Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурта ва капитал бозорлари регуляторига айланди
Криптоактивлар соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи агентлик зиммасига суғурта ва капитал бозорларини тартибга солиш вазифаси юкланди. Бунгача ушбу функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигида эди.
Президент қарори билан, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига капитал бозорини тартибга солиш бўйича ваколатлар берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бу борадаги қуйидаги функция, вазифа ва ваколатлари ИЛМАга ўтади:
- қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини тартибга солиш;
- корпоратив бошқарувни ривожлантириш;
- суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш.
Агентлик бу соҳаларда тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Бундан ташқари, қарор билан “Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази” давлат унитар корхонаси ва Корпоратив ахборот ягона портали (openinfo.uz) агентликка беғараз ўтказилиши белгиланди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳақида
Агентликнинг устувор вазифаси криптоактивлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, криптоактивлар айланмаси соҳасида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлашдир.
2017 йилда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги сифатида ташкил этилган. 2022 йилда эса Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги номи билан қайта ташкил этилди.
2023 йил бошида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов журналистларнинг крипто-активлар инвестиция воситаси бўла оладими деган саволига жавобан, бунга консерватив ёндашиши ва унга муносабати салбий эканини айтганди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги унга раддия бериб, Марказий банкнинг крипто-активлар айланмаси соҳасида ваколатли орган эмаслиги, шунинг учун бундай баёнот беришга ҳақли эмаслигини билдирганди.
Мавзуга оид
14:31 / 13.11.2024
Хизматда жароҳат олган ҳарбийларга суғурта тўлови берилади
20:40 / 06.11.2024
AstraZeneca акциялари қиймати Хитойдаги терговлар фонида тушиб кетди
17:41 / 11.07.2024
Рақобат қўмитаси “Инсон” АЖ суғурта ташкилотига нисбатан иш қўзғатди
19:13 / 25.06.2024