини ҳар бир аёл яхши ҳис этади. Бироқ давоси мушкул бўлган дардга чалинган жигарпорасининг кўзларига термилиб умр ўтказиш азоб. Бир кун бўлса ҳам ҳаётнинг гўзаллигини, қуёш тафтини, табиат нафасини ҳис этиб яшаши учун боламга ҳар қандай шароит қилишга тайёрман. Бироқ дори-дармоннинг ўзи ҳам анча пул бўлиб кетади. Фарзандимни ҳовлида айлантириб юриш учун ногиронлик аравачаси анчадан буён зарур эди. Юртбошимизнинг эътибори билан мутасадди ташкилот вакиллари шунча йўлдан биздан ҳол сўраб келибди. Ўғлим учун ногиронлик аравачаси келтиргани кўнглимга чироқ ёққандек бўлди. Илоҳим ҳамма оналарнинг фарзанди соғ бўлиб, кўпнинг боласи қатори ўғлим ҳам тезроқ оёққа туриб кетсин. Биз учун қилган бу хайр-саховат эгаларининг Оллоҳ умрини зиёда қилсин, – дейди Навоий вилояти Кармана тумани “Зиёкор” МФЙда яшовчи фуқаро Ҳанифа Дониёрова.  

 ДАРДЛАРГА ДАРМОН ИСТАБ

Дунё гўзалликларини ўзида мужассам этган бир хилқат борки, у билан хонадонимиз файзли, қалбимиз нурафшон. Унинг ҳаётимизда борлиги бахт бўлса, жамиятда ўз ўрнини топа олиши кераклигини ҳис этиб яшаши келажак-авлод таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Зеро соғлом фарзандларни соғлом оналаргина тарбиялай олади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳудудларда аёллар муаммоларини тизимли ва манзилли равишда ўрганиш ҳамда ҳал этиш доирасида рўйхатлар шакллантирилган. Ушбу рўйхатлар асосида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан махсус жарроҳлик амалиётларини ўтказиш орқали даволанишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатидаги ҳамда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларнинг даволаниши учун маблағлар ажратиб келинмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари ёшидан қатъи назар) фарзандларига даволаш, дори воситалари олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси ва сектор раҳбари тавсияси билан тиббий муолажа харажатларини “Аёллар дафтари” жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш кўзда тутилган.

Мана шу хайрли ишнинг амалий исботи сифатида жорий йилнинг июль-август ойларида 929 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ бўлган барча харажатларга 20 миллиард 580 миллион 338 минг сўмлик маблағлар қоплаб берилди.

– Ўзим “Аёллар дафтари”да тураман. Соғлигим ҳам, ижтимоий аҳволим ҳам яхши эмас. Уч нафар фарзандни бир амаллаб улғайтирдик. Тақдирнинг синови бўлиб катта қизим 3 ёшида қайноқ сувга тушиб кетди. Ва бу шифокорлар томонидан оғир куйиш деб баҳоланди. Олиб бормаган шифокоримиз қолмади. Ҳар йили касалхона эшигида сарғайиб умримиз ўтмоқда. Терининг қаттиқ куйиши бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқарар экан. Бир пайтнинг ўзида кўриш системаси пасайиб, асаб ва турли ички касалликларнинг ҳам ривожланишига сабаб бўлди. Айни пайтда 23 ёшга кирган қизим Дилдора Ғайбуллаева “Ёшлар дафтари”да туради. Теридаги битмас яралар оқибатида 21 марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган фарзандимга тери кўчириш кераклигини шифокорлар айтишганида, чорасизлигимиз, яъни маблағимиз етмаслиги юрагимга оғир ниш бўлиб ботарди. Оллоҳга шукурки, юртбошимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатлари сабаб қизимнинг даволаниши учун 17 миллион 500 минг сўм маблағ ажратилди. Самарқанддаги марказий шифохонада жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, қизим айни пайтда ўзини анча яхши ҳис этяпти. Дунёда яхши одамларнинг борлиги рост. Яхшиям улар борки, бизга ўхшаган оналарнинг дардига дармон бор, – дейди Каттақўрғон шаҳри “Зомин” МФЙда яшовчи Нурнисо Файзиева.

Бу каби хайр-саховат йўлида бош-қош бўлаётган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг режалари бисёр. Энг аввало ҳеч бир хотин-қиз бирор дард сабаб азият чекмасин, жамиятдан ўзини айро ҳис этмасин, кўнгли ўксимасин. Ўксик қалбларга дармон бўлиш энг олий мақсаддир.  

“Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси” ижрочи директори Умрбек ИСМАИЛОВ

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид