Ўзбекистон | 15:04 / 01.09.2023
76305
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда мактаб директорига шикаст етказган шахс қамоққа олинди

Умида Турсуновага ҳимоя ордери берилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сурхондарё вилоятида зўравонликка учраган мактаб директори Умида Турсуновага ҳимоя ордери берилди, унга ҳужум қилган шахс қамоққа олинган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар қилмоқда.

Бугун, 1 сентябр куни вилоят ИИБ томонидан Умида Турсуновага ҳимоя ордери берилган ва унинг даволаниши ҳамда соғлигини тиклаши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.

Унга тан жароҳати етказган шахсга нисбатан қамоққа олиш тартибидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

31 август куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан можародан сўнг омма эътиборига тушган Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова мактаб ҳудудида аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Мактабда ишлайдиган ўқитувчилардан бирининг дарс соатлари камайтирилгани сабаб унинг турмуш ўртоғи унга ҳужум қилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими бемор ҳолидан хабар олиш учун шифохонага борган. Ҳоким унинг тўлақонли даволанишини ўз назоратига олган.

Шунингдек, ҳоким мактаб директорига нисбатан зўравонлик қилган шахснинг қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланишини ўз назоратига олгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид