Фан-техника | 17:58 / 01.09.2023
69184
4 дақиқада ўқилади

Santa Fe’дан Traverse’гача — дунё автомобиль бозорида тақдим этилган сўнгги кроссоверлар

Автомобиль бозорида кроссоверлар ҳамон катта ўринни эгаллаб турибди. Талабнинг кундан кунга ошаётгани ортидан ишлаб чиқарувчилар тез-тез янгилик қилишга ҳам мажбур. Қуйида дунё бозорида тақдим этилганига кўп бўлмаган кроссоверлар ҳақида маълумот берилади.

Hyundai Santa Fe

Фото: Hyundai

Кроссовернинг янги авлоди бироз «катталашди» ва «йўлтанламас» версияга (ХRT) эга бўлди. Бироқ Hyundai компанияси янги Santa Fe’да дизелли двигателдан фойдаланмасликка қарор қилди. Атмосфера босимида ишлайдиган 2,5 литрли двигатель 194 от кучига эга, у 8 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ҳамкорликда ишлайди. 2,5 литрли турбодвигателли версия эса 281 от кучини беради. Шунингдек, 1,6 литрли турбодвигателли гибрид комплектация ҳам бўлиб, у 180 от кучига эга. «Юмшоқ гибрид» ўз ўрнида 6 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ҳамкорлик қилади. Ишлаб чиқарувчи кейинроқ ташқи ток ёрдамида қувватлантириш мумкин бўлган янги авлод гибридли версияни ҳам тақдим этишни ваъда қилмоқда.

Mitsubishi Xforce

Фото: Mitsubishi 

Mitsubishi ўз синфида унча қиммат бўлмаган моделини ривожланаётган мамлакатлар бозори учун тақдим этди. Янги модель АSХ моделлари қаторини ўрнини босиши керак бўлади. Xforce Индонезияда тақдим этилди. Автомобиль клиренси 222 миллиметрни ташкил қилади. Ҳаракатланиш режимларини танлаш имконияти мавжуд. Мультимедиа тизимини бошқариш учун 12,3 дюймли дисплей хизмат кўрсатади. Икки ҳудудли иқлим назорати, адаптив круиз назорати ва қатор электрон ассистентлар билан таъминланган. Кроссовер 1,5 литр ҳажмли атмосфера босими остида ишлайдиган двигатель билан ҳаракатланади. У 105 от кучига эга. Узатмалар қутиси эса вариатор, олд ғилдираклар тортувчи ҳисобланади.

Toyota Land Cruiser Prado

Фото: Toyota

Тоёта компанияси Land Cruiser’ни АҚШ бозорига қайтаришга яна бир бор уриниб кўради. Land Cruiser Prado 250 Шимолий Америкада премьера қилинди. Янги модель бозорда Land Rover Defender 110, Ford Bronco, Jeep Wrangler билан рақобатлашиши керак бўлади. «250» икки хил ташқи дизайн билан тақдим этилади. Автомобиль ҳажми шундай: 4920/2139/1859 мм. Ғилдираклар базаси 2850 миллиметрни ташкил этади. iForce Max гибрид тизимидан фойдаланилган. Гибрид версияда 2,4 литрли турбодвигател 8 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ишлайди. Двигатель 331 от кучини беролади. Шунингдек, фақат бензин ва дизелда ҳаракатланадиган комплектациялар ҳам мавжуд. 

Kia Sorento

Фото: Kia

Киа маҳаллий бозорда Sorento’нинг янгиланган версиясини тақдим этди. Бу кроссовернинг 4-авлоди ҳисобланади. Двигатель турлари бозордан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, 194 от кучига эга 2,2 литр ҳажмли дизелли двигатель мавжуд. Шунингдек, 2,5 литрли 281 от кучини берадиган двигатель ҳам бор. Бундан ташқари, 1,6 литрли «турботўртлик» двигатель ҳам мавжуд: у 180 от кучига эга ички ёнув двигатели (ИЙД) ва 60 от кучини берувчи электромотор ҳамкорлиги ҳосиласидир.

Toyota Grand Highlander

Фото: Toyota

Бу ҳаммага таниш Highlander’нинг катталашган версияси эмас. Toyota компанияси Америка бозори учун яна бир алоҳида моделни тақдим этди. Grand Highlander 269 от кучига эга 2,4 литрли турбодвигател билан жиҳозланган. У ўз ўрнида 8 поғонали автомат узатмалар қутиси билан бирга ишлайди. Шунингдек, автомобилнинг гибрид версиялари ҳам тақдим этилади. 

Chevrolet Traverse

Фото: Chevrolet

GM ҳам рақобатчиларидан қолишмасликка ҳаракат қилмоқда. Баҳайбат Chevrolet Traverse яна ўзгаришларга учради ва унинг 3-авлоди дунё юзини кўрди. Кроссовер ташқи кўриниши, айниқса, радиатор панжараси ўзгаришга учраган. 

Мавзуга оид