Ўзбекистон | 13:48 / 04.09.2023
14927
2 дақиқада ўқилади

Фото: Мактабларда биринчи қўнғироқ чалинди

Бугун, 4 сентябр куни Ўзбекистондаги 10 160 та мактабда 2023-2024-ўқув йилининг илк дарс соатлари бошланди. Жорий ўқув йилида 700 мингдан ошиқ болалар умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинди.

1-синф ўқувчиларига 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат президент совғалари топширилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабарига кўра, айни пайтда умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар сони 6,5 млндан ортиқни ташкил этади.

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 190-мактабда ўқув йилининг бошланишини кузатди. Бу мактаб 10 та биринчи синф (1-“А” – 1-“K”) ўқувчиларини қабул қилди.

Тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев иштирок этди.

Янги ўқув йили “Мустақиллик дарслари” билан бошланди.

Дарсларда ўқувчиларга мустақилликка эришиш тарихи ва истиқлол йиллари ҳақида сўзлаб берилди. “Мустақиллик дарслари”да жадидчилик ҳаракати намояндаларидан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори Абдурашидхонов ва қатағон қурбонларининг ҳаёт кечинмалари ҳақида тақдимотлар бўлиб ўтди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Тошкент шаҳридаги 64-мактабдаги биринчи қўнғироқ тадбирида иштирок этиб, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини табриклади. Қуйида – вазирлик матбуот хизмати тақдим этган суратлар.

Мавзуга оид