5 та давлат аэропортидан шаҳар марказигача арзон ва қулай етиб олиш усуллари
Боку, Тбилиси, Истанбул, Москва ва Минск халқаро аэропортлари Тошкентдаги каби шаҳарнинг марказида эмас. Бу шаҳарларга самолётда учган киши борки, албатта қўнган аэропортидан чиққач шаҳар марказигача маълум масофа йўл юришига тўғри келади. Kun.uz мухбири ушбу шаҳарлардаги аэропортлардан шаҳарнинг марказигача қандай қилиб осон ва арзон етиб олиш ҳақида тавсиялари билан бўлишди.
Рўйхатимиздаги илк давлат – Озарбойжон
Дунёнинг энг гўзал 5 юлдузли аэропортларидан бири Боку тайёрагоҳидан шаҳарга чиқишдан олдин, энг аввало, пулларимизни айирбошлаб олишимиз керак. Аэропортларда валюта курслари сотиб олишда жуда қиммат, сотишда эса жуда паст нархларда бўлади. Шу сабабли ёнингизда 10 ёки 20 долларлик купюра бўлса, фойдадан холи бўлмайди. Қолган пулларингизни шаҳарга етиб олгач, яхшироқ қийматларда алмаштириб олаверасиз.
Шаҳар марказигача 20 кмдан ошиб қоладиган масофа учун такси хизматлари жуда қиммат. Лекин қулай транспортлар ҳам йўқ эмас. Тайёрагоҳ қаршисидан Бокунинг “28 май” метро бекатигача қатновчи экспресс автобуслар ҳар соатда йўлга чиқади. Ушбу транспорт хизматидан фойдаланиш шаҳарга етиб олиш учун энг чўнтакбоп усулдир. Фақат унга чиқиш олдидан аэропортда “Боку” транспорт картасини харид қилиш керак бўлади.
Карта учун 2 манат ёки 14 минг сўм, экспресс автобус хизмати учун эса 1,3 манат, яъни 9 минг сўм – жами 3,3 манат ёки ўзбек сўмида тахминан 23 минг сўм билан Озарбойжон пойтахтига ярим соатда етиб борасиз.
Кейинги манзил – Гуржистон
Тбилиси аэропортидан ҳам 20 АҚШ долларича қийматдаги пулни Гуржистон ларисига айирбошлаб оламиз. Терминалдан чиқиб, ўнг томонга юрсак, бекатдан 337-рақамли автобус бизни пойтахт марказига элтиб қўяди ва бунда Бокудагидек шаҳар транспорт картаси талаб этилмайди. Ё VISA пластик картаси, ёки автобус ҳайдовчисидан нақд пулга сотиб олинадиган чипта билан шаҳарга етиб оласиз.
Чипта нархи 1,5 лари. Бу тахминан 7 минг ўзбек сўмига тенг. Йўл ҳақи Бокуга нисбатан арзон, лекин бу экспресс автобус эмас. Ушбу жамоат транспорти орқали ҳар бир бекатга тўхтаб-тўхтаб, 1 соат деганда 20 кмча узоқликдаги Тбилиси марказига етиб оласиз.
Қулай аэропорт – Истанбул
Дунёнинг энг қулай тайёрагоҳларидан бири бўлмиш Истанбул халқаро аэпортида ҳаммаси жуда осон. Шунчаки, терминал ичидаги “чиқиш” ишоралари орқали ҳаракатланамиз, автобус белгиси кўрсатилган йўналишлар бўйича юриб, аэропортнинг энг пастки қаватига тушамиз.
У ердан Истанбул ва Бурсанинг бир нечта нуқталарига экспресс автобус қатнайди. Улар ҳеч қандай бекатларсиз, тўғри шаҳар ичига кириб боради. Киоскаларда сотиладиган чипта нархлари 136 турк лираси ёки 61 минг сўмга тўғри келади.
Арзон чипта ва меҳмонхоналар-чи?
Гап арзон саёҳат ҳақида кетар экан, энг биринчи навбатда ҳамёнбоп самолёт чипталари ва меҳмонхоналарга эҳтиёж сезамиз. Шундай пайтда aviasales.uz платформаси ёрдамга шай. Ёки унинг иловаси орқали ўзингиз учун энг қулай давлат, кун ва нархларда чипталарни харид қилинг. Биратўла шу иловадан меҳмонхоналарни ҳам банд қилиб, эвазига 5 фоизли кешбэк пулларини ҳам ҳамёнингизга қайтариб олинг ва ўзингизга мос саёҳат режасини тузинг!
Москванинг 2-йирик аэропорти – Домодедово
Ушбу гавжум аэропортдан чиқишингиз билан 1185-рақамли қизил рангли экспресс автобуслар 250 Россия рубли эвазига (тўлов нақд пул ва Россияда санкцияга тушмаган бошқа пластик карталари орқали) сизни йўлда ҳеч қандай бекатларга тўхтамасдан, ярим соатда Москванинг “Домодедово” метро бекатигача элтиб қўяди. Бу тахминан 30 000 сўмга тенг.
Минск аэропортидан шаҳаргача
Беларус пойтахти Минск аэропортидан чиқишингиз билан терминал остонасидан “300-Э” рақамли автобус ёки “1400” рақамли маршрут микробуслари мос равишда 5 ва 6 Беларус рубли (18 000 сўм ва 22 000 сўм) билан пойтахт маркази – темирйўл вокзалигача 1 соатда сизни олиб бориб қўяди. Бу экспресс транспортларининг оралиқ қатнаш вақти эса 1 соат 20 дақиқани ташкил қилади. Тўловларни нақд шаклда ва тўлов карталари орқали амалга ошириш мумкин.
Бу рубллар Россия рублига қараганда анча қадрли экан. Аниқроқ айтганда, 1 беларус рубли 30 рус рублига тенг.
Ушбу автобуслар аэропортдан 24/7 режимда ҳар 1 соат-у 20 дақиқа давомийликда юриб, шаҳар марказига 1 соат деганда етиб боради. Биз автобусга улгурмадик. Ундан ташқари 1400 рақамли маршрут ҳам автобус йўлкира нархидан унчалик фарқ қилмайдиган қийматда манзилингизга элтиб қўяди. Йўл ҳақини нақд пулда ҳам тўлайверасиз. Нархи 5-6 беларус рубли. Яъни бизнинг ўзбек сўмида автобус учун 18 минг сўм, маршрут учун эса 22 минг сўм атрофида пул тўлайсиз.
Шундай қилиб, 5 та давлат аэропортидан шаҳарлар марказигача бўлган энг арзон транспортлар рейтинги қуйидагича:
- Гуржистон – 7 000 минг сўм;
- Беларус – 18 000 минг сўм;
- Озарбойжон – 23 000 минг сўм;
- Россия – 30 000 минг сўм;
- Туркия – 61 000 минг сўм.
Ўзбекистонда эса бу миқдор 1400 сўмни ташкил қилади. Яъни Тошкент халқаро аэропортидан чиқишингиз билан шаҳар ва шаҳар жамоат транспортлари бекатига чиқиб борасиз. Барчага ёқимли саёҳат!
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024