Жаҳон | 22:36 / 31.08.2023
10248
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон шимолида куйдирги эпидемияси қайд этилди 

Ўлган мол гўштини еган одамларда ўта хавфли юқумли касаллик аниқланган. 

Фото: Игорь Медведев

Қозоғистон шимолида куйдирги касаллиги тарқалгани қайд этилди. Оқмўла вилояти ветеринария бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса Жарқайн тумани Ушкарасу қишлоғида содир бўлган. 

Қайд қилинишича, хўжаликларда 37 бош қорамол нобуд бўлган. Уларнинг гўшти қишлоқ аҳолисига тарқатилган. Оқибатда, 12 киши куйдирги гумони билан шифохонага ётқизилган, 10 нафарида ташхис тасдиқланган. Уларнинг барчаси Есил тумани шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида. Бундан ташқари, мутахассислар беморлар билан алоқада бўлган 22 нафар шахсни аниқлаган. 

Ушкарасу қишлоғида карантин жорий қилинган. Ҳозирда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Зарарланган гўшт йўқ қилинган. 

Куйдирги — одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик, зооноз касалликлар гуруҳига киради. Одамга касал ҳайвонлардан — ҳайвонни сўйиш, гўштини нимталаш вақтида, шунингдек, сув, тупроқ, чорвачилик чиқиндилари орқали юқади. Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин. Касаллик вақтида даволанмаса, шаклига қараб, ўлим даражаси 90-95 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Мавзуга оид