Жаҳон | 21:07 / 30.08.2023
29850
8 дақиқада ўқилади

Россиянинг постсовет давлатлари ҳудудидаги ҳарбий объектлари. Улар нима учун ташкил этилган?

Бир пайтлар СССР таркибига кирган 7 та давлат: Арманистон, Беларус, Грузия, Озарбойжон, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида ҳозир ҳам Россиянинг ҳарбий базалари мавжуд. Улардан бир қанчаси икки томонлама ҳамкорлик алоқалар натижасида, қолганлари эса сунъий равишда яратилган.

Россия собиқ СССР ҳудудида ўз таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб келади. Бу эса ушбу минтақа мамлакатлари билан нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ундайди. Шу жиҳатдан, расмий Москва ўз ҳудуди чегараларидан ташқарида ҳам кўплаб базаларга эга. Улардан бир қанчаси постсовет давлатлари ўртасидаги мустаҳкам алоқалар натижасида, бошқалари эса сунъий равишда ташкил этилган. Қуйида Россиянинг ўз ҳудудидан ташқаридаги ҳарбий базалари ва уларнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида маълумот берилади. 

Қозоғистон

Россиянинг мудофаа саноати учун муҳим бўлган хориждаги энг йирик ҳарбий объектлар Қозоғистонда жойлашган. Ҳозирда ушбу мамлакат ҳудудида рус ҳарбийлари томонидан ижарага олинган умумий майдони 8,6 миллион гектардан ортиқ бўлган учта синов майдончаси бор.

Улардан бири Сари-Шаган полигони. Бу ер ракетага қарши янги тизимларни, зенит ва баллистик ракеталарни синовдан ўтказиш учун мўлжалланган. База Балхаш кўлининг шимоли-ғарбидаги Қарағанда, Жамбил, Ақтўбе ва Қизилўрда вилоятларининг чўл қисмида жойлашган. Уни қуриш 1956 йилда бошланган, 1996 йилда Россия полигонни ижарага олади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача Сари-Шаганда 400 дан ортиқ ракетага қарши янги тизимлар, 5500 дан ортиқ зенит ва 900 дан ортиқ баллистик ракета синовлари ўтказилган.

Сари-Шаган полигонидаги синов жараёни. Фото: РФ Мудофаа вазирлиги

Иккинчиси – Бойқўнғир космодроми. Ушбу иншоот расман 1955 йилда иш фаолиятини бошлаган бўлса-да, дастлабки синовлар 1957 йилда амалга оширилади.

Олтмиш йилдан ортиқ тарихи давомида Бойқўнғир космодромидан 6000 дан ортиқ ракета учирилган. Хусусан, 1961 йилнинг 12 апрел куни Ю. Гагариннинг самога парвози ҳам шу ердан амалга оширилган.

1994 йилда Бойқўнғир космодроми ҳам, унга ёндош Бойқўнғир шаҳарчаси ҳам йиллик 115 млн доллар тўлаш шарти билан 2050 йилга қадар Россияга ижарага берилган. 

Фото: Роскосмос

Учинчиси – Тайсойган полигони. Мазкур ҳарбий база 1949 йилда қуриб битказилган. Баъзи маълумотларга кўра, 1966 йилдан 1977 йилгача бу ерда 24 та ядро портлаши амалга оширилган. Синов майдони 750 минг гектардан иборат. 

Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, юқоридаги полигонларнинг ҳар бири учун улардан фойдаланиш ва ижарага бериш шартлари тўғрисида ратификация қилинган халқаро шартнома ва битимлар мавжуд (биринчи бундай шартнома 1993 йил 22 январда тузилган). Ижара нархи гектарига 2,33 долларни ташкил этади. Маълум бўлишича, бутун майдонни ижарага бериш давлатга 20,4 миллион доллар даромад келтиради.

Қирғизистон

Қирғизистонда Москванинг бирлашган Кант ҳарбий базаси мавжуд. У Россия Марказий ҳарбий округи таркибига киради. Амалдаги ҳарбий базада КХШТ аэродроми, Иссиқкўлдаги синов ҳарбий-денгиз базаси, Чалдовар қўрғонида алоқа тармоғи ва Мойлу Су шаҳридаги сейсмик пункт бор.

Кант авиабазаси. Фото: РФ Мудофаа вазирлиги

Кантдаги аэродром 1941 йил Одесса ҳарбий авиация учувчилар мактабининг Қирғизистонга эвакуация қилиниши ортидан ташкил этилган. Совет Иттифоқи парчаланиши фонида 1992 йилдан бошлаб авиабазани назорат қилиш Қирғизистон ихтиёрига ўтади. Россия ва Қирғизистон ўртасида 2003 йил 22 сентябрда имзоланган икки томонлама шартномага мувофиқ, Кант авиабазаси рус ҳарбийлари томонидан ижарага олинади.

2023 йил февраль ҳолатига кўра, авиабаза таркибий қисми Су-25 ҳужум самолётлари, Mi-8MTV5-1 вертолётлари, Орлан-10 типидаги кичик ва ўрта масофага ҳаракатлантирувчи учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, ҳарбий полиция бўлинмасидан иборат.

Тожикистон

Тожикистондаги 201-ҳарбий база Россиянинг ўз чегарасидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий иншооти ҳисобланади. У икки шаҳарда — Душанбе ва Бохтарда жойлашган. База танк, артиллерия, разведка, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларидан иборат.

Россия ҳарбий базасини ташкил этиш бўйича битим 2004 йил 10 йиллик муддатга имзоланган. Кейинчалик, 2012 йилнинг октябрида тузилган янги келишувга кўра, рус ҳарбийлари камида 2042 йилгача Тожикистонда қолади. Айни пайтда Тожикистонда 7 мингга яқин рус ҳарбийси бор.

Фото: Getty images

Грузия

Собиқ Совет Иттифоқи пайтида Грузиянинг 4та шаҳри – Гудаута, Ахалкалаки, Батуми ва Тбилиси шаҳарларида ҳарбий базалар ташкил этилади. СССР парчаланганидан сўнг Россия ушбу мамлакатдаги ҳарбий иншоотларни ижарага олиш бўйича келишув имзолашга ҳаракат қила бошлайди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЙХҲТ) 1999 йилдаги Истанбул саммитида расмий Москва барча 4 та базани 2001 йилгача ёпиш, қўшин ва техникаларини олиб чиқиб кетишга рози бўлади. Аммо амалда бундай бўлмайди.

Россия-Грузия урушидан кейин рус ҳукумати Абхазияни автоном республика сифатида тан олади ва Гудаута шаҳридаги ҳарбий базасини сақлаб қолишни назарда тутувчи шартнома имзоланади. Хусусан, 2009 йилда Россия қуролли кучларининг 4 минг кишилик 7-бирлашган ҳарбий базаси Абхазияга жойлаштирилади. Унинг таркибига Гудаутадаги Бомбора ҳарбий аэродроми, Очамчирадаги полигон ва портнинг бир қисми, Кодор дараси ва Ингур ГЭС яқинидаги Россия-Абхазия ҳарбий гарнизонлари киради.

Шунингдек, 2009 йилда Жанубий Осетияга ҳам Россиянинг 4 минг кишилик 4- ҳарбий базаси жойлаштирилади.

Грузиянинг Цхинвали вилоятидаги (де-факто Жанубий Осетия) Россия ҳарбий базалари

Арманистон

Арманистоннинг Гюмри шаҳрида Россиянинг 5 минг кишилик 102-ҳарбий базаси жойлашган. Бу база С-300 зенит ракета мажмуалари ва МiG-29 самолётлари билан жиҳозланган бўлиб, 1995 йилда ташкил этилган ва 49 йиллик муддатга тузилган давлатлараро келишувга кўра МДҲ ҳаво ҳужумига қарши бирлашган мудофаа тизими доирасида ҳарбий навбатчилик олиб боради. Бу келишувга кўра Россиядан база учун ҳақ олинмайди.

Гюмридаги Россия ҳарбий базаси. Фото: Getty images

Беларус

1995 йилдан бери Беларусда иккита рус ҳарбий объекти – Россия ҳарбий-денгиз кучларининг 43-алоқа маркази ва Гантсевичи аҳоли пункти яқинидаги Волга радиолокацион станцияси фаолият юритади.

Волга радиолокацион станцияси

43-алоқа маркази Атлантика, Ҳинд ва қисман Тинч океанида жанговар навбатчиликда бўлиб турган Россия денгиз флоти Бош штабининг сувости кемалари ўртасидаги алоқани таъминлаш вазифасини бажаради.

Волга радиолокацион станцияси эса шимоли-ғарбий йўналишда учирилган қитъалараро баллистик ракеталарни кузатиш учун ташкил қилинган.

Молдова

Днестрбўйи – Молдова ҳудудидаги кичкина ва ҳеч ким мустақиллигини тан олмаган республика. Иккинчи жаҳон урушигача Днестрбўйи ҳудуди Молдавия автоном совет социалистик республикаси деб аталар ва Украина ССР таркибида эди. Замонавий Молдова ҳудуди эса Руминия таркибидаги Бессарабиянинг бир қисми эди. Молотов–Риббентроп пакти имзолангач, совет иттифоқи Молдовани Днестрбўйига қўшиб олди ва ҳудудни Молдавия ССР деб атай бошлади.

1980 йиллар охирида Молдова парламенти томонидан молдован тилининг ягона давлат тили деб белгиланиши ортидан асосан русийзабон аҳоли яшовчи Днестрбўйида норозилик тўлқинлари юзага келади. Норозиликлар натижаси Днестрбўйи Республикасининг Молдовадан ҳам, СССРдан ҳам мустақил бўлиши ҳақидаги референдум билан тугайди. 1992 йилда Молдова ва Днестрбўйи ўртасида қуролли тўқнашув юз берди – Молдова бу ҳудудни ўз измига қайтаришга ҳаракат қилган эди. Тез орада Россия Днестрбўйига ўз армиясини киритди, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режаси имзоланади. Ўшандан буён Днестрбўйида россиялик ҳарбийлар мавжуд.

Мавзуга оид