Ўзбекистон | 20:51 / 31.08.2023
13308
3 дақиқада ўқилади

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева АҚШ элчиси билан учрашди 

Суҳбатда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигига оид долзарб масалалар, шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг АҚШга бўлажак ташрифи билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. 

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева 31 август куни Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билан учрашди. 

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигига оид долзарб масалалар, ўзаро муносабатларни яна кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. 

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон делегациясининг АҚШга бўлажак ташрифи билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 

Жонатан Хеник АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқ эканини тасдиқлади. 

«Америка томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш каби турли соҳаларда алоқаларни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканлигини билдириб, АҚШ мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқлигини тасдиқлади», деб ёзди Саида Мирзиёева. 

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистон президентига мактуб йўллаб, Шавкат Мирзиёевни Ню-Йоркдаги БМТ бош ассамблеяси доирасида ўтказиладиган Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг (CА5+1) саммитига таклиф қилган эди. 

Мактубда Жо Байден АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамланаётгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди, шунингдек, ўтган даврларда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиққанини алоҳида қайд этди. 

Шу билан бирга, АҚШ президенти ўз мактубида Саида Мирзиёевани ҳам тилга олиб, унинг гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлаган эди. 

«Қолаверса, шу йил бошида қизингиз Саидани Оқ уйда кутиб олиш шарафига муяссар бўлдик. Унинг ҳимояси ва сизнинг гендер асосидаги зўравонлик ва оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортишдаги жасоратингиз таҳсинга сазовор», дейилган мактубда. 

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида АҚШга биринчи ташрифини 2018 йил май ойида амалга оширган ва Доналд Трамп билан музокаралар ўтказганди. 

Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг (CА5+1) саммити 19-20 сентябр кунлари ўтказилиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид