Фан-техника | 16:32 / 30.08.2023
76157
22 дақиқада ўқилади

«У дунёни қутқаришни хоҳлайди, фақат қутқарувчи ўзи бўлса» – NY Маск қандай одам экани ҳақида профайл эълон қилди

Dimitrios Kambouris / The Met Museum / Vogue / Getty Images

Дунёнинг энг бой одами Илон Маск охирги йилларда америкалик журналистлар учун катта нюсмейкерга айланди. The New Yorker журналисти Ронан Фэрроу миллиардернинг 30 дан ортиқ собиқ ва ҳозирги ҳамкасблари билан гаплашиб, Space X ва Twitter/Х эгасининг ҳозирги ҳаёти қандай кечаётганини тасвирлашга уринди. Қуйида ўша мақоланинг таржимаси келтирилади.

***

2022 йил октябр ойида АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Кал Парижга боради. У кун бўйи европалик дипломатлар билан гаплашади ва кейин меҳмонхонадан туриб Илон Маскка қўнғироқ қилади. Бу вақтда тадбиркорнинг Space X компанияси бир неча ойдан буён Украина армиясини интернет билан таъминлаб келаётган, бу орқали украинларнинг Россия босқинига қарши туришига кўмаклашаётганди.

Украина ва Россия ўртасидаги Маск

2022 йил февралда, уруш бошланганидан бир неча кун ўтибоқ Илон Маск урушга қайсидир маънода ўз таъсирини ўтказа бошлайди. Унинг топшириғи билан Space X Украинада Starlink сунъий йўлдош тизимини ўрнатиб, мамлакат армияси ундан фойдаланишига имконият яратади. Бу Украинага киберҳужумлардан қочиш ва қуролларни Россия позициялари томонга қаратишга имкон беради. Бу пайтда Starlink интернетидан ҳатто АҚШнинг ўзида ҳам кенг фойдаланишмаётганди.

Starlink тизимини Украинада ўрнатишда иштирок этган уч киши аноним тарзда ушбу жараёнга Илон Маскнинг бевосита таъсири қанчалик юқори эканидан ҳайратга тушганини айтади. Уларнинг сўзларига кўра, Маск Украинага ёрдам беришни, одамлар хавфсизлигини таъминлашни истаган ва ўз манфаатларини ўйламаган.

Охирги ойларда Украина қўшимча 5 мингта Starlink терминалларини олди. 2022 йил кузида Украина қуролли кучлари фойдаланаётган терминаллар сони 20 мингтагача етганди. Ушбу тизимга уланишни таъминлаган ҳарбийлардан бирининг айтишича, Starlink терминаллари уруш бошида Украина армияси учун фронтдаги асосий алоқа воситаси бўлган.

Маск Украинада сунъий йўлдошдан фойдаланишни йўлга қўйиш учун ўнлаб миллион доллар маблағ сарфлади. Масалан, Starlink Украина ҚК 59-бригадаси дронлар орқали РФнинг Донбассдаги позицияларини ўққа тутишини таъминлаган (2022 йил 30 декабр)
Pierre Crom / Getty Images

Урушнинг дастлабки ойларида Маск Украинани қўллашини очиқ билдираётган, Украина қуролли кучлари учун юборилаётган техникалар суратларини ўз саҳифасига жойлаётганди. Аммо 2022 йил сентябр ойида Space X Пентагонга Украинага бундан буён терминалларни текин юбора олмаслиги, мавжуд терминалларга ҳам чекланмаган вақт давомида хизмат кўрсата олмаслиги борасида хат юборади.

Табиийки, унинг техникаларини ҳарбийлар ишлатаётгани Маскни хавотирга солаётганди. Ўша ойда Аспенда ўтган конференциядаги Маскнинг чиқиши эса унинг уруш борасидаги қарашлари буткул бошқача эканини кўрсатиб қўйди. У сиёсатчиларни музокаралар столига ўтиришга чақириб, Россия президенти Путин «тинчлик хоҳлаётгани»ни иддао қилди. Бир ҳафта ўтиб эса Маск Украинадаги уруш бўйича ўзининг «тинчлик режаси»ни эълон қилади. Унда Украина Қримни Россия таркибида қолдириши кераклиги айтилганди.

Маскнинг сўзлари фронтдаги вазиятга ҳам таъсир қилди. Ҳужум қилаётган украин аскарлари буткул алоқасиз қолишди. Ронан Фэрроу билан суҳбатлашган Николай исмли аскар шундай эслайди: «Биз деярли фронт чизиғига етиб боргандик. Уни ёриб ўтганимизда Starlink кутилмаганда ўчиб қолди. Алоқа узилди ва отрядлар ўзаро мулоқот қилолмай қолди. Ҳужум қилаётганда командирлар учун энг муҳими барча маълумотларни вақтида олиб туришдир. Алоқа воситалари бўлмагани сабабли командирлар ҳаётини хавф остига қўйиб, ўзи жанг майдонига боришига тўғри келди. Қисқаси фронтда хаос бошланди».

Украина қуролли кучлари ўшанда чекинишга мажбур бўлади. Ҳарбий раҳбарият учун кутилмаганда урушнинг бориши биргина инсоннинг қарорига боғлиқ бўлиб қолди. Пентагон Маск билан гаплашиб бу масалани ҳал қилиши керак эди.

Мантиқан олиб қараганда бундай вазиятда Пентагон харид бўлими муаммони ҳал қилиши мумкин. Аммо Илон Маск компанияси оддий пудратчи бўлмагани сабаб унга мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал қўнғироқ қилишга мажбур бўлади. У ўша вақтда Парижда бўлиб турганди.

Пентагон мулозими Маск билан суҳбатда бу борада шартнома имзолаш учун бир неча ҳафта вақт сўрайди. Шунингдек, миллиардер фронтда алоқани узиб қўйгани уруш тўхташига ёрдам бермаслигини айтади.

Бунга жавобан Маск Россия президенти Владимир Путин билан «ажойиб суҳбат ўтказгани»ни айтади. Маскнинг сўзларига кўра, у тинчликни қўллаш учун яратган технологияси жанг майдонида ишлатилаётгани иккиланишига сабаб бўлган. Шунга қарамай, Маск Пентагон мулозими билан 15 дақиқалик суҳбатдан кейин шартнома имзоланишини кутишга рози бўлади. Бу ҳақда твиттерда пост ҳам қолдиради. «Бошқа компаниялар солиқдан миллионлаб пул олаётган бир вақтда биз [Украинани қўллаш орқали] пул йўқотяпмиз. Майли, биз Украина ҳукуматини текинга қўллашда давом этамиз», деб ёзади у.

Июн ойига бориб Пентагон Space X билан келишувга эришганини эълон қилади. Шартнома шартлари ошкор қилинмаган. Украина расмийлари ўшандан буён алоқа узилиши билан боғлиқ муаммо кузатилмаганини маълум қилган. Аммо техникалари урушда қўлланаётгани сабаб Маскдаги безовталик йўқолмаётганди. 2023 йил феврал ойида у «Учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин бўлган можаро оловига мой сепмаймиз», деб ёзди.

Маскнинг таъсир доираси

Миллиардернинг Украинани қўллаш борасидаги прагматиклиги бевосита унинг бизнеси билан ҳам боғлиқ. Унинг асосий даромад манбайи бўлган Tesla компаниясининг энг кўп машиналари Шанҳайдаги заводда йиғилмоқда. Маскнинг бу заводи фаолияти эса урушда Россияни қўллаётган хитойлик мулозимлар билан яхши муносабатда бўлишига боғлиқ. Миллиардернинг сўзларига кўра, Пекинда у Украина қуролли кучларини интернет билан таъминлаётганидан норози бўлишган. Хитойликлар ҳатто Маскдан бундай техникаларни Хитойга қарши қўлламаслик бўйича кафолат ҳам талаб қилган.

Шанҳайдаги Tesla заводи. 2020 йил 7 январда олинган сурат
Aly Song / Reuters / Scanpix / LETA

Хусусий тадбиркор Илон Маск АҚШ учун таъсир доираси жуда катта одамга айланди. Нафақат Украинадаги уруш тақдири, балки АҚШдаги энергия тежамкорликдан бошлаб космик дастурлар тақдири ҳам эндиликда унга боғлиқ. Америкадаги кўп нарса Маскка боғлиқ бўлса ҳам, мамлакат ҳукумати уни, айниқса унинг кайфиятини бошқара олмайди.

New Yorker билан суҳбатда NASA, Пентагон, Транспорт вазирлиги, Фуқаролик авиацияси агентлиги ва АҚШдаги бошқа йирик ташкилотлар вакиллари уларнинг фаолиятига Илон Маскнинг таъсири борлигини айтишган. Уларнинг баъзилари Маскка амалдорга қилинадигани каби муносабатда бўлишини ҳам яширмаган. Пентагон ходимларидан бири ҳатто Маскнинг Украинадаги воқеалардаги роли ҳақида интервю фақат Маск рухсат берганидан кейин чиқишини айтган. Миллиадернинг ўзи эса ўтган йилги интервюларидан бирида баъзи жиҳатларда таъсир доираси АҚШ ҳукуматиникидан ҳам катта эканини тан олган.

Маск томонидан ташкил этилган Open AI компанияси бош директори Сэм Олтмен бу ҳақда қизиқ фикр айтади: «Илон дунёни қутқаришни жуда хоҳлайди. Фақат битта шарт билан: қутқарувчи ролида ўзи бўлса».

Маск АҚШдаги юқори мартабали ҳарбий мулозимлар билан илиқ муносабатда. Масалан, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли билан. «Унинг қарашлари менга уруш характерини ўзгартириш ва АҚШ қуролли кучларини қандай модернизация қилиш борасидаги фикрларни жамлашга ёрдам берди», деган генерал Милли миллиардер билан учрашувдан кейин.

Генералнинг айтишича, Маск билан бир неча йил олдин танишган ва ўшандан буён миллиардер билан урушда сунъий интеллектни қўллаш, электр машиналар ва автоном машиналар ҳақида фикр алмашиб келади. Аммо Пентагондаги бошқа мулозимлар Маскнинг мамлакат ҳарбий раҳбариятига таъсири кучайиб бораётганидан хавотир билдирган.

Ким ўзи бу одам?

Илон Маск 1971 йил Жанубий Африка Республикаси маъмурий пойтахти Преторияда туғилган. Бу вақтда ЖАРда расман оқ танлилар ҳукмронлиги қайд этилган апартеид режими амалда бўлган, ирқчилик расмий даражада бўлгани сабаб мамлакат халқаро санкциялар остида эди. Онаси, канадалик модел Мэй Маск ва отаси, муҳандис Эррол Маск бўлажак миллиардер ҳали ёш бола бўлган вақтидаёқ ажрашиб кетишган.

Аввалига Маск укаси ва синглиси билан онасининг уйида қолади. Жуфтлик ажрашгунига қадар Маскнинг отаси онасини болалар кўз ўнгида урар, у эса 5 ёшда бўлишига қарамай онасини ҳимоя қилишга интиларди. 80-йиллар ўрталарига келиб Илон отаси билан яшай бошлайди. У дадаси девона бўлиб қолганидан хавотирга тушганди. Миллиардер кейинчалик бу қароридан пушаймон бўлганини айтган: «Бу қанчалик даҳшатли бўлганини тасаввур қила олмайсиз. У мавжуд бўлган ҳамма ёмонликларни қиларди», деб эслайди Маск отаси билан яшаган дамларини эсларкан.

Маскнинг болаликдаги дўсти Тео Таушиани мактабда унинг устидан кулишганини эслайди. Илон қолганларга қараганда секин ўсган, у билан кўпчилик гаплашмаган ҳам. Илоннинг ўзи унда Аспергер синдроми борлигини айтади. Бу ижтимоий киришимли бўлишга халақит берадиган руҳиятдаги муаммоли ҳолат. У ёшлигида кўп чуқур ўйга ботар, атрофда нималар бўлаётганига эътибор бермасди.

Маск учун ташқи дунёдан ажралишда энг яхши восита илмий фантастикани ўрганиш ва видеоўйинлар ўйнаш бўлган. У ҳали ўсмир вақтидаёқ Blaster номли ўйин лойиҳасини тузади. Айзек Азимовнинг фантастик китобларини ўқиб, келажакда инсонлар бошқа сайёраларда яшаши ҳақида орзу қилади. Миллиардер ёшлигида Дуглас Адамснинг Галактика китобларини ҳам севиб ўқийди.

17 ёшида Маск Канадага бориб Онтарио провинциясидаги Куинс университетига ҳужжат топширади ва ўша ерда бўлажак рафиқаси Жастин Уилсонни учратади. Кейин ўқишни Пенсилвания университетида давом эттирган Илон 1995 йилда иқтисодиёт ва физика бўйича бакалавр даражасини олади. У вақтда укаси Кимбал билан бирга босма ОАВ учун дастурий таъминот ишлаб чиқувчи Zip2 компаниясига асос солганди.

Маскнинг биринчи фарзанди 2,5 ҳафталик вақтида вафот этади. Буни кутилмаган бола ўлими деб баҳолашади. Миллиардер ҳеч қачон бу воқеа ҳақида гапирмаган. «Қайғуга ботиб фақат атрофдагиларнинг ҳаётини қийинлаштирасиз, холос», дейди Маск ўша воқеа ҳақида.

Кейинчалик унинг оиласида эгизаклар туғилади, кейинроқ эса уч нафар эгизак. Жастин Уилсоннинг Marie Claire учун эссесида айтишича, уларнинг оиласи Маск ишга шўнғиб кетгани сабаб бузилади. Аёлнинг айтишича, Маск оилада ҳамма нарсани назорат қилишни истаган, ҳатто никоҳ базми вақтидаги рақсни ҳам.

Zip2'дан кетгач, Маск маблағининг катта қисмини – 20 миллион долларни X.com онлайн банк лойиҳасига тикади. У «ҳамма учун» тўлов тизимини яратмоқчи бўлганди. 2000 йилда X.com рақобатчиси бўлмиш Confinity билан бирлашади. Маск Confinity асосчиси Питер Тил билан курашда ғолиб бўлади. «У ғолибликни ким биландир бўлиша олмайди. Диққат марказида бўлмасликни эса қабул қилмайди», дейди Маскниннг собиқ ҳамкасбларидан бири бу ҳақда.

2000 йил кузда Маск хотини билан асал ойига йўл олади. Бу вақтда Питер Тил компания устидан назоратни қўлига олади ва уни PayPal тизимига айлантиради. Икки йил ўтиб eBay стартапни 1,5 миллиард долларга сотиб олади ва савдодан энг кўп улушни ҳамон асосий акционер бўлиб қолган Маск олади.

Монополист

2020 йил декабр ойида Space X ходимлари SN8 ракета ташувчини Техасдаги Бока-Чика базасидан ҳавога учиришга тайёрланаётганди. Маскнинг режаси бўйича бу ракета ташувчи келажакда одамларни орбитага, Ойга ва ҳатто Марсга олиб учиши керак эди. Компания Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси билан парвоз вақтини келишади, лекин двигателдаги носозлик сабаб стартни бир кунга кечиктиришга мажбур бўлишади. Кейин шамол йўналиши ва тезлиги ўзгариб қолади.

Маскни агар ракета портлаб кетса, унинг парчалари яқин атрофдаги уйларга сочилишидан огоҳлантиришади. Space X ходимлари ракета парвози хавфсиз эканига ишонтиришга уринганига қарамай, давлат мулозимлари унга рухсат беришмайди. Шунда Маск Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси космик бўлинмаси раҳбари Уэйн Монтейтга қўнғироқ қилишга мажбур бўлади. Мулозим парвоз қолдирилиши кераклигини тасдиқлайди, Маск унга бўйсунади.

9 декабр куни парвоз барибир амалга оширилади. Кема муваффақиятли старт олиб, белгиланган баландликка чиқиб боради, аммо қўниш вақтида портлаб кетади.

Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси билан бирга парвоз ҳақида ҳисобот тайёрлаган Space X вице-президенти Ханс Кенингсман жараён давомида ундан тафсилотлар ҳақида эмас, Маскнинг парвозга тайёргарликдаги роли ҳақида гапиришини истаётганларини сезиб қолади. «Улар маълумотларни яширишни истаётгандек туюлди. Эътироз билдирдим, лекин барибир воқеанинг ўзгартирилган талқинини эълон қилдик», деб эслайди у.

Аммо ҳаммаси Маскнинг одамлари хоҳлаганидай силлиқ кечмайди. Фуқаро авиациясидагилар алоҳида текширув ўтказиб, Space X'ни ҳеч қандай асоссиз парвозни тезлатишда айблашади. Текширув хулосасида ракета парвози тахминларга асослангани ва хавфсизлик интизомига риоя қилинмагани айтилган. Space X'да бу танқидларнинг баъзиларини қабул қилишади, лекин шу билан бирга айнан фуқаро авиациясидагилар тақдим этган об-ҳаво маълумотлари етарлича тўғри бўлмаганини ҳам «қистириб ўтишади».

Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси Space X'ни жаримага тортмайди, лекин икки ой давомида ракета учиришни тақиқлайди. Бу вақтда Маск бошқармани танқид қилишдан тўхтамайди. «Космик бўлимда асосигача хато бўлган тизим амалда. Бунақа талаблар билан инсоният ҳеч қачон Марсга етиб бора олмайди», деб ёзади Маск хусусан.

Илон Маск иш столида, 2004 йил март ойи. Эл-Сегундо, Калифорния
Paul Harris / Getty Images

Space X'ни яратиш ғояси Маскда PayPal'дан кетганида пайдо бўлади. 2012 йил Wired нашри билан интервюда Маск NASA сайтига кириб, Марсга учиш жадвалини қидирганини айтиб берган. «Аввалига хато жойга кириб қолдим деб ўйладим. Нега ҳеч қандай режа, ҳеч қандай жадвал бўлмаган? Умуман ҳеч нарса», деганди ўша суҳбатда Маск.

2001 йилда Маск коинотга қизиқадиган жўшқин тадқиқотчилардан иборат жамоа тузади-да, Лос-Анжелесга йўл олади. Айнан Калифорния АҚШдаги космик саноат маркази ҳисобланади. У ерда инженер ва тадбиркорлар ўз ракетасини ясайдиган лойиҳа – Space X'га асос солади. У вақтда энг кучли тадбиркорлар ҳам ўз пулларини коинот атрофидаги лойиҳаларга тикмасди.

Маск учун ҳаммаси кутилганидан ҳам қийин кечади. 2008 йилда у Space X ва Tesla'га деярли бор пулини тикиб бўлган, шу сабаб банкрот ёқасига келиб қолганди. Маск навбатдаги синов парвози учун зўрға пул топадиган бўлиб қолди. Кейинчалик Маск агар парвозлар ниҳоят муваффақиятли чиқмаса, Space X йўқолиб кетган бўлишини айтиб чиқди.

Аммо бундай бўлмайди. Ниҳоят Маск учирган ракета парвози муваффақиятли чиқиб, NASA унинг компанияси билан 1,5 миллиард долларлик шартнома тузади. Бу пуллар эвазига Маскнинг ракетаси Халқаро космик станцияга керакли таъминотни олиб бориши керак эди.

2020 йилда Маскнинг Space X компанияси орбитага икки астронавтни олиб учади. Бу ишни АҚШ 10 йил деганда илк марта Россия иштирокисиз амалга оширади. 2023 йилга келиб Space X орбитага 4519 та сунъий йўлдошни олиб чиқади. Таққослаш учун, ҳеч бир хусусий компаниянинг бу қадар кўп сунъий йўлдоши йўқ.

Космик тармоқдаги муваффақиятлар Маскнинг сиёсий ва ҳарбий таъсирини ошириб бораверди. Унинг сунъий йўлдошлари дронлар ва ракеталарни бошқаришга имкон берар, разведка учун эса Ернинг уникал суратларини тақдим эта оларди.

«Старшип» космик кемаси прототипи билан синов ўтказиш жараёни. Фото: SpaceX

NASA собиқ раҳбари Жим Брайденстайн Маск ҳақида шундай дейди: «Ҳарбий монополиядан ёмонроғи фақат давлат қарам бўлган хусусий монополиядир. Қўрқаманки, биз барча тухумларни бир саватга солдик ва бу сават — SpaceX».

Твиттер ва кетамин

2020 йилда Маск ижтимоий масалада ўзини либерал деб ҳисоблаши, иқтисодий масалада эса центрист эканини айтганди. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, демократлар Ҳиллари Клинтон ва Жо Байденнинг сайлов компанияларини қисман молиялаштирган, уларнинг иккисига ҳам президентлик сайловларида овоз берган.

Маскнинг риторикаси 2022 йил март ойидан ўзгара бошлади. Ўшанда твиттер мисгендеринг (суҳбатдошнинг жинсига тўғри келмайдиган) мавзусидаги ҳазили сабаб Babylon Bee сатирик аккаунтини блоклаган, миллиардернинг рафиқаси Тулала Райли эса уни ижтимоий тармоқни сотиб олиб, «воукизм»га қарши курашишга чақирганди.

Олдинроқ охирги икки сайловда демократларга овоз берганини тан олган Маск ўтган йил партиявий қарашларини ҳам ўзгартирди. У демократларни ўзига, Tesla ва Space X'га асоссиз ҳужум қилишда айблаб, кейинги сайловларда республикачиларга овоз беришини айтди. Ўшандан буён Маск республикачи номзод Рон Десантисни кўп марта қўллаб-қувватлади. У ҳатто Десантиснинг дастурига бағишланган конференцияда модераторлик ҳам қилди.

Яқинда эса Маск республикачиларнинг навбатдаги номзоди Вивек Рамасвамини мақтаб чиқди ва уни «истиқболли номзод» деб атади.

Твиттерни сотиб олгач ундан фейк маълумотлар тарқатишда ҳам фойдаланди. Масалан, Ненси Пэлосининг эри ҳақида фейк маълумот айнан твиттерда кенг тарқалди, лекин унга қарши умуман курашилмади. Бундан ташқари, Маск Техасда 8 кишини ўлдирган қотилни қўллаганларнинг постини улашди.

Твиттерни сотиб олганидан кейин биринчи қилган иши компаниядаги ишчиларнинг ярмини ишдан бўшатиш бўлди. Бунча кўп одам ишдан ҳайдалганини эса ҳеч қандай ҳиссиётсиз эълон қилди. Қолган ишчилардан тезда офисдан туриб ишлашга қайтишни талаб қилди.

Твиттерда реклама жойлаштирмасликка чақириб кўтарилган #StopToxicTwitter баннери. У 17 апрел куни Флорида штатидаги Майами-Бич меҳмонхонаси устидан «учиб ўтади», бу вақтда бу ердаги маркетинг конференциясида Маск чиқиш қилаётганди.
John Parra / Media Matters for America / Getty Images

Верификация билан боғлиқ сиёсатнинг ўзгаргани (энди верификацияни сотиб олиш мумкин – тарж.) сабаб тармоқда фейк аккаунтлар сони кўпайиб кетди. Хабарлар лентаси бўйича қилинган эксперимент сабаб эса мижозлар твиттерга реклама беришни рад эта бошлади.

Маскнинг баъзи танишлари унинг ҳаракатидаги номувофиқликларни турли дориларни ўзи танлаб ичиши билан боғлайди. Тадбиркор ҳозирда Жанубий Техасдаги Space X офисидан узоқ бўлмаган уйида яшайди ва асосий вақтини айнан мана шу ерда ўтказиб, ўзини ёлғиз ҳис қилишини ҳам айтган. Маск ўз ҳаёти «катта ютуқлар, айтилмаган омадсизликлар ва доимий стрессдан» иборат эканини айтади. Ҳамкасбларидан бири ҳам буни тасдиқлайди: «Илоннинг ҳаёти шунчаки даҳшатли, у жуда кўп стрессни бошдан кечиради, кунни хатларга жавоб бериш билан якунлайди ва уйғониб яна шу ишлар билан шуғулланади. 90 фоиз одамлар бунчалик бардошли ва ўз ҳаётини қурбон қилишга тайёр одамни учратмаган бўлса керак», дейди суҳбатдош.

Маск Twitter номини X кўринишига келтиришга қарор қилганида, у Сан-Франциско марказидаги штаб-квартира биносидаги ёзувни ҳам ўзгартиришга қарор қилади. Полициячилар демонтажни тўхтатишганди.
Carlos Barria / Reuters / Scanpix / LETA

The New York Times маълумотига кўра, 2018 йилда Tesla директорлар кенгаши Маскнинг галлюцинацияга олиб келадиган уйқу дориларни кўп ичишидан хавотирга тушган. 2022 йилда эса Wall Street Journall Маск оғриқ қолдирувчи кетамин таблеткасига одатланиб қолгани ҳақида ёзганди. Яқинларининг тахминича, у изоляция сабаб кўпроқ таблетка истеъмол қила бошлаган. Турли препаратларга одатланиши эса унинг тахмин қилиб бўлмайдиган қарорлар қабул қилишига олиб келаётган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчи Анид Амад кетамин ҳақида шундай дейди: «Кетаминнинг оз миқдордаги дозаси алгогол каби таъсир кучига эга. У одатий вақтда қилмаслигингиз мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширишга ундаши ҳеч гап эмас. Кўпроқ дозаси эса диссоциацияга олиб келиб, сиз ўзингизни танангиздан ташқарида ҳис қиласиз. Бу вақтда ўзингизни суперталант соҳиби сифатида ҳис қилишингиз ҳам мумкин. Кетамин таъсири остида одамлар ғалати ҳаракатлар қилишади. Агар сиз кутубхоначи бўлсангиз, ҳечқиси йўқ, ноодатий нимадир бўлмайди, лекин учувчи бўлсангиз, ана шундай жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкин», деган тадқиқотчи дори ҳақида.

Мавзуга оид