Жаҳон | 16:27 / 31.08.2023
10866
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес истеъфога чиқди

Унинг ўрнини энергетика вазири эгаллади.

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Британия ҳукумати раҳбари Риши Сунакка ёзган мактубида истеъфога чиқишини маълум қилди. Мактуб матни ҳукумат сайтида эълон қилинган.

«Бутун дунёда Бирлашган Қироллик бизнинг қуролли кучларимиз туфайли ҳурматга сазовор ва бу ҳурмат Украинадаги урушдан кейин фақат кучайди», — деган Уоллес ўз мактубида. У истеъфодан кейин ҳам Буюк Британия ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган.

Риши Сунак Уоллесга йўллаган жавобида Буюк Британия Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинига қандай жавоб қайтарганидан фахрланишини таъкидлаган. Бош вазир Уоллеснинг Украинани қўллаб-қувватлашдаги «ўта муҳим роли»ни эътироф этган.

«Сизнинг стратегик узоқни равшан кўра билишингиз мамлакат ва қитъа хавфсизлиги учун бебаҳо аҳамиятга эга бўлди. Сиз Владимир Путиннинг Украинадаги ниятларини барчадан олдинроқ сездингиз. Сизнинг россияликлар ҳужум бошлашидан олдинроқ Киевга қурол етказиб бериш бўйича қатъиятингиз украинларнинг босқинга қарши туриш қобилиятига сезиларли даражада таъсир кўрсатди», — деган Сунак.

Буюк Британия мудофаа вазири лавозимига Грант Шаппс тайинланган, у феврал ойидан буён энергетик хавфсизлик вазири лавозимини эгаллаб келаётганди.

  • Бен Уоллес 2019 йил июлидан буён Буюк Британия мудофаа вазири эди. У Британия ҳукумати РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқинига қандай реакция қилишида муҳим ролни ўйнаган. Уоллес — Буюк Британия собиқ бош вазири, 2022 йил сентябрида лавозимини тарк этган Борис Жонсоннинг яқин тарафдорларидан бири ҳисобланарди.
  • Буюк Британия май ойида ғарб мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Украинага 250 километрдан ортиқ масофага ҳаракатланувчи Storm Shadow ракетасини етказиб берган илк давлат бўлганди. Украина қуролли кучлари ўтган вақт ичида Россия қўшинлари эгаллаб олган ҳудудларидаги нишонларга зарба беришда ушбу ракеталарни бир неча бор қўллашга улгурди. Хусусан, июн ва август ойларида Storm Shadow ракеталари билан аннексия остидаги Қрим ва Херсон областини боғловчи Чонгар кўпригига зарба берилганди.

Мавзуга оид